Бош саҳифа / Маданият / Исо Термизий Навоий талқинида

Исо Термизий Навоий талқинида

Буюк мутафаккир А. Навоий ижодида Ислом динига доир кўплаб таърифу талқинларга дуч келамиз. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, туркий халқлар тарихида ҳали ҳеч ким ўз тилимизда Исломни Навоийчалик тарғиб қилган эмас. Тан олишимиз керак бобокалон шоиримиз асарларидаги исломий талқинларни ҳанузгача тўлиқ ўрганганимиз йўқ.

Алишер Навоийнинг “Арбаин” (“Қирқ”), “Назм ул жавоҳир” (“Гавҳарлар шодаси”), “Сирож ул муслимин” (“Мусулмонлик чироғи”) ва бошқа кўплаб асарлари айни мусулмон дини мавзуида битилган. Мутафаккир шоирнинг барча асарларидаги “ҳамд” –­­ Аллоҳ мадҳи, “наът” ­– Пайғамбар мақтови, умуман, анъанавий муқаддимотларда диний – фалсафий мафкура устувор экани табиий ҳодиса. “Арбаин” асарининг бу борадаги аҳамияти ўзгача, унда имом Термизий (824–892) ва бошқа муҳаддисларнинг ҳадислари келтирилган. Асарда қирқта сара ҳадис жамланган ва ҳадисларнинг ҳар бири қитъа шаклида шеърга солинади. “Арбаин”даги қирқта ҳадисдан саккизтаси имом Термизий ҳадислари бўлиб, қолганлари бошқа муҳаддислар бисотига тегишлидир.

Абдураҳмон Жомий (1414–1492) “Арбаин” асарини 1481 йили арабчадан форсчага таржима қилади ва кўздан кечириб чиқиш учун Навоийга тақдим этади. Устоз ва шогирд ўртасидаги бу ажо- йиб анъанага атрофдагилар қойил қолар эди, зотан Навоийнинг ҳам янги асарларининг биринчи ўқувчиси Жомий бўлар эди. Алишер Навоий “Арбаин” асарини назардан ўтказар экан, уни туркийга таржима қилиш нияти пайдо бўлади: “ҳамул “Арбаин”га туркича тил била таржима орзуси кўнгулга тушти”. Алишер Навоий бунинг учун устози Жомийдан изн сўрайди, натижада “Арбаин”нинг туркий тилдаги таржимаси вужудга келади ва авлодларга арзигулик туҳфа тортиқ этилади. Алишер Навоий қаламига мансуб “Арбаин” ҳам Жомийнинг “Арбаин” асари каби ўша 1481 йилнинг ўзида ёзиб тугатилган.

Навоий “Арбаин” асаридан жой олган Имом Термизий ҳадисларини шарҳлашга уриниб кўрдик ва уларнинг ғоявий мазмуни, асл моҳиятини англашга интилдик. “Арбаин”даги ҳадисларнинг ҳар бири тарбиявий аҳамияти билан ажралиб туради ва инсонларга асқатувчи ўгитларни ўзида тажассум этгани билан муҳимдир. “Арбаин”нинг тўртинчи қитъасида ўқиймиз:

Мўъмин эрсанг, қилиб дурингни нисор,
Эл била равшан ул нечукким шамъ.
Негаким тенгри ҳеч мўъминда,
Бухлу бадхўйликни қилмади жамъ.

Қитъанинг мазмун-мағзини ушбу хилда шарҳлаш мумкин: сен агар мўъмин-мусулмон бўлсанг, ўзингнинг бор инжуларингни, барча гавҳар ва марваридларингни кишиларнинг бошидан соч! Чунки сен шу билан кишилар йўлини ёритувчи шамга айланасан, яъни одамларнинг йўлига нур таратиб, яхшилик уруғини сочасан. Негаки, Аллоҳ таоло ҳеч бир мўмин-мусулмонга бахиллик ёки ёмон хулқлик, яъни бадхўй (бухл)ликни раво кўрмаган ва кўрмайди ҳам. Ҳадисда ҳар бир мусулмон банда бош қа мусулмонларнинг манфаати йўлида нур сочмоғи лозимлиги том маънода уқтирилмоқда. Энди асл ҳадиснинг ўзига мурожаат қилсак, у қуйидагича жаранглайди: “абу Саъид ал Худрий (вафоти 693) нинг ривоят қилишича, ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.). “Икки хислат – бахиллик ва бадхулқлик мўъмин кишида жамъ бўлмайди”, деганлар. Кўринадики, чин мусулмон бандада зинҳор бахиллик иллати, ахлоқсизлик, умуман, бадхулқлик, яъни ёмон хулқлик зинҳор бўлмас экан ва бўлмайди ҳам.

“Арбаин”нинг навбатдаги қитъаси ушбу хилда:

         Раҳмат озодағаким ул олмас,
         Даҳр динору дирҳамин ғамға.
         Лек лаънат ангаки қул бўлғай,
         Хоҳ динору хоҳ дирҳамға.

Ҳадис ғоясида аниқ ва тиниқ айтилмоқда, динор (олтин танга) ва дирҳам (кумуш оқча), умуман, бойликка ҳирс қўйиш, унга қул бўлиш, муте бўлиш қораланмоқда. Ҳадис ғоясининг муддаоси порахўрликка, ришват олувчиларга қарши курашдан иборат, шундай шахслар қаттиқ танқид тиғи остига олинмоқда. Тўғри, ҳалол меҳнат ила қўлга киритилган бойлик, бу асл бойлик, унга ҳеч ким дахл қила олмайди. Меҳнат эвазига қўлга киритилган бойлик, бу чин ва рост бойлик, унга ҳеч ким, ҳеч қачон эгалик қила олмайди. Ҳадиснинг ўзига қулоқ тутамиз: абу Ҳурайра (вафоти 679) нинг айтишича, ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.). “Динорга ва дирҳамга қул бўлганларга Аллоҳнинг лаънати ёғилади”, деганлар.

Юқоридаги ғояга монанд ҳадис қуйида ҳам келади ва моҳиятан анча муштарак, улар бир-бирини тўлдиради.

         Бой эмас улки, мол касратидин,
         Кўрмагай фоқаву талаб ранжин.
         Они билким, Худой бермиш анга,
         Нафси аммора таркини ганжин.

Мазмуни:

         Молмулки кўп бой эмас,
         Зеро у муҳтожлик сезмаса ҳам.
         Билиб қўй, Аллоҳ бергандир унга,
         Нафс зўрлигини тарк этиш кучин.

Аён бўладики, бойлик мавжуд мол-мулк да эмас, балки нафсга ва унинг амрига қарши курашда экан. Ҳадиснинг ўзини эшитамиз: Абу Ҳурайранинг ривоят қилишича, ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, балки нафс нинг тўқлигидандур”, деганлар. Аслида ҳадиснинг таржимаси бизнингча ушбу тарз да бўлса, анча тўғри бўлади: “Бойлик мол-мулкда эмас, бойлик нафс амрини жиловлашдадир”. Ана шу таржима ҳадис мағзини кўпроқ ва тўғрироқ очиши мумкин эканини иккиланмай баралла айтиш мумкин.

Навоий одоб-ахлоқ ҳадисларига ҳам эътибор қаратади, шундай ҳадислардан бири кулги ва унинг ўрни хусусида бўлиб, унда ушбулар айтилади:

Асру кўп кулмаким, ўлар эрмиш,
Зиндадил кўнгли кулгу ҳасратидин.
Муни ҳар кимки билди кўнгли била,
Кулмагай ўлса кўнгли ҳасратидин.

Бу ҳадисда беҳуда кулиш, кўп кулиш, ўринсиз кулиш одобсизлик аломати экани, ҳатто андишасизлик ва беҳаёлик белгилари ҳам у билан уйқаш экани ошкора айтилмоқда. Ҳадиснинг ўзида “Кўп кулувчи бўлма, чунки кўп кулиш дилни ўлдиради” дейилади, агар эътибор билан диққат қилинса, дарҳақиқат, кулгининг хиллари кўп. Аммо қаерда ва қандай ҳолатда кулиш катта маданият эканини зинҳор унутмаслик лозимлиги талаби қатъий қўйилмоқда ҳамда унга риоя қилиш муҳим жиҳатлиги ўз таъкидини топмоқда.

Навбатдаги бир ҳадис оналар ҳақида бўлиб, тажассум топган маъно-моҳият ўз эътибори билан тарбиянинг асл ўзагини бизга англатиб беради. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларига диққат қилайлик: “Жаннат оналарингизнинг оёғи остидадур”. Ана шу фикрларни А. Навоий шеърга айлантиради:

Аноларнинг оёғи остидадур,
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғин висолин истар эсанг,
Бўл анолар оёғин туфроғи.

Ҳадисда илгари сураётган асосий ғоя шундан иборатки, яъни онага, тағин онага ва яна онага, шундан кейингина отага хизмат қилиш жаннатга киришнинг асосий воситаларидан бир экани уқтирилмоқда.

Кўринадики, Жомий ва Навоий даврида ҳадис илмига эътибор, ҳадис сабоғига эҳтиром катта бўлиб, ундан тарбия воситасида истифода этиш анъанаси мавжуд экан. Ҳусайн Бойқаро (1438–1507) ҳукмронлиги йиллари (1469–1507) да ҳадис илми мактаб ва мадрасаларда алоҳида дарс ва фан сифатида ўтилиши белгилаб қўйилгани янада эътиборли ҳодисадир.

Бобоназар МУРТАЗОЕВ,
Термиз давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan