Бош саҳифа / Жамият / Қизқўрғоннинг жасур қизлари

Қизқўрғоннинг жасур қизлари

Ўшорни соғинган эканман, таътилга чиқдиму, шаҳарни тарк этиб, қишлоғимга жўнадим. Аввал поездда Деновгача, сўнг “маршрутка”да туш бўлар-бўлмас, Синадан ўтиб, Қизқўрғон остидаги Обдарага етиб бордим. Бир кичик довон нарида Ўшор. У Чақил деб номланган Теғиўшор тоғ этагидан токи Работали, Бешўғир деган жойларгача, ундан нари Ойқўтану Қайирмагача чўзилиб кетган катта қишлоқ. Энига эса — ғарб томонида —Сина, Вахшивор, шарқида — Пожир, Нилу ва бошқа қишлоқлар…

1

Хешу таборлар билан дийдорлашиб, ўша кеча опамникида тунадим. Эртаси жияним Нормурод домла: “Тоға, шаҳрингизга борганимда, Қизқўрғонни сўраб, Кавказнинг Машуқ, Эльбур деган жойларига чиқдиму, лекин шундайгина қишлоғимга чўққиси соя ташлаб турган Қизқўрғонга чиқмадим-да, деб афсуслангандингиз. Шунда кўнглимга тугиб қўйгандим, тоғам келсалар, шу баландликка бирга чиқамиз деб. Шунга нима дейсиз? Ҳафсала борми?” — деб қолди. “Йўқ” дермидим.

2

Синадан тоғ этакларига етиб келсангиз, шундайгина қаршингизда денгиз сатҳидан икки минг метрлар баланд тепалик кўриниб туради. Унинг уч тарафи жарлик, зов, қизил резли қоялар. Фақат кунгай томони тупроқли ёналик: турли туман ўтлар — шувоқ, гулхайри, ковул, кийикўт, мия яна аллақандай хушбўй ҳидли гиёҳлар ўсиб ётади.

Қадимда бу қўрғон жуда баланд бўлган дейишади. Қўрғонда шу музофотнинг энг ақлли ва энг гўзал қизлари истиқомат қилишган. Эртаклардагидек, уларнинг бири Маликаю қолганлари канизаклар. Малика Шоҳмарднинг яккаю ягона қизи бўлган экан. Малика ва унинг канизаклари от чопишда, ёй отишда, қиличбозликда кўп моҳир бўлиб, йигитларни ҳам доғда қолдиришган.

Ўзга ҳудудлардан кутилмаганда мўр-малахдай бос тириб келган номаълум босқинчилар Шоҳмарднинг еру мулкини тортиб олиб, сўнг Қизқўрғонга ҳужум қилибди. Лекин унга чиқиш учун ҳеч йўл тополмапти. Қоялардан тирмашиб қўрғонга чиқишга уринган душман аскарларини жасоратли мерган қизлар отиб, бирин-кетин зовга қулатаверибди.

Қизларга элчи юбормоқчи бўлишса ҳам, хат билан кабутар учириб, уларга тоғ-тоғ ваъдалар беришса ҳам улар кўнишмабди. Ҳужум қилган аскарлар қоялардан қулаб қирилаверибди.

Шунда босқинчилар саркардаси жар солибди: ким шу қизларни енгиш йўлини кўрсатса, талаб олинган бойликларнинг тенг ярмини ва Маликани унга совға қилинади .

Шу ерлик деҳқонлар, боғбонлар, чўпон-чўлиқлар маза қилиб душман устидан кулишибди: “Тоғликлардан сотқин чиқмайди. Босқинчилар Қизқўрғонни оламан деб, қирилиб кетади”, — ўйлабди улар.

Лекин чўл бўрисиз бўлмас, деганларидек, эл орасида ҳам биров-ярим юзи қоралар чиқиб қолар экан-да. Эл, юрт бахтидан ўз ҳузур-ҳаловатини пеш билган, пинқиллаб гапирадиган, онаси “ялмоғиз кампир” деб ном олган бир манқа кечаси, ҳеч кимга сездирмай, душман саркардаси олдига борибди-да, унга Қизқўрғон сирини ошкор қилибди:

— Олий ҳазратлари, агар ваъдангиз рост бўлса, мен қўрғонни олиш йўлини кўрсатаман, — дебди у. Манқа шу топда ўз юртдоши массагетлар бошига Гиштасп ўғли Доро аскарларини бошлаб келган укки кўзли қабила бошлиғига ўхшаб кетарди.

— Албатта, — жавоб берибди саркарда, — шу заминнинг шоҳлигини ҳам сенга топшираман ва сен доимо чорва, боғ ва деҳқончликдан тушган фойдадан менга бож тўлаб турасан. Саркарда ўта айёр эди. У шу йўл билан Қизқўрғонни таслим этишдан бошқа нарсани ўйламасди. Ваъда эса у ўйлаб қўйган тузоқ эди. Нодон манқа онасидан Қизқўрғон сирини билгач, душманнинг ана шу тузоғига илиниб қолди.

— Бир йилқини етти кеча-кундуз сув бермай боқасиз, депти — манқа. — Кейин уни Қизқўрғон этагидан Деволтоққа томон ҳайдайсиз. Чанқаган йилқи қаерни туёқлари билан ковласа, уша жойни қаздирасиз. Ер остидан булул-сопол қувур чиқади. Ана шу қувурдан Қизқўрғонга Деволтоғ булоқларидан сув чиқиб боради. Сув йўли тўсилса, Қизқўрғон таслим бўлади…

Саркарда бу сирни билиб олгач, мулозимларига нималарнидир имо-ишора билан билдирди. Ўша куни сотқиннинг бўйни кесилди: ўз элига хиёнат қилган киши, бошқа бировга садоқат кўрсата олармиди! Саркарда имо-ишораларининг маъноси шу эди.

Бир йилқи етти кеча-кундуз сув берилмай боқилди ва Қизқўрғон этагида тоққа томон қўйиб юборилди. Чан қаган от булулни “топиб берди”. Сув йўли ҳам тўсилди. Аммо жанговар қизлар таслим бўлмади. Гулҳовуздаги сув, захирадаги озиқ-овқат тугагунича, душманнинг қанчадан-қанча аскарларини қизил товали қоялардан учириб, ер тишлатдилар…

Охири барча захиралар тугади. Малика канизаклари билан сўзни бир жойга қўйиб, кечаси ўзларидан бошқа ҳеч ким билмайдиган ер ости йўли орқали Обдарадан чиқиб, тоққа жўнадилар: “Душман қўлида қул бўлгандан кўра, тоғларда тошга айланганимиз минг марта яхшироқ”, — деди Малика қизларга. Уларнинг номидан зардуштлар пайғамбари Ормузд нола қилди: “Шу покиза қизларнинг арзини эшит, Худойим!”

Ахурамазда уларнинг илтижосини қабул қилди. Қизқўрғоннинг жасур, гўзал қизлари Теғиўшордан Деволтоққа етиб бориб, қояларга суянганларича тошга айланиб қолдилар.

Тоғларда қор эриган ёз ойларида қуёш уфқдан кўтарилиб, борлиқни нурафшон этгач, Қизқўрғон устидан туриб шимол томонга узоқ-узоқ тикилиб қарасангиз, Деволтоғ пойида тошга айланган ўша жасур, озод қизлар сувратини кўрасиз…

3

Қизқўрғон этагида, ёнғоқзорда уловни қолдириб, жияним ва бошқа қишлоқдошлар билан қўрғоннинг ўт-ўланлар ўсиб ётган кунгай томонидан юқорилай бошладик. Баландга кўтарилган сари менинг ҳам нафасим очилиб, ёшлардан орқада қолмай юрдим. Йўл-йўлакай кийик ўтидан териб-териб бордим. Қон босимига даво, деб. Наъматаклар, ёввойи аччиқ бодом буталари, тиканаклар. Онда-сонда писта дарахтлари ҳам учраб қолади. Бир ярим соатлар чамаси юриб қўрғоннинг устига чиқиб бордик. Қўрғон майдони қўш ҳайдаб, ғалла экишган экан. Экилмаган — ёвуз ерларни мия, тикан, каррак, оққоврай, гулхайри, ажириқ эгаллаган. Ёнада шох-шаббалардан боғланган пастгина овчи пистирмаси. Қўрғон четига бориб зовга қарасангиз бошингиз айланиб кетади. Мен йўлдошларимга жар ёқасига яқин борманглар, деб тайинладим.

Қўрғондан туриб шимол томондаги баланд тоғларга, Деволтоққа, Хўжабаркўҳ чўққиларига боқдим. Ўша куни тоғларни сийрак ғубор босганди. Қўрғонни айланиб, ўт-ўланлар орасида кўзимга нима кўринса, олиб қарадим: ривоятдаги замоннинг белгисини ўзида сақлаган бирор нарса чиқармикин? — Нега қадимшунос бўлмадим?

— Тоға, нималарни қидириб юрибсиз?

— Ўша довюрак қизлар замонидан бирор белги топаманми, деб юрибман. Мана бу сополларни қаранг.

Жиянимга кўйлагим этагида буғдойпоя, ўт-ўланлар орасидан йиққан турли ранг даги сопол синиқларини кўрсатдим. Буларни мактабингиз музейига қўясиз, дедим. Балки қадимийдир, балки бу ерни ҳайдаб, ғалла экиб олаётган деҳқонлар кўзасининг синиқларидир, балки ўша ривоятдаги сопол қувурларнинг парчаларидир. Мен уларга қараб, кейинги фикр тўғрироқ деб ўйлайман. Шу пайт қишлоғимга чуқур билим эгаси, қадимшунос Тўхташ акани олиб келмаганимга пушаймон бўламан…

— Қизқўрғон ҳақида эл орасида ҳар хил фикр-мулоҳазалар мавжуд, — деди жияним худди менинг хаёлларимни англагандай. — Баъзи тарихчилар бу ерни Денов беги ёз фаслида дам оладиган жой бўлган, деб ёзадилар ҳам. Бир чўпон қўйларини боқиб юриб, шу ердан икки-уч дона тилла тангалар топиб олгани ва уни аллакимларга нималаргадир алиштиргани ҳақида ҳам сўзлаб юришади. Ўқувчилигимда тарих муаллимимиз Қизқўрғонда ўша қизлар яшаган сарой қолдиқларини ва ҳовуз изини ўз кўзи билан кўрганлар ҳам бўлган, деб айтганди.

Биз топган ашёларимизни суратга олдик.

Қўрғон атрофига, жар лабига етмай, гилос, олма, бодом ва бошқа мевали дарахтлар экишибди. Сув бўлмаса-да, бу дарахтлар томир отиб, шох ташлаб, кўм-кўк бўлиб ўсиб турибди. Балки қадимда ҳам тоғлардан сопол қувур орқали келган сув файзи билан бу ер боғ бўлгандир?…

Қизқўрғон билан хайрлашарканман, хотирам Ватан манзаралари, қишлоғим ҳақида янги маълумотлар билан бойигандай, узоқ йиллар етмаган орзусига эришган кишидай ўзимни ҳис қилдим. Улуғ аждодларимизнинг “сафар дар Ватан” деган ҳикмати маъносини чуқурроқ англагандай бўлдим…

PS: Ушбу битиклар муаллифи “Сурхондарё ривоятлари” китоби лойиҳаси устида ишламоқда. Сиз ҳам шу китоб муаллифлари қаторидан жой олиш имконига эгасиз: бунинг учун ўзингиз бобо-момоларингиздан эшитган, билган Сурхондарё билан боғлиқ ривоятларни қуйидаги электрон манзилга йўлласангиз бас. Фақат юбораётган маълумотларингиз манбалардан кўчирилмаслиги лозим: ilyosov@list.ru

Бозор Илёс ал-АМИН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE