Бош саҳифа / Жамият / Истеъмолчи қандай ҳуқуқларга эга?

Истеъмолчи қандай ҳуқуқларга эга?

Яқин танишимнинг туғилган кунига дўстлари кир ювиш машинаси совға қилишди. Бундан боши осмонга етган танишим меҳмонларнинг келди-кетдисидан чарчаб, қутини очиб ҳам кўрмабди. Орадан чамаси бир ҳафта вақт ўтгач, қутини очиб не кўз билан кўрсинки, совға олдин ишлатилганми бироз нам, бир чети озроқ дарз кетган экан…

Тезда ўша дўконнинг манзилини олиб, кир ювиш машинасини олиб бориб, у ердагиларга вазиятни тушунтирганда дўкондагилар ҳам орадан бир ҳафта муддат ўтганини рўкач қилишиб, сов- ғани бошқасига алмаштириб беришдан бош тортишибди.

Хўш, аслидачи, дўкондор ҳақмиди ё ноҳақ? Бу саволга жавоб топиш учун эса энг аввало, истеъмолчи сифатида қандай ҳуқуқларга эга эканлигимизни билиб олишимиз лозим. Ушбу масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида ҳуқуқшунос Бахтиёр Набиевга бир қанча саволлар билан юзландик.

— Айтингчи, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари қайси қонунчилик ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

— Энг аввало, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат белгилари ва товарни келиб чиқиш жойи номи тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматлар сертификатсияси тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган, товарлар сотиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бир қатор қоидалар асосида тартибга солинади ва ҳимоя қилинади. Ўз навбатида, ушбу қонунлар ҳамда қоидалар истеъмолчининг ишлаб чиқарувчи, сотувчи, хизмат кўрсатувчи билан ўзаро муносабатларини ўз ичига қамраб олган.

— Истеъмолчи сифатида биз қандай ҳуқуқларга эгамиз?

— Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;

-товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;

-товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;

-ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши.

-бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш каби ҳуқуқларга эгамиз.

— Истеъмолчи сифатида ҳуқуқимизнинг поймол этилишига бизнинг сотиб олинаётган товарнинг сифатини текширишда қандай қоидаларга амал қилишни билмаслигимиз ҳам сабаб бўлади. Шундай эмасми?

— Бу борада фикрингизга қўшиламан. Кўп ҳолатларда фуқароларимиз сифатсиз маҳсулот сотиб олиб, уни қайтариб беришда муаммога дуч келадилар. Бу эса маҳсулотни харид қилаётганда эътиборсизликдан келиб чиқади. Афсуски, бундай ҳолатларда сотувчи ва харидор ўртасида тушунмовчилик, келишмовчилик юзага келади. Шу боис, биз товар харид қилаётганда эътиборли ва талабчан бўлишимиз шарт. Хусусан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида истеъмолчи сотиб олинган товарнинг бутунлиги, вазни, сифати ва нархини текшириш ҳуқуқига эгалиги, сотувчи эса назорат ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экс- пертизага юбориши шарт эканлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, ўзини ҳурмат қилган харидор ишончли ва кафолатланган савдо бўлиши учун маҳсулотнинг чекини ҳам талаб қилиши даркор. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади. Бу қонуннинг 10-моддасида белгилаб қўйилган. Ушбу қоидадан келиб чиқиб, барча харидорлар ўз ҳуқуқини талаб қила билиши лозим.

— Сотувчи томонидан нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи қандай йўл тутмоғи лозим? У қандай ҳуқуқлардан фойдаланади?

— Мавзумизнинг энг долзарб қисми ҳам айнан шундаки, ушбу қонуннинг қуйидаги моддасини барча фуқаролар ёддан билишлари шарт. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, нуқсонли товар сотиб олинганда истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин:

– товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб беришни;

– товарни бошқа маркали (моделли артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишлича қайта ҳисоб-китоб қилишни;

-харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни талаб қилишга ҳақлидир.

Агар истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда, улар судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Даъволар, агар қонунларда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жавобгар, истеъмолчи жойлашган ердаги ёки зарар етказилган жойдаги судга тақдим этилади.

Қонуннинг 29-моддасига биноан истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек, товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ва уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE