Иссиқдан сақланинг!

0
56

Қуёш нури фойдали, аммо у меъёрдан ошса, кўпгина кўнгил-сизликларга сабаб бўлади. Офтоб уриб, терининг куйиши, кейинчалик тери ракига олиб келиши ҳамда кўз катарактаси касаллиги ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабаб, кўчада қуёш нури остида юрмасликка ҳаракат қилинг.

Бордию сизда беҳоллик, кўнгил айниши, қусиш, томир уриши ва нафас олишнинг тезлашиши кузатилса, кўз олди қоронғулашаётган бўлса, демак офтоб урган. Бундай пайтда бемор кўпроқ дам олиб, баданини ҳўл сочиқ билан ўраш, иложи бўлса устидан совуқ сув (18-20 градус) қуйиб, танани совутишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар бемор беҳуш бўлса, унинг бурнига новшадил спирти билан ҳўлланган пахтани тутиш мақсадга мувофиқдир. Тез тиббий ёрдамни чақириш зарур.

Касални даволагандан, олдини олган афзал, дейишади. Шу сабаб, офтоб уришининг олдини олишга ҳаракат қилмоқ даркор. Енгилроқ ва очиқ рангли ёзги ки йимлар кийиш мақсадга мувофиқдир. Чунки у қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга.

Кун иссиқ пайтлари одатдагидан кўпроқ суюқлик (газланмаган минерал сув, кўк чой, қайнатиб совутилган сув) истеъмол қилган маъқул. Энг асосийси, соғлом ва тўғри овқатланиш саломатлик гарови эканлигини унутмаслик лозим. Кунлик рационда енгил ҳазм бўладиган таомлар фойдалироқ, ёғли ва шўр таомлар ҳамда ширинликлар танада иссиқлик ҳосил бўлишини кучайтиради ва тананинг қизиб кетишига сабаб бўлади. Организм фақат кучи етадиган овқатнигина сингдиради, қолган овқат эса организмга оғирлик қилади. Шундай экан, кўп овқат тановул қилиш зарар.

Сабзавотларни хомлигича, турли салатлар тарзида тановул қилмоқ кўпроқ фойда келтиради. Жазирама иссиқ кунларида суюқ таомлар, айрон, қатиқ, кефир каби сут маҳсулотлари, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш, терлаш натижасида организм йўқотадиган сув ва зарур моддалар оқсил, витамин ва минерал тузлар ўрнини қоплашда муҳим аҳамият касб этади.

Энг яхши чанқоқбосди ичимликлардан бири лимонли чойдир. У танани иссиқланишда, организмда сув ва туз балансини сақлашда ёрдам беради. Кўк чой таркибида эса 300 турдан ортиқ фойдали элементлар бўлиб, танани совутиш хусусиятига эга. Кўк чой чанқоқни яхши қондиради, ўзидаги витамин ва минерал моддалар ҳисобига инсонга куч бағишлайди. Ҳар бир киши меъёрда 1 суткада 2,5-3 литр сув ичиши лозим.

Меҳнат ва дам олишни тўғри ташкиллаштиринг, фаол дам олишни галма-гал олиб боринг, уйқудан олдин хотиржам 40-60 дақиқа очиқ ҳавода сайр қилинг, деразани очиб ухланг, хушманзара жой, дарёбўйи ва сайилгоҳларда пиёда юринг, енгил жисмоний машқларни бажаринг, илиқ душ қабул қилинг, шифобахш доривор ўсимликлардан тайёрланган дамламалардан ичиб туринг.

Н. ТЎРАЕВ,
вилоят ДСЭНМ олий тоифали врач,
тиббиёт фанлари номзоди

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг