Иттифоқ ёшларнинг таянчига айлана олдими?

0
61

Ёшлар — янги илм соҳиблари, ғоя муаллифлари, куч-ғайратга тўла шижоат ва келажак эгаларидир. Бугун юртимизда ёш авлодга ана шундай ишонч билан қаралмоқда. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари ҳимоя остига олиниб, режалари, ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда.

2017 йилнинг 30 июнь санасида юртбошимизнинг ёшларга берган юксак ишончи ва эътибори асносида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ана шу ишонч, эътибор ва меҳрнинг  ёрқин ифодасидир. Ташкилот ташкил этилганига ҳам  бир йил тўлди. Хўш, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши воҳа ёшлари ҳаётига қай даражада кириб борди? Қандай ишларни амалга оширишга улгурди? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида ташкилотнинг вилоят Кенгаши раиси Оҳунжон Умаровни суҳбатга тортдик.

—     “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак. У билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар захирасини яратиши керак”. Ёшлар иттифоқининг биринчи қурултойида давлатимиз раҳбари ташкилотга ана шундай ишонч билдирган эди. Хўш, Иттифоқнинг вилоят Кенгаши “социал лифт” вазифасини қай даражада уддалай олаяпти?

— 2017 йил 30 июнда давлатимиз раҳбари ушбу сўзларни таъкидлар экан, бу Иттифоқ тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходимга  ҳам юксак ишонч, ҳам улкан масъулиятни юклади. Шундан келиб чиқиб, Ёшлар иттифоқи ўз фаолияти давомида  мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этаётган, халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган билимли, ташаббускор, ишбилармон, ҳалол ва фидойи ёш раҳбар кадр- ларни тарбиялаш, уларнинг захирасини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул лавозимларига тавсия этиш борасида қатор ишларни амалга оширди.

Биргина Сурхондарё вилоятида ўтган давр мобайнида Иттифоқнинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларида фаолият юритаётган   ходимларнинг 22 нафарининг лавозимларида ўсиш кузатилди. Шундан 8 нафари айни пайт да давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул лавозимларида ишлаб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Бойсун ҳамда Қизириқ туман Кенгаши раислари эса туман ҳокимининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш инс титутининг қайта тайёрлов курсларида 19 нафар тингловчилар таҳсил олишди. Бугунги кунда эса халқ манфаати учун садоқат билан хизмат қиладиган 32 нафар билимли, ташаббускор, ишбилармон, фидойи ёшлар  давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг захира кадрлар базасига киритилган.

—     Ёшлар орасида уюшмаган ёш деган атама пайдо бўлганига кўп бўлгани йўқ. Бу атама, албатта, айни вақтда ҳеч бир юмуш билан банд бўлмаган ёшларга нисбатан қўлланилади. Уларнинг бандлигини таъминлаш, бирор бир мақсад йўлида интилиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун эса кўмак берилиши лозим. Бу борада Иттифоқнинг вилоят Кенгаши қандай натижаларга эриша олди?

—     Уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бугунги кунга қадар 1500 дан ортиқ турли спорт мусобақалари, учрашувлар, саёҳатлар, фестиваллар, ёшлар сайиллари, кўргазмалар, китобхонлик кечалари ҳамда турли маданий ва маърифий тадбирлар ўтказилиб, уларда 485 минг нафарга яқин  ёшларнинг иштироки таъминланди. Бу жараёнда эса вилоят бўйича 50 нафарга яқин истеъдод эгалари кашф этилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш борасида эса ўтган қисқа давр мобайнида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 1748 та бўш иш ўринлари яратилди, 96 маротаба меҳнат ярмаркаси, 31 маротаба очиқ мулоқотлар ўтказилиб, 6507 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Ҳозирги кунда вилоят бўйича 3164 нафар ёш тадбиркор, 216 нафар ёш фермер, 377 нафар ёш ҳунармандга яқиндан кўмак берилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, воҳада ёш тадбиркорлар сафини кенгайтириш мақсадида 335 нафар ёшга 18 миллиард 866 миллион 776 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашдик. Натижада, 756 нафар ёш ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

—     Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга кўмак беришдек савобли амаллар кўплаб бажарилаётганини кўриб, беихтиёр қувонамиз. Сабаби бундай инсонларга озгина эътибор ва ғамхўрликнинг ўзиёқ уларга куч-қувват бағишлайди, уларнинг ҳаётга интилишини оширади. Ижтимоий тармоқларда ташкилотнинг ана шундай ишларда ҳам бош-қош бўлганини кўп кузатдик…

—     Ўзбекистон ёшлар иттифоқи нафақат жисмонан бақувват ва маънан етук ёшларга, балки вилоятимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшларга ҳам эътибор қаратмоқда. Жумладан, вилоят Кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 108 та ногиронлик аравачалари, 10 та қўлтиқ таёқлар, 9 та эшитиш мосламаси, 150  нафардан ортиқ уйда таълим олувчи ёшларга ўқув қуроллари ҳамда ёзув доскалари, 200 нафарга яқин кам таъминланган оила фарзандларига кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, вилоятдаги истеъдодли 19 нафар ёш ижодкорнинг шеърий тўпламлари ҳамда вилоят Кенгаши томонидан 72 нафар ёшнинг ижод намуналари “Ёшлар гулдастаси” номли шеърий тўпламда чоп этилди. Айниқса, олий таълим муассасаларига кириш учун 9 та фан тўгараги ташкил этилиши 266 нафар ёшнинг ушбу тўгаракларда таҳсил олишига кўмаклашилгани кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан 3 нафар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кам таъминланган оила фарзандларининг шартнома пуллари тўлаб берилди.

Қолаверса, ёш оилалар ўртасидаги ажримларнинг олдини олиш, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш бўйича 307 маротаба тарғибот тадбирлари олиб борилиб, 11 та никоҳ тўйи, 50 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказиб берилди. 64 нафар ижтимоий ҳаётда фаол ёшларга уй-жойлар ажратилди. Улар бугун ўз уйида оиласи билан фаровон ҳаёт кечиряпти.

— Иттифоқда фаол меҳнат қилаётган ёшлар ўтган вақт мобайнида қандай ютуқларни қўлга киритди?

— Иттифоқ тизимидан Учқун Пўлатов — “Шуҳрат” медали, Шаҳноза Эшмирзаева — “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, ёшлар етакчиси Фархунда Турдиева имтиёз асосида олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун тавсиянома эгаси бўлди. Шунингдек, Иттифоқнинг вилоят Кенгаши ходими Матлуба Саҳиева Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Бундан ташқари, ташкилот аъзолигига қабул қилинган кўплаб ёшларимиз таълим, спорт, тадбиркорлик ва бошқа йўналишларда ҳам кўплаб кўрик-танловлар ғолибига айланиб, ютуқларга эришяпти.

— Галдаги режалар, янги лойиҳалар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Айни кунларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан “Ҳар бир ёшга бир уюшмаган ёш” лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳада асосан 2013—2017 йилларда Меҳрибонлик уйида тарбияланган 58 нафар тарбияланувчи ҳамда вилоятдаги ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш, уларга яқиндан кўмак беришни кўзлаган. Таъкидлаш жоизки, лойиҳанинг амалга ошиши натижасида 1400 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиши кутилмоқда. Қолаверса, куни кеча 27 июнда қабул қилинган Президентимизнинг “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони доирасида ҳам тизимли ишларни амалга оширишни, яқин кунларда ташкил этиладиган “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан кўплаб ёшларнинг мавжуд имтиёзлардан фойдаланишига ёрдам беришни режа қиляпмиз. Албатта, кейинги фаолиятимизда фақат булар билан чегараланиб қолмай, янги ташаббус ва ғоялар орқали воҳа ёшларининг ҳаётига яқинроқ кириб боришга, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун таянч бўлишга ҳаракат қиламиз.

 — Байрам табригингиз…

 — Қадрли ёшлар, барчангизни бугунги  байрам — Ёшлар куни билан самимий табриклайман!   Сизларни шижоат, ташаббускорлик, куч ва ғайрат ҳеч қачон тарк этмасин!

Феруза УМИДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди.

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг