Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Истиқболли ислоҳотлар

Истиқболли ислоҳотлар

Туризм — иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган ва сердаромад соҳаларидан бири. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, мазкур соҳа хизматларини кўрсатишдан тушадиган даромад 1,5 триллион АҚШ долларини ташкил этади.

Дунё ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизидан кўпроғи, жаҳон экспортининг 7 фоиздан зиёдроғи, умумий бандлик кўрсаткичининг эса 8 фоизга яқини айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.

Сайёҳлик нафақат иқтисодий даромад келтиради, балки юртни, халқни, унинг маданиятини бутун дунёга танита оладиган муҳим восита ҳамдир. Хабарингиз бор, республикамизда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тузилди. Унинг фаолияти, энг аввало, назорат ва маъмуриятчилик вазифаларини амалга ошириш эмас, балки туризмда тадбиркорлик фаолиятини кучайтиришга қаратилди. Қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, сайёҳликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган ғов ва тўсиқларни бартараф этиш, хизматлар бозорида рақобатни ривожлантириш, лицензиялаш, сертификатлаш ҳамда бошқа рухсатномалар бериш унинг зиммасига юкланди.

Шунингдек, туризм соҳасидаги субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди. Туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, соҳага доир корхоналарга қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш бўйича ҳам долзарб тадбирлар амалга оширилмоқда. Унга кўра, яқин истиқболда хорижий инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда, республикамизнинг барча ҳудудида туризм инфратузилмасининг замонавий объектлари, энг аввало, меҳмонхоналар, транспорт-логистика тузилмалари, муҳандислик-коммуникация объектлари бунёд этилиши бошланди.

Айниқса, Исроил, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, юртимизга мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши муҳим янгиликлардан бўлди. Шунингдек, Европа Иттифоқи, Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларининг ҳамда Ҳиндистон, Канада, Янги Зеландия, АҚШ каби 39 мамлакат фуқаролари учун мамлакат ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёки Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилинаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилинди. Ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришни кўзда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг 2018 йил 10 февралдан эътиборан соддалаштирилган тартиби киритилди.

Жорий йилда Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилиши эса замонавий инновацион, илмий-педагогик технологияларни, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаган ҳолда, туризм соҳасида юқори малакали профессионал кадрларни миллий ва халқаро таълим стандартларига мувофиқ сифатли тайёрлашга хизмат қилади.

Албатта, туризм соҳасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар, янги тартиб-таомил ва ислоҳотлар мамлакатимизни тез орада йирик ҳамда жозибадор сайёҳлик марказларидан бирига айлантиради.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жараёнда аёллар фаоллиги

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан Термиз давлат университетида “Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE