Бош саҳифа / Жамият / Ислом ва диний бағрикенглик

Ислом ва диний бағрикенглик

Ўзбекистонимизда турли динга мансуб 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади.

Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, ғайри муслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Ислом ўзидан аввалги динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган.

Албатта, Аллоҳнинг хоҳишига ҳеч ким тўсқинлик қила олмас, лекин Парвардигоримиз буни хоҳламади, ёмон ва яхшини бир-биридан ажратиш учун ҳаётни ихтилофли қилди. Дунё шундай турар экан, инсонлар ўз фикрлари, йўналишлари, мақсадлари ва орзу-умидлари борасида ҳар хил бўлишда давом этадилар. “Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан йўл қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят-мўъжиза келтир. Агар Аллоҳ хоҳлаганда, албатта, уларни ҳидоят устида бирлаштирган бўлур эди-ку! Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлманг!” “Анъом” сураси, 35-оят. Кофирлар оят-мўъжизалар йўқлигидан иймондан юз ўгираётгани йўқ. Улар нафсларининг бузуқлиги, ҳасад ва саркашликлари оқибатида куфр йўлини ихтиёр қилаяптилар. Аллоҳ таоло одамларни ҳар хил табиатли ва айри истеъдод соҳиби қилиб яратгандир. Баъзиси ўз-ўзидан ҳидоят йўлига кириб қолади. Баъзилари даъватга, тушунтиришга муҳтож бўладилар. Бошқалари тарғибот ишларига эҳтиёж сезади. Аммо яна бир тоифа борки, уларга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Улар ҳар қанча даъват қилинмасинлар, шу қадар баҳона топаверадилар. Халифаларнинг биринчиси Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) Сурияга ҳарбий юришга кетаётиб, ўз қўшинларига Қуръони каримнинг ҳақиқий даъватига ёрқин мисол бўлган қуйидаги буйруқни бергандилар: “Эй инсонлар, мен сизларга чин дилдан амал қилишингиз лозим бўлган ўн қоидани маълум қиламан. Уларни асло эсдан чиқарманг ва тўғри йўлдан адашманг.

Болаларни, аёлларни ва кекса кишиларни ўлдирманг.

Хурмо дарахтларига ўт қўйманг ва дарахтларни кесманг.

Туяларни, подаларни ва бошқа (ҳайвонлар) тўдасини ўлдирманг…

Сиз ўзга ишлар, охират дунёсига хизмат билан машғул одамларни учратасиз.

Шунда уларни ўз ҳолига қўйинг. Сизга турли ноз-неъматларни туҳфа қилиб келган одамларни учратасиз, улардан енг, аммо Аллоҳ номини эсга олишни унутманг”.

Расулуллоҳга Ҳабашистон подшоҳи Муқавқис (насроний эди) чопон ҳадя қилди, уни пайғамбаримиз қабул қилдилар ва жума, ҳайит намозлари ҳамда элчиларни қабул қилганда кияр эдилар. Бу маъно баъзи ўзини билмаган кишилар томонидан суистеъмол қилингани ҳам маълум. У зот (с.а.в) бир яҳудий аёл заҳар солиб берган қўй гўштини еб заҳарланганлари ҳеч ким учун сир эмас.

Лекин шунда ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в) у аёлга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмадилар, интиқом олмадилар, балки ҳақига Аллоҳдан ҳидоят сўраб, дуо қилдилар. Шунинг ўзи биз, умматга ҳар қандай динга эътиқод қилувчи ва ҳар қандай миллатга мансуб инсонлар билан муомала қилиб яшашга етарли далил эмасми?

Динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим.

Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 256-оятида: “Динда мажбурлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди …”. –дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳақини паймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”, — дедилар”. Абу Довуд ривояти.

Ҳазрати Умар бир куни кўчаларни айланиб юрганларида бир яҳудийни тиланчилик қилиб юрганини кўрдилар ва уни тўхтатиб, тиланчилик қилишига нима мажбур қилганини сўрадилар? Яҳудий: “Мен ёшлигимда ишлардим ва мусулмонларга жизя тўлаб турур эдим, энди қариганимда, ишлашга қодир эмасман ва тирикчилигим учун мажбур тиланчилик қилаяпман”, деди.

Ҳазрати Умар: сенга нисбатан адолатсизлик қилибмиз-ку, ёшлигингда жизя олиб, қарилигингда қарамай қўйибмиз, деб қарор чиқариб, унга нафақа белгилабдилар.

Юқорида келтирилган оят ва ҳадислардан хулоса шуки, динимиз бизни ҳар қандай миллат ва элат эгалари билан ёнма-ён ва иттифоқ яшашга даъват қилади. Мана шундагина дунё тинчлигини таъминлаган бўламиз.

Ер юзида ҳаёт борки, ихтилофлар бор. Бу ҳақиқат Қуръони каримнинг “Ҳуд” сураси 118 ва 119-оятларида: “Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни, бировлари ҳақ йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг: “Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва кофир одамларнинг барчаси билан тўлдирурман”, деган сўзи ҳақ бўлди” дейилади. Яъни Расули карим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар Раббингиз хоҳлаганида ўзи яратган инсонларни иймон-эътиқодлари бир уммат, бир жамоа қилиб қўяр эди ва У зот бу ишга қодир, демоқчи.

Хосият ҚОСИМОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё
вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари
бўйича ёрдамчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE