Бош саҳифа / Таълим / Истиқлол берган саодат

Истиқлол берган саодат

Улуғ айём шукуҳи уфуриб турган ушбу кунларда тўйларга тўёна билан боришни одат қилган деновликлар мустақиллигимизнинг 28 йиллигини ёруғ юз билан нишонлаш учун пухта тараддуд кўришди.

Барча юртдошларимиз қатори устоз ва муаллиму-мураббийлардан тортиб, мактаб остонасига эндигина қадам қўяётган ўғил-қизларимизнинг қалбларига олам-олам завқ бағишлайдиган энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан ҳамоҳанг тарзда нишонланадиган Билимлар кунини кўтаринки кайфиятда кутиб олишни олдиларига мақсад қилиб қўйган Денов тумани халқ таълими ходимлари, ўқитувчилар, мураббийлар болажонларнинг севимли маскани бўлган мактабларни янги ўқув йилига тахт қилиб қўйишди.

Бир донишманд айтган экан: “Агар бир йил яхши яшайман десанг, буғдой эк, ўн йил яхши яшашни истасанг, дарахт ўстир. Агар юз йил фаровон ҳаёт кечиришни истасанг, ёшларга эътибор қарат”. Дарҳақиқат, бу сўзлар замирида баркамол авлод таълим-тарбияси, унинг келажаги нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлиги мужассамдир.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари, айниқса, таълим тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлар оламшумул воқеага айланди. Ана шу улуғвор ислоҳотлар доирасида мамлакатимизда юзлаб янги замонавий мактаблар, кўркам спорт иншоотлари бўй кўрсатди. Жумладан, туманимизда дастур доирасида 3 та янги мактаб қурилди,48 та мактаб реконструкция, 48 та мактаб капитал ва 53 та мактаб жорий таъмирланди.12 та янги спорт зали қурилиб, жиҳозланди. Ўқув, лаборатория хоналари тўлиқ янги жиҳозлар билан таъминланди. Ҳатто, туман марказидан анча олисдаги тоғли қишлоқ ёшлари ҳам бугун компьютерда дунёвий илмларни ўрганишмоқда. Қувонарлиси, капитал реконструкция туфайли янги қиёфага эга бўлган 75-ва 78-мактаблар, шунингдек, инвестиция дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган 9-, 37-, 54-мактаблардаги спорт заллари Билимлар кунида Мустақилликнинг туҳфаси сифатида болажонлар ихтиёрига топширилади. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида 4-,50-,55-мактабларда амалга оширилаётган капитал таъмирлаш ниҳоясига етай деб қолди. Бир сўз билан айтадиган бўлсам,, албатта, бу истиқлолнинг ёшларга берган буюк неъматидир.

Таълим-тарбия ишига катта эътибор ўз самарасини бераяпти. Масалан,жорий йилнинг 23-27 март кунлари бўлиб ўтган фанлар олимпиадаси вилоят босқичида иштирок этган 9-11 синф ўқувчиларидан 25 нафари юқори натижаларга эришиб, 14та туман ўртасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашди. 6 нафар 11-синф ўқувчиси фан олимпиадасининг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Туманимиздаги 3-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Зубайдулло Абдураҳмонов иқтисодий билимлар асослари фанидан ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашиб, 1-ўринни қўлга киритиб, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиб қайтди.

“Меҳнат қилган элда азиз” деганларидек, фидойи ўқитувчиларимиз меҳнатининг давлатимиз томонидан қадрланиши, эъзозланиши, уларга кўтаринки кайфият бағишлаш билан бирга, давр билан ҳамоҳанг тарзда қадам ташлашга, касбига янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Мустақиллик йилларида таълим тизимида самарали ва фидокорона меҳнат қилган педагогларимиздан 29 на-фари Президентимиз фармонига асосан давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлди. 225 нафар ўқитувчи “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ўтган ўқув йилини яхши натижалар билан якунлаган педагогларимиз янги ўқув йилини кўтаринки руҳда бошлаш учун сидқидилдан меҳнат қилишди. Мавжуд таълим масканларининг барчаси ўқув йилига тахт этиб қўйилди. Ҳозирда туманимиз халқ таълими ходимлари энг улуғ, энг азиз байрамимиз Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги шодиёналарини муносиб кутиб олиш учун “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! ” шиори остида катта тайёргарлик кўришаяпти. Устоз ва мураббийлар қишлоқ ва маҳалла аҳли, айниқса, ёшлар ўртасида ўтган 28 йил мобайнида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари, эришилган ютуқ ва марраларнинг мазмун – моҳияти, уларнинг қадр –қиммати борасида тарғибот –ташвиқот ишларини олиб боришаяпти. Ишончим комилки, деновлик педагоглар улуғ айёмни, унга ҳамоҳанг тарзда нишонланадиган Билимлар куни байрамини ёруғ юз билан кутиб олишади.

Эркин АҲРОРОВ,
Денов тумани халқ таълими
бўлими мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan