Бош саҳифа / Таълим / Иштиёқ бўлмаса қийин-да!

Иштиёқ бўлмаса қийин-да!

ВИЛОЯТ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БОШҚАРМАСИ

РАҲБАРЛАРИ ДИҚҚАТИГА!

Дарҳақиқат, ҳар бир юмуш учун қунт, сабот ва қолаверса, иштиёқ керак.

Ишлашга иштиёқ, ҳафсала бўлмаган жойда, албатта, мудроқлик ҳукм суради. Оқибатда, ходимларнинг қўли ишдан совийди, энг ёмони, бошқаларга “ўрнак” бўлаётган шахс нафақат ўзида, балки атрофидагиларда ҳам шундай кайфиятни пайдо қилади.

Жарқўрғон туманидаги Абдулаким Пармонов раҳбарлик қилаётган 2-умумий ўрта таълим мактаби бир пайтлар нафақат туман ёки вилоятда, балки республикада ҳам ўз ўрнига эга муассасалардан бири эди. Бу даргоҳда узоқ йиллар таълим фидойиси Шербой Жовлиев директорлик қилган. Ш. Жовлиевнинг фаолияти даврида мактаб ўқувчилари юксак натижаларга эришди, десак асло хато бўлмайди.

Мактаб жамоаси, албатта, ўзига хос салоҳият, билим  ва  тажрибага эга, деб айтса бўлади. Аммо, жамоа қанчалик салоҳиятли, мактаб биноси нечоғлик улкан ва замонавий бўлмасин, илғор педагогик технологиялардан, давлат таълим стандартларидан бироз ортда қолаётган устозлар, афсуски, ҳали-ҳамон учраётгани ачинарли, албатта.

Кутубхона — нурхона, деган гап бор. Аммо, ушбу кутубхона гўёки мактаб муассасасидан, бутун бир тизимдан айро ҳолда фаолият кўрсатаётгандек. Кутубхонада Саид Раҳмоновни учратдик. Унинг айтишича, ярим “ставка”да 1 йилдан бери ишлар экан. Суҳбат жараёнида маълум бўлишича, ўғли Жўрабек Ақназаров асосий штатда турса-да, ўрнига отаси С. Раҳмонов фаолият юритиб келмоқда. Кутубхоначи Н. Қамбарова янги ўқув йили учун ҳали ҳам иш режа тузмаган экан. Жовонлар ва китобларнинг усти чанг-ғубор билан қопланган.

Аслида ошхона энг озода жой ҳисобланади. Афсуски, бу ерда ҳам айрим камчиликлар ярқ этиб кўзга ташланади. Ошхонанинг бир четида тик турган бўш ароқ шишасига ишора қилиб, нега турганлигини сўраганимизда, ошпазлардан бири: “Жўва йўқлиги боис, хамир ёйиш учун ишлатиб турган эдик”, дея изоҳлади. Ошхонадан янги мойбўёқнинг ҳиди анқиб турибди. Ошхонада янги иш бошлаган Шаҳзода Тожиева эски (бошқа шахсга тегишли) ижара шартномаси асосида 21 сентябрдан фаолият юритиб келмоқда.

Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Баҳодир Оқбоевнинг иш услубидан қониқиш ҳосил қилмадик. Ҳужжат ишларидаги айрим камчиликлар унинг фаолиятига соя ташлаб тургандек.

Меҳнат таълими фани ўқитувчиси Ўлмас Қурбонова ҳамда мусиқа фани ўқитувчиси Саодат Сафароваларнинг эътирозлари ҳақли. Мактаб мисолида икки фаннинг ўтилишига қизиқдик.

— Қизларнинг гуруҳига меҳнат дарсини ўтиш учун тикув машиналари, озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишлашда иссиқлик печлари, дазмол, дазмол таглиги, 6-7 синфлар учун дарслик китоблари йўқ,—дейди меҳнат таълими фани ўқитувчиси Ўлмас Қурбонова.

— Мен мусиқа фанидан дарс бераман. Мактабимизда мусиқа чолғу асбоблари йўқ. Дарс учун услубий қўлланмалар мавжуд эмас. 6-7 синф дарсликлари бўлганда ўқувчилар билан янаям пухтароқ машғулот олиб борган бўлар эдик,—дейди мусиқа фани ўқитувчиси Саодат Сафарова.

Бундан ташқари, мактабда ушбу фанлар тор хоналарда олиб борилмоқда. Ўқитувчилар ўз фанлари бўйича фақат назарий билим бериш билангина чекланиб қолишмоқда. Сабаби, мусиқа ва меҳнат фанларини ўтиш учун асбоб-ускуналар ва чолғу асбоблари етишмайди, баъзилари эса умуман йўқ.

Ушбу ҳолат юзасидан мактаб директори Абдулаким Пармоновдан изоҳ сўрасак, елкасини қисиб: “Ҳаммасини тўғирлаймиз!” дейди.

Тан олиш керак, бугунги ёшлар билимга чанқоқ. Улар барча замонавий билимларни эгаллаш билан бирга, энг сўнгги замонавий техникаларни бошқаришнинг-да уддасидан чиқишмоқда. Айтинг-чи, уларнинг билим олишга бўлган талаб ва истакларини қондира олаяпмизми, гап шунда.

Шунингдек, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини билиш мақсадида тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. Мактаб директори Олтибой Қизилов бироз кайфияти йўқмикан, жиддий қиёфада:

— Ташқарига чиқиб турсангиз, хонамни ювдиришим керак,—деди.

— Мактабда янгиликлар кўп экан, газетага берайлик,-дедим.

— Ҳозир вақтим йўқ, бошқа пайт келинг,—дея сўзини мухтасар қилди.

Директорнинг хонасидан чиқарканман, стол устида икки букланган “Сурхон тонги” газетасига кўзим тушиб, алланечук бўлдим. Нам текканидан сарғайиб бужмайиб қолган газета устида эндигина дамланган иссиқ бир чойнак чойнинг буғи чиқиб турарди. Ушбу ҳолатни кўргач, мактаб директорининг маънавиятга бўлган эътибори, муносабати борасида бир хулосага келгандай бўлдим.

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонунлар мавжуд. Унга кўра, ОАВ ходимлари эркин ахборот олиш ва тарқатиш, матбуот саҳифаларида чоп этиш ҳуқуқига эга эканлиги қатъий қилиб белгилаб қўйилган. Аммо, 25-умумий ўрта таълим мактаби директори Олтибой Қизилов ушбу қонун-қоидалардан бехабар кўринади. Акс ҳолда, ОАВ ходимига бундай беписанд муомала қилмаган бўларди. Қиссадан ҳисса, ишлашни истаган имконият, истамаган эса баҳона излайди, деганлари рост.

Вилоятимиздаги мактабларни кезар бўлсангиз, кўплаб бу каби ҳолатларнинг гувоҳи бўласиз. Бунга сабаб нима? Саволлар кўп, аммо… Жавобини вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддиларидан кутиб қоламиз.

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Ёш журналистлар” тўгараги

Иқтидорли ёшлар ҳар бир мактаб, коллеж ва олийгоҳда кўп. Ёшларнинг иқтидорини янада юксалтириш, талаб ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE