Бош саҳифа / Маданият / Искандарнинг қалъалари қаерда?

Искандарнинг қалъалари қаерда?

Александр Македонский эрамиздан аввалги IV асрда –328 йил баҳорида Ўрта Осиёга бостириб кирди. Ҳудуднинг йирик шаҳарларидан бири Марғиёнага келди. Бу хусусда тарихчилардан фақат Квинт Курций Руф ёзиб қолдирган: “Кейин Ох ва Окс дарёларидан ўтиб, у Марғиёна шаҳрига келди. Шу атрофдан олтита жойни танлади.

Уларнинг иккитаси жануб томонда, тўрттаси бу шаҳардан шарқ томонда эди. Ёрдам зарур бўлиб қолса, узоқдан мадад излаб юрмаслик учун бир-бирига яқин бўлган бу жойларда қалъа қурдирмоқчи бўлди”.

Хўш, Марғиёна қаерда? Буни аниқлаш учун Искандар бошлиқ юнон қўшинлари Ох ва Окс дарёларини қаердан кечиб ўтганини билиш лозим. Бу хусусда олимлар ўртасида баҳс-мунозаралар қизғин тус олди. Кечиб ўтилган жой сифатида Панж дарёсига қуйиладиган ирмоқ Кўкчадан тортиб, Туркманистоннинг Чоржўй шаҳригача тилга олинди.

2000 йилда бир неча олим “Александр Македонский — Марғиёнада” деган мақола эълон қилиб, Марв харобаларидаги Эркқалъани Марғиёна, Келифдаги қадимги Ўзбой дарёси ўрнини Ох дарёси деб, тилга олишди.

Аммо мунозаралар тинмади. Грени ва Рапен деган олимлар Марғиёна Термиз ва унинг атрофларидир деган илмий тахминни ўртага ташлашди. Улар фикрича, Искандар танлаган 6 та қалъа қуриладиган тепаликнинг 4 таси Фаёзтепа, Қоратепа, Чингизтепа ва Кичик Чингизтепадир. Искандар асос солган Александрия бу Термиз шаҳридир, деган хулосага келишди.

Юқоридаги олимлар масалага чуқур таҳлиллар асосида ёндашдилар. Улар Марғиёнанинг ўрни масаласида ҳаммадан ҳам кўра ҳақиқатга яқинроқ келдилар. Улар дарёларнинг номини таҳлил қилдилар. Окс (Ўкуз) Амударёнинг ўнг қирғоғи бўлган Вахшга, чап ирмоғи эса қадимда Вах (Ох) деб аталган Панж дарёсига тўғри келишини аниқладилар. Демак, Искандарнинг Ох(Панж)дан кечиб ўтиши Шерхон порти яқинида, Вахшдан ўтиши эса Тахти Сангин атрофида рўй берган.

Хўш, Искандар қўрғонлари қаерда? 2001 йилда Бойсундан беш километрча жанубда Поёнқўрғонда эрадан олдинги 4-аср охири ва 3-аср бошларига оид қатлам, икки йил ўтгач эса Поёнқўрғондан 7 километр узоқликда Бандихонсойнинг ўнг қирғоғида Искандар даврига оид Қўрғонзол қалъаси ўрни топилди.

Бойсундаги Қўрғонзолдан топилган сопол буюмлар сўнгги аҳмоний ва илк эллинистик анъаналари асосида ясалганлиги аниқланди.

Бандихон-II, Киндиктепа қалъаси ва Ғозимуллатепа ҳам милоддан олдинги 6-4 асрларга оид деб тахмин қилинмоқда. Майдони 50 гектарли бу жой Марғиёна бўлиши ҳам мумкин, деган тахминлар бор.

Демак, Искандар қўшинлари Ох (Вохандарё — Панж)ва Окс (Ўкуз-Вахш) дарёларини кечиб ўтиб, Кофарниҳон дарёси қуйи оқимидаги Қалъаи Мир, Мунчоқтепа ва Хирмонтепа қалъаларига келган. Сўнг Сурхон дарёсидан Хожа қишлоғи ёнидан кечиб ўтиб, қадимий Македон кўпригидан 1,5 километр пастдаги, милоддан олдинги 6-4 асрларга оид йирик аҳоли манзилига ташриф буюрган. Таниқли археолог Леонид Михайлович Сверчков таъкидича, юнон тарихчиси Квинт Курций Руф тилга олган Марғания ёки Марғиёна шаҳрини худди ана шу жой дейиш мумкин. Хуллас, Бандихондан Дарбандгача бўлган йўл муҳофазаси учун қалъалар қурилган. Чунки юнонларга Кўҳитанг тарафдаги Паратека мамлакатидан бўладиган ҳужумлар шундай қилишни тақозо этарди.

Абдулла ХОЛМИРЗАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Афсонага айланган ҳақиқат

Кўпчилигимиз айни ёз вақтида ажойиб оромгоҳлар ва бетакрор манзаралару археологик ёдгорликлардан баҳраманд бўлиш учун хорижий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE