Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Июль ойидаги долзарб ишлар

Июль ойидаги долзарб ишлар

Саратоннинг икки ойи — июнь ва июль пахтачилик тақдирини ҳал қилади. Июнь ойида ғўзада дастлабки ҳосил тўпланган бўлса, июль ойида ўсимлик ҳосилига ҳосил қўшилади. Демак, июль ойи пахтачилик тақдирини ҳал қиладиган ой.

Кўп йиллик олиб борилган кузатишлар ва таҳлиллар шуни кўрсатдики, июль ойидаги жазирама иссиқ ҳароратининг ғўзага таъсири, шу-нингдек, жанубий туманларда эсиб турадиган шамол ва ҳаво ҳароратининг айниқса, кундузи кўтарилиб туриши, бунинг эвазига нисбий намликнинг кескин ўзгариши ҳисобига ғўза кундузи соат 10-11дан кеч соат 18.00 ҳатто 19.00 гача деярли ривожланишдан тўхтайди. Шу боис, ўсимликда фотосинтез жараёни, яъни органик модда тўплаш кескин камаяди ва тўхтаб туради. ўўза фақат тунда ўсиш ва ривожланишни давом эттиради.

Калийли, фосфорли ўғит берилмаган ёки жуда кам берилган, гўнг солинмаган, шарбат суви оқизилмаган ғўза пайкалларида тўпланган ҳосил элементлари — шона, гул, шунингдек, 5-10 кунлик тугунчаларнинг 30 фоиздан 50 фоизгача тўкилиб кетиши кузатилган.

Июль ойида кундузи барча эгатлардан ёппасига суғориш, далаларда иссиқлик буғ сиғимини меъёрдан кескин оширади, яъни 15-17 ккал иссиқлик буғ сиғимига етади. Ўрта толали ғўза навлари эса кўпи билан 10-12 ккал иссиқлик буғ сиғимига чидайди, холос. Иссиқ буғ урмаслиги ва ҳосилни сақлаб қолиш учун ғўзани кўпроқ тунда суғориш, эгат оралатиб суғориш, шарбат билан суғориш лозим. Бунда ўқ ариқлар узунлигини 60-70 метрдан, суғориш давомийлигини 24-30 соатдан оширмаслик, ғўза қатор орасига гектарига 150-200 килограмм кул солиш, культивацияни тўхтатмаслик талаб этилади. Шундай қилинганда сувнинг буғланиши 1,5-2,0 бараварга камаяди. Бундай далаларга барча ҳашаротларнинг тухум қўйиши ва бошқа даладан учиб келиши, яъни миграцияси камаяди.

Суғорилган далаларда нам ни узоқ сақлаб қолиш мақсадида ер етилиши билан ёпиқ культивацияни амалга ошириш лозим. Бунинг учун культиватор ишчи органлари 28-30 донадан кам бўлмаган ва асосий ишчи органлар — кко, наральник бўлиб, 60 сантиметрлик схемада охирги қатор ораси ўртасига лапка ўрнига наральник, 90 сантиметрлик схемада эса чуқурлатгич (углубитель) қўйиш, катта лапка (панжалар),окучниклар олиб қўйилиши керак. Қатор орасига эгат очиб кетиш мумкин эмас. Яъни қатор ораси текис ва юмшатилган бўлиши шарт. Ишчи органларининг ўрнатилиши ғўзанинг ҳолати, бўйи, илдиз, ён илдизларни культиватор ишчи органлари кесмайдиган, зарарламайдиган ҳолатда энига қисқартирилиб ўрнатилади. Бу усулни бошқа вилоятларда “барашки” дейилади. Яъни қатор ораси эгатлари кўмилиб, бороналаниб кетилади ва бу йўл билан нам далада узоқ сақлаб турилади.

Кучли иссиқ даврда культиваторга қатор орасидаги охирги ишчи орган — катта лапка окучник қўйиб ишлаш ҳисобига эгатлар очиб кетиш салбий ҳолатларни келтириб чиқаради. Бунда тупроқ юза қисми камида 25-30 фоиз кўпайиб, қуёш нури шунча кўп тушади ва тупроқ температураси анча кўтарилади.

Бунда ғўзага вегатив массасидан ҳам, ғўза устидан, тупроқ юзасидан ҳам кўпроқ иссиқлик сингади. Натижада ғўзада фотосинтез жадаллиги яна ҳам пасаяди, озуқа тўплаш камаяди.

Ўргимчак кана шоналарнинг гул ён баргларини зарарлайди. Унга қарши курашилмаса, шона тезда тўкилиб, ҳосилга путур етади. Бунинг учун кечки салқин ва тонгда изма-из 1,5-2 соат оралатиб 2 та техника билан катта нормада совуқ сув сепиш талаб қилинади ва унинг таъсирини назоратчилар, энтомологлар кузатиши ва ишловнинг самарасини кўриб, кейинги бос- қичда қилинадиган тадбирни белгилаши лозим.

Ўсимлик битлари, ўргимчак кана, кўсак қурти ва қандалага қарши гипохлорид кальцийнинг 42-55-65 фоизли бирикмасидан бир гектарга мос равишда 900-750 грамм моддани 600 литр сувга аралаштириб, ОВХ мосламалари билан сепиш энг яхши самара беради. Шунингдек, тупроқ юзаси, яъни ҳайдов қатламида намнинг тез камайиши ҳисобига ғўза тез сувсаб, чан- қаб қолади. ўўзанинг гули тез юқорига чиқади. Мавжуд кўсакларига нам ва озуқа кам боради. Бунинг эвазига ўсимлик мавжуд ҳосилни ташлайди. Кўсаклар кичкина бўлиб қолади. Бу даврда ғўзага дублет сув бериш мутлақо мумкин эмас. Культивация қилишда эса кесак кўчмаслиги лозим.

ўўзага қўшимча қувват бериш мақсадида гектарига 500 граммдан ВТ-77 препаратини салқин вақтда бериш ғўзанинг иссиққа чидамлилигини оширади. Айниқса, июль ойида ғўзани камида 1,5-2 марта барг орқали озиқлантириш (суспензия) энг самарали усул бўлиб, бу биринчидан, ғўзани иссиқдан сақлаб қолади, яъни ғўзанинг бардошлилигини оширибгина қолмай, шона ва гулни 15-20 фоиз тўкилиши олдини олади. Суспензия таркибида мочевина, фосфор кислотаси, ишқорли эритма борлиги боис, кўсак қурти, кана ва қандала тухумини куйдириши ҳисобига уларнинг кўпайишига тўсқинлик қилади, ҳосилни зараркунандадан сақлаб қолишга ёрдам беради. Шунинг учун барча туманларда ОВХ агрегатига 600 литр сувга 20 килограмм карбамид, 15 килограмм калий, 15 килограмм фосфорли ўғитни иссиқ сувда эритиб, сувга яхшилаб аралаштириб, тонгги ва кечки салқин вақтда сепиш тавсия этилади.

Шунингдек сепилаётган “энто-жиан” регуляторининг 45 фоизини ғўзаси чанқаб, ўсмай қолган ерлардан ташқари, яъни ғўзаси дуркун ўсган далаларга сувдан 5-7 кун олдин сепиш лозим. Қолган қисми ғўзанинг бўйи 95-110 сантиметр бўлган, суғорилган ва оби тобига келган жойларга 10-15 июлдан бошлаб сепиш яхши самара беради. Бу модда таркибида хлорли бирикма мавжудлиги туфайли зарарли ҳашаротларнинг тухумини куйдиради, айниқса кўсак қуртини кичик личинкаси ва тухумига қирон келтириши билан катта самара беради.

Бу йил барча далаларда деярли ғўза кўчат сони тўлиқ. Айрим далаларда эса кўчат қалин. Бундай далаларни қайта-қайта чеканка қилиш, биринчи чеканкадан сўнг 10-12 кун ўтгач, яна қайта чилпиш ғўза ҳосилини сақлаб қолиш ва ошириш, пахта хомашёси сифатини яхшилашга катта ёрдам беришини унутмаслигимиз керак.

Б. ЖЎРАЕВ, М. ТОЖИЕВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзодлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Катта карвон хирмони

Вилоятда энг кўп ғалла етиштирадиган туманлардан бири ҳисобланадиган Музработ тумани ғаллакорлари давлатга дон сотиш режасини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan