Бош саҳифа / Жамият / Қизамиқдан эҳтиёт бўлинг!

Қизамиқдан эҳтиёт бўлинг!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, 2018 йилнинг январь ойида Украина давлатида 3 минг нафар аҳоли қизамиқ касалига чалинган. 5 нафар фуқаро вафот этган. Энг ачинарлиси, вафот этганлар-нинг икки нафари болалардир.

Украинада қизамиқнинг оммавий тарқалишининг сабабларидан бири сифатида 2016 йилда болаларни профилактик эмлаш  қамровининг 46 фоизга, қайта эмлаш эса 30 фоизга бажарилганлиги билан изоҳланмоқда.

Қизамиқ касаллиги бўйича нималарни билишимиз зарур. Қизамиқ — ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардаси, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши ва терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши орқали белги беради. Касаллик қўзғатувчиси вирус ҳисобланиб, бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда тупугининг майда томчилари ҳавога тушади, кейин нафас йўллари орқали соғлом бола организмига ўтади.

Касаллик 4 босқичда кечади. Яширин даври 6-18 кун. Касаллик белгилари деярли сезилмайди. Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади, қуруқ йўтал тутади, тумовга чалинади, кўз қизариб ёшланади, товуш бўғилиб қолади, ёруғликка қарай олмайди. Бу даврда лунж шиллиқ пардаси атрофида майда қизил-оқ доғлар пайдо бўлади. Улар тошма тошишдан 2-3 кун олдин пайдо бўлиб, 1-2 кун ўтиб йўқолади. Боланинг дармони қуриб, инжиқ бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолади, тез-тез ичи кетади. Катта ёшли болаларда бош оғриғи, қусиш, бурун қонаши, қорин оғриғи кузатилади. Тошма тошиш даврида бемор қайта иситмаламайди, томоғи қизаради. 4-6 кунга келиб ўзига хос қизил, йирик доғ тошмалар тошиб бир неча соатда бутун юзга ёйилади. Иккинчи куни тошмалар баданга, 3 куни қўл ва оёққа тар- қалади. Қизамиқда тери нам бўлиб, бироз қичишади. 3-4 кундан сўнг соғайиш даври бошланади. Юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигарранг доғларга айланади. Зотилжам (ўпка яллиғланиши), томоқнинг шиши, ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит), ичак касалликлари каби асоратлар қолади.

Қизамиқ 2 ёшгача бўлган, шунингдек, ёш, нимжон болалар учун айниқса, хавфли. Шу сабабдан, уларни қизамиқдан жуда эҳтиёт қилишимиз керак. Ўн икки ойликдан бошлаб қизамиқ, қизилчага қарши эмлаш муҳим аҳамиятга эга.

Қизамиқ — мавсумий касаллик бўлиб, асосан қиш ва баҳор ойларида учрайди. Бемор тузалгач, бир умрга организмида касалликка қарши иммунитет қолади. Шуни унутмангки, касалликнинг олдини олишда энг яхши восита — профилактик эмлаш ҳисобланади.

Х. ХЎЖАНАЗАРОВ,
вилоят ДСЭНМ
эпидемиологи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Оқолтинда янги ҳаёт нафаси

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Оқолтин туманининг тошқиндан зарар кўрган аҳоли пунктларида сурхондарёлик қурувчилар томонидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan