Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Ҳисоб-китобни бўри еганми?

Ҳисоб-китобни бўри еганми?

ёхуд вилоятимиз бозорларидаги тартибсизликлар қачон барҳам топади?

Бозорлар юрт кўрки, дар- ҳақиқат, шундай. Қадимдан аждодларимиз “агар юртнинг ободлигини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорини кўр!” деб бежизга айтишмаган. Яратганга шукр, бугун бозорларимиз ҳар қачонгидан-да обод, фаровон. Юрт равнақи, бозорлар тўкинлиги ҳамюртларимизнинг юз-кўзларидаги мамнуният, хатти-ҳаракатларидаги ризолик аломатларида ўз ифодасини топаётгани ҳам айни ҳақиқат. Мустақиллик йилларида вилоятимизнинг аксарият бозорлари янгидан қурилиб, баъзилари қайта таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этгани ҳам бор гап. Сотувчи ва харидорлар учун қулай шарт-шароит яратилганлиги ўзаро олди-бердиларда фуқароларнинг вақтини тежайди. Аммо, “Ҳар тўкисда бир айб бор”, деганларидек, бозорлар фаолиятида ҳам унинг кўркига соя ташлаб турган айрим қонунга зид ҳолатлар мавжудлигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди.

Дастлаб Ангор туманидаги “Ангор марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖ да бўлдик. Жамият раиси Алишер Жумаевнинг берган маълумотига кўра, 300 та савдо ўрини борлиги кўрсатилган. Аммо вилоят “Бозор” ОТАЖ лари фаолиятини мувофиқлаштириш бирлашмаси тизимига қарашли шаҳар ва туман “деҳқон (озиқ-овқат) бозор” савдо комплекс- лари ва ихтисослаштирилган МЧЖлари тўғрисида 2017 йил 1 октябрь ҳолатига кўра олинган маълумотда эса,  бозор расталаридаги савдо жойлари сони 324 та эканлиги айтилган. Буниси ҳам майли, расталарда ўтирган сотувчиларнинг эгнида махсус ки- йим-бош йўқ. Борлари ҳам талабга жавоб бермайди. Озиқ-овқат дўконларини айланиб, нақд пул шаклида савдо қилдим. Аммо, биронта дўконда савдо учун харид чеки берилмас экан. Харидорларку ҳа, майли, эътиборсизлик қилишаркан, ҳудуддаги солиқ инс- пекцияси ходимлари нега назорат ишларини олиб боришмаяпти?

Дон маҳсулотлари билан савдо қилувчи Адҳам Холмуродов 31 октябрь куни чек учун 10 минг сўм тўлаган, аммо савдо чеки берилмаган. Манзура Раҳмонова ошқовоқ савдоси билан шуғулланади. Кунлик чек учун 12 минг сўм тўлов қилган, аммо чек берилмаган. У ўз сўзида ҳар куни пул тўлашини, аммо бирон марта ҳам чек берилмаслигини айтди. Шунингдек, Собир Шойимов (полиз маҳсулотлари сотувчилари) 7 минг, Норбой Худойбердиев 10 минг, Бахтиёр Болтаев 10 минг, Санам Муҳаммадиева (картошка, пиёз) 4500 сўм, сут-қатиқ маҳсулотлари сотиш учун мўлжалланган ёпиқ павильонда савдо қилувчи Раъно Махлиева, Зулфия Қулматова, Ўрозгул Имомова (сузма қатиқ, тухум савдоси) лар учаласи бир бўлиб, 10 минг сўм чек пули тўлашаркан. Аммо чекни кўрсатишолмади. Сузма — чакки қолдиқлари идиши тагида тўкилиб ётибди. Гўшт павильонидаги ҳолат кишини таажжубга солади. Ўктам исмли қассоб гўшт растасининг устида ёнбошлаб ухлаб ётибди. Қодир, Эркин исмли қассоблардан чекни талаб қилганимизда кўрсатишолмади. Бу ердаги санитарик ҳолат ҳам талабга жавоб бермайди.

Бозор маъмуриятида бор-йўғи 70 та тарози бор. Савдо хизмати кўсатувчилар билан тарози сонини солиштирганда бу анча катта тафовут.

Бозорга тегишли чиқиндихонадаги аҳвол ниҳоятда ачинарли. Бир неча кундан буён чиқиндилар олиб кетилмаганлиги шундоқ сезилиб турибди.

—Тарозилар камлиги учун яна 30 та буюртма берганмиз. Айни пайтда мол бозорида таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз. Гўшт павиль- онининг айрим жойларидан чакки ўтади. 2018 йилда давлат дастури асосида қурилиш, таъмирлаш ишлари учун 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Айни пайтда тадбиркорларнинг маблағи ҳисобидан 28 та янги савдо дўконлари қурилмоқда,—дейди бозорқўм А. Жумаев.

Ангор туман деҳқон бозори 2009 йилнинг сентябрь ойида янги жойга кўчганлигига қарамасдан ҳалигача эски бозор ўрнида ноқонуний савдогарлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилишмоқда. Энг ажабланарлиси, бу шоввозларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини тартибга оладиган мард топилмаяпти. Улар катта йўл ёқасида ўзлари истаганча “садво хизмати” кўрсатишмоқда.

Шеробод туманидаги аҳвол ниҳоятда ачинарли. Туман деҳ- қон бозори қайта қурилиши муносабати билан 12 июнда ёпилган. Гарчи, тумандаги “Шер Барака” МЧЖ буюм бозори ёнидан жой ажратилиб, иккита бостирма қурилган бўлса-да, бугунги кунда у ерда ҳеч ким савдо қилмаяпти.

—Ушбу ажратилган махсус жойга савдогарларни олиб ўтишнинг имкони бўлмади. Улар ўзлари дуч келган ерда савдо қилишмоқда. Кўча атрофидаги ноқонуний савдогарлар ҳеч қаерга чек тўлашмайди. Чунки улар бозор ҳудудидан таш қарида савдо қилишмоқда,—дейди “Шеробод деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖ раиси Нормейли Нуралиев.

“Шер Барака” буюм ва деҳқон озиқ-овқат бозорлари ёнида афғон бозоридек бетартиб жойлашган ноқонуний савдо нуқталари катта йўлнинг ёқасида анти санитария ҳолатида аҳолига “савдо хизмати” кўсатишмоқда. Йўл чеккалари, сув йўлаклари чиқиндилар билан беланиб ётибди. Бунга эътибор берадиган бирон-бир мутасаддини учратмадик.

Жарқўрғон деҳқон бозори нисбатан обод, тартибли деб ўйласангиз, бироз янглишасиз. Бу бозорнинг айрим озиқ-овқат дўконларига кирар бўлсангиз ёнингизда, албатта, нақд пулингиз бўлсин. Акс ҳолда, ёғ олиш учун кўпроқ пул тўлашингизга тўғри келади. Негаки, тўлов терминаллари барча озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҳам бир хилда амал қилмайди. Касса чеклари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Бозорларимизда олинган пул учун чек қоғози берилмас экан, яширин даромад манбаи кимларнингдир чўнтагига тушаверади. Оқибати эса ўзингизга маълум.

Шундай ҳолатни аслида бошқаларга намуна бўлиши талаб этиладиган “Термиз  марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори” да ҳам учратдик. Бу ердаги ҳолат туманлардагидан-да, ёмонроқ эканлиги маълум бўлди. Маълумотномага таянадиган бўлсак, бу бозорда 846 та савдо растаси ва 170 та турғун савдо дўкони мавжуд. Бозорқўм муовини Илҳом Аминовнинг берган маълумотига кўра, бозорда 55 та турғун савдо дўкони борлиги айтилади. Шундай катта бозорда бори йўғи 41 тагина тарози борлигига нима дейиш мумкин? Бу ахир масхарабозлик эмасми? Савдогарлар ўзлари истаган кўринишдаги тарозилардан фойдаланишмоқда. Унинг тўғри ёки нотўғрилигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Термиз марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг иккинчи қаватида бўш расталар ястаниб ётибди. И. Аминовнинг айтишига қараганда, бу расталар бозор маъмуриятига тегишли эмас экан. Шунинг учун айни пайт да ушбу расталар бўш турибди. Ваҳоланки, марказий деҳ қон бозори ҳудудида чанг аралаш  қонунга зид равишда ерда қишлоқ хўжалиги ва ҳатто нон маҳсулотлари билан бемалол савдо хизмати кўрсатишмоқда. Бозор ташқарисидаги чиқиндихонадаги чиқиндилар яқин ҳафталар ичида олиб кетилмаганлиги кўриниб турибди.

Бозор ҳудудида жойлашган вилоят ветеринария лабораториясининг 2-сонли ВСЭЛ бўлим бошлиғи Нуриддин Ашуралиевнинг муомаласидан очиғи бироз чўчидик. Лабораторияда чойхўрлик қилиб ўтирган Н. Ашуралиевдан айрим маълумотларни сўраганимиз оғир ботди, шекилли, “Сиз кимсиз ўзи? Нега мени прокурорга ўхшаб саволга тутасиз. Бизни текширишга буйруғингиз борми ўзи?” каби саволларни ёғдириб ташлади. Унинг айтишича, ҳамма пахтада бўлганлиги боис, фақат бир киши эрталаб келиб гўшт маҳсулотларини кўрикдан ўтказар экан. “Бугун Наргиза Абдумуродова кўрик ўтказган”, дея журналда қайд этилган 13 та кўрик рўйхатини кўрсатди. Бозор ҳудудини айланиб санаганимизда эса 19 та гўшт дўконида гўшт маҳсулотлари сотилаётган экан. Ушбу ҳолатни кўздан кечиргач, Н. Ашуралиевнинг жиззакилиги сабабини тушунгандек бўлдик.

Пул олиб, сотувчиларга чек бермаслик бу бозорда ҳам анъана тусига кирган экан. Уч нафар савдогар билан суҳбатлашдик. Учаласи ҳам чекни кўсатолмади. Озиқ-овқат дўконларидаги савдогарлар очиқчасига пластикми, нақдми, деб савол беришганда, очиғи, ҳайрон бўлдик. Мамлакатимизда тўлов ва савдо амалиёти нақд ва пластик учун бир хил тартибда амал қилса-ю, нафси ҳакалак отган савдо ходимлари кўзингизга тик қараб, 10 фоиз миндириб ўтирса, алам қилмайдими. Биз нечанчи асрда яшаяпмиз ўзи? Солиқ идоралари мутасаддилари қаёққа қарашяпти?

Ишонмасангиз, вилоят бўйича савдо дўконларини айланиб чиқинг, нақд савдо амалиёти учун дўконлар савдо чеки беришмайди. Бу айни ҳақиқат. Ўз халқи, миллатдошларини писанд қилмасдан, ўзи истаганча нарх-наво белгилаётган айрим савдогарларнинг бу хатти-ҳаракатларини қандай баҳолаш мумкин?

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА: бозорлар фаолияти ҳақида мақола тайёрлаётганимдан хабар топган бир ҳамкасбим истеҳзо билан: “Юз маротаба ёзмайсизми, бу минг йиллардан бери давом этиб келаётган “анъана”, барибир ҳеч нима ўзгармайди”, деди. Бу гапларни эшитиб, бироз кайфиятим тушди. Нега? Наҳотки, тартибсизликлар шу зайлда давом этаверса? Наҳотки, бозорларимизни тартибга оладиган бирон-бир мард топилмаса? Яна ким билади, дейсиз? Балки, ростдан ҳам шундайдир!

Х.ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan