Бош саҳифа / Жамият / Истиқлол — улуғ неъмат

Истиқлол — улуғ неъмат

Тобора яқинлашиб келаётган жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 26-йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олиш тараддудида турибмиз. Аллоҳ таоло бу саодатли ва қутлуғ айёмни барча юртдошларимизга муборак айласин.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳоли фаровонлигининг, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди. Мустақиллик халқимизга мус- табид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Натижада ҳалқимиз ўзлигини таниб, турмушнинг барча жабҳаларида миллийлик нашидаларини сурмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: яъни: “Айтинг, ҳақиқат келди ва ботил йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир”.

Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Воҳамизда мустабид тузум даврида атиги иккита масжид фаолият юритган бўлса, бугунги кунда воҳамизда юзта расмий масжидлар мўмин-мусулмонлар эркин ибодатларини амалга ошириб, юртимиз тараққиёти, тинчлиги учун дуои хайрлар қилиб келишмоқда. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид обод бўлди ва намунали фаолият кўрсатмоқда. 2017 йилда Шерободдаги дунёга донғи кетган Муҳаммад Исо ат Термизий мажмуаси тўлиқ қайта обод бўлиб, замон талабларига жавоб берадиган масжиднинг очилишлиги халқимизга байрам туҳфаси бўлди.

стиқлол туфайли она диёримиз мусулмонлари ҳаётида ҳам катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо килиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Ҳар йили давлатимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак ҳаж ва Умра зиёратига бориб келмоқдалар. Бу йил яна икки минг кишининг қўшимча ҳаж-умра зиёратига боришлари мусулмонларга янада катта хурсандчилик бўлди. Буларнинг ҳаммаси албатта истиқлолимизнинг ҳалқимизга берган неъматидир.

Бу неъматларга шукр қилинса ризқнинг зиёда бўлишлиги тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

Яъни: “…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”, — деб таъкидлаган.

Инсон ўзидаги неъмат ҳақида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд, ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан унинг қадрини билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларининг бирида: яъни: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, — деганлар (Имом Термизий ривояти).

Яъни: “Кимики инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмаган экан, демак Аллоҳга шукр қилмабди ”, — деганлар.

Демак, биз динимиз ривожи учун кўрсатилаётган ғамхўрликни Аллоҳнинг марҳамати, деб қабул қилишимиз ва албатта унинг шукронасини адо этишимиз лозим бўлади.

Қачонки ҳар биримиз ўзимиз масъул бўлган жойда: оила, маҳалла, корхона ёки ташкилотда огоҳ ва ҳушёр бўлиб, қўл остидагиларимиз ҳақида қайғуриб, фидойилик билан меҳнат қилсак, фарзандларимизни бундай фитналардан асрай билсак, ёвуз кучлар остона ҳатлаб бизга таҳдид қилолмайди. Бу ҳақда жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганларки: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз, ҳар бирингиз қўл остидагиларига жавобгар — масъулдир». Шундай экан, аввало ўзимиз огоҳ бўлайлик, намуна кўрсатайлик, ўзгаларни ҳам шунга тарғиб этайлик! Зеро, бугунги фаровон кунларни қадрлай билиш, унинг зиёдалиги ва бардавомлигига ҳисса қўшиш бизнинг бурчимиз. Тинчлик бўлган жойда одамлар эртанги кун учун улкан режалар тузиб, фарзандларининг бахтли келажагини ўзига тасаввур қила олади. Аллоҳ таоло барчамизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизга насиб айласин!

А. ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Шўрчи тумани бош имом-хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Эл-юрт умиди” жамғармаси танлови

Вилоят ҳокимлигининг кичик мажлислар залида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан давра суҳбати ташкил этилди. Унда жамғарманинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan