Бош саҳифа / Спорт / Истеъдод жилоси

Истеъдод жилоси

Доно халқимиз ёш ниҳолнинг тақдири, унинг боғ бўлиб етишиши, заҳматкаш ва тажрибали боғбоннинг парваришига боғлиқ, — дейди. Бу тарих синовларидан ўтган ҳақиқат. Яна бир гап борки, боғбон бебурд ва ўта кўнгилчан бўлса, боғни хароб қилади.

Дарҳақиқат, ўзи катта ҳаёт мактабини ўтаган, билим, тажриба, юқори савияга эга бўлган ота-она фарзандини ўзи истагандай қилиб тарбиялай олади. Буни Дилдора Алиқулованинг ота-онаси мисолида ҳам айтиш мумкин.

Дилдора Денов туманидаги “Қизилжар” маҳалласида туғилган бўлсада, Термиз шаҳрида гўдаклиги, болалиги ўтди. Отаси Шуҳрат Қўчқоров миллий гвардия подполковниги, онаси Дилором Қаюмова эса Термиз шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси. Улар 3 қиз, 2 ўғилни шунчаки мактабга бериб, боқиш эмас, балки уларнинг қизиқиши, лаёқатига қараб парваришлашга, у ёки бу тўгаракларга қизиқтиришга ҳаракат қилади.

— Дилдора Термиз шаҳридаги 9-мактабнинг 1-синфи га қабул қилингандан бошлаб, ўзининг хулқи, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши, фаоллиги ва қобилияти билан ажралиб туради,— дейди синф раҳбари, кимё фани ўқитувчиси Нигора Пардаева. — Дилдора самимий, камтар ва ўта тиришқоқ, масъулиятли ўқувчи.

 У аълочи ўқувчи бўлиш билан бирга бадиий китоб ўқишни, санъатни, спортни жон-дилидан севади. 2011 йил рақс бўйича “Янги авлод” болалар фестивалининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритганда, ота-онасидан ҳам мактаб жамоаси кўпроқ қувонганди. Спортнинг бадиий гимнастика тури билан 6 ёшидан бошлаб шуғулланиб, бир неча бор шаҳар, вилоят, республика мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритди.

Дилдора Алиқулова устозлари Ўктам Бекпўлатов, Азиз Бўриев, Санжар Турсунов ва ота-онасининг тавсияси билан 2014 йилдан бошлаб каратэ билан мунтазам шуғуллана бошлади.Дарсдан бўш пайтлари вилоят “Баркамол авлод” болалар марказидаги каратэ тўгарагида мумтазам машғулотлар билан банд бўлди. Унинг спорт соҳасидаги қобилиятига катта ишонч билдирган мураббийлари янглишмаганди. 2016 йилда спорт устаси унвонига сазовор бўлди ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзосига айланди.

Тинимсиз меҳнат, Худо берган қобилият ўз самарасини кўрсата бошлади. 2017 йил июлда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида кумуш медаль соҳибаси бўлди. Шу йил декабрда Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган очиқ турнирда бир йўла каратэнинг икки йўналишида кумуш медални қўлга киритди. Ўтган йил Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳридаги очиқ турнирда олтин медаль соҳибаси бўлди. Хорватияда бўлиб ўтган мусобақада кумуш медални нақд қилиб, Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўтадиган III ёзги ўсмирлар олимпиадасида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Энг муҳими, Дилдора Алиқулова мамлакатимиз тарихида спортнинг каратэ йўналиши бўйича биринчи олимпиадачи бўлиб тарих зарварақларида қоладиган бўлди.

Дилдоранинг ота-онаси бутун эътиборни болаларнинг билим олиши, фанларни ўзлаштириши, ўзлари қизиққан тўгаракларда қатнашиши, истеъдодларини шакллантириб боришига қаратганлар. Тўғри ва холис ният билан ҳаракат қилган киши, албатта, мақсадига эришади. Дилдора Алиқулова Президентимиз фармонлари билан Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлганлиги ҳақидаги хабар бир зумда тарқалди. Бундан унинг ота-онаси, тенгдошлари, мактаб жамоаси ва устозларининг қувончи чексиз.

— Президентимиз томонидан истеъдодимнинг эътироф этилиши мени улкан марралар сари етаклайди. Бу ишончни оқлаш учун бор куч ва билимимни сафарбар этиб, жаҳон аренасида юртимиз байроғини янада баланд кўтаришга ваъда бераман, — дейди Дилдора Алиқулова.

Суратда:
Дилдора онаси
Дилором опа билан.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мусобақалар олдидан

Жорий йилнинг 15-17 август кунлари Термиз шаҳрида “Ёшлик спорт жамоалари” Республика мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE