Иштиёқ билан савод чиқарган қизалоқ

0
62

7 ёшга тўлганида барча соғлом болалар мактаб томон одимлайди. Лекин Мафтуна бундай хурсандчиликдан, тенгдошлари қатори мактабга боришдан мосуво эди.

Чунки  жисмоний томондан имконияти чекланган, яъни асаб толаларида қон қотиб қолиши натижасида қўлларини ва танасининг айрим қисмларини бошқаришда қийналади. Тиббиёт тили билан айтганда, биринчи гуруҳ ногирони. Лекин Мафтунанинг дунёқараши, ҳаётга интилиши, руҳиятида кечаётган кечинмалар бенуқсон. Аммо ота-онасида тенгдошлари қатори қизининг билим олиши, унинг ҳам бошқалардек ёза олиши, ҳатто  йиллар ўтиб бетакрор расм- лар чизишига бўлган умид йўқ эди.

Бола мактабга боролмайди, дегани унинг илм олишга ҳаққи йўқ дегани эмас. Негаки, бу каби болаларни алоҳида ўқитиш орқали ҳам саводини чиқариш мумкин. Болага ёзишни, чизишни ўргатиш учун ҳам қўл ҳаракати яхши бўлиши муҳим. Мафтуна эса қўлларини ишлата олмайди. Хўш, унга қандай қилиб ёзишни ўргатиш мумкин эди. Бундай мураккаб вазиятдан ҳам чиқиш йўлини топса бўлади. Фақат бунинг учун ўқитувчининг маҳорати ва жонкуярлиги зарур.

Қумқўрғон тумани “Исломобод” маҳалласида жойлашган 30- умумтаълим мактабида фаолият олиб бораётган Дилором Хушмуродова Мафтуна Эшбоеванинг уйига бориб, ота-онасига сизнинг қизингизга уйингизда сабоқ бераман, деганида улар ҳайрон қолишди. “Фарзандимиз қўли билан ёза олмаса, қандай қилиб унинг саводини чиқармоқчисиз?”, дея савол берганида, Дилором опа ҳеч иккиланмасдан, Мафтунанинг оёқлари ёрдамида бўлса-да унга ёзишни, турли хил расм- лар чизишни ўргатишга қарор қилганлигини айт- ди ва унга таълим беришни бошлади. Тинимсиз машқлар ва уринишлардан кейин Дилором опа бунинг уддасидан чиқди.

Эндигина мактаб ёшига етган ўқувчига ҳарфларни ўқиш, чизиш, қўлига қалам тутқазиш замирида катта машаққат ва масъулият ётади. Соғлом болаларнинг бармоқларидан тутиб, уларга алифбедаги ҳарф ларни қийинчилик билан бўлса-да ёзишга ўргатиш мумкин, аммо оёқ ёрдамида қандай қилиб ўргатдингиз, дея Дилором опага савол билан юзланганимизда, у кишининг “Ҳар бир ёш авлоднинг эртаси борлигига ишонаман. Шунинг учун уларнинг жисмоний аҳволи қандай бўлишидан қатъий назар, бор имкониятимни бағишлаб, Мафтунага сабоқ беришни ўзимнинг мураббийлик вазифам деб биламан”, деган жавобидан бениҳоя қувончга тўласан, киши.

—     Мафтуна дастлабки кунларда оёқ билан ёзишда анча қийналди, баъзан ёзмайман, ўқимайман, дея хонанинг бурчагига бориб тескари ўтириб оларди, аммо  бошлаган  ишимни асло ташлаб қўймадим ва унинг кўнглига йўл топиб, ўзига бўлган ишончни оширишга ҳаракат қилдим, — дейди Дилором Хушмуродова.

Мафтуна ҳозирда 30-мактабнинг 3- “Г” синфида ўқийди. Мафтунанинг  ҳатто қўли соппа-соғ болалардан қолишмай ёза олиши, математика фанидан ҳам ҳисоб-китобларни тўғри бажара олишига гувоҳ бўлдим. Ҳали ҳарф ларни талаффуз қилишида бироз камчилик бор. Икки оёқлаб тезлик билан сумкасини очиб, унинг ичидан бўёқ қаламларни худди қўлда ушлагандек чаққонлик билан оёқ бармоқлари орасида тутиб, шундай расмлар чиздики, уни оддий ўқувчи тугул яхшигина расм усталари ҳам кўрса ҳайратланиши турган гап. Мафтуна ёш бўлишига қарамасдан, телевизорда бериб бориладиган янгиликлардан хабардор бўлишга интилишини, шеърлар ёд олишни яхши кўришини, ҳар йили 14-январда синфдоши Жасурни табриклашни канда қилмаслигини эшитиб, қувончим яна бир қадар ошди. Онаси Гулсоат Худойқулова  бор меҳри ва эътиборини шу қизга бағишлаган. Отаси Панжи Эшбоев эса қизига таълим олиши учун зарур барча шароитни яратиб берган. Ёлғиз фарзандини даволатиш учун ҳар уч ойда шифокорга олиб бориш ва унга кетадиган каттагина харажат бироз қийнаб қўйган бўлса-да, улар бу нарсани ўйлаб оғринмайди. Уларга фақатгина қизи тузалиб кетса ва жамиятда ўз ўрнини топса бўлгани.

— Мен учун қизим бошқа соғлом болалардан кам эмас, — дейди онаси Гулсоат опа.  Мафтунанинг билим олиши учун “Исломобод” маҳалласида жойлашган 30-мактаб жамоаси томонидан парта, ўриндиқ, доска ва бошқа кўргазмали плакатлар ва ўқув қуроллари берилган.

—     Қўлим тузалиб кетишини ва келажакда тиш шифокори бўлишни хоҳлайман, — дейди Мафтуна Эшбоева.

Унинг табиат манзараларини, ҳайвонларнинг расмларини чизишни хуш кўришини катта қизиқиш билан айтиб бераётганида юрагимдан нимадир узилгандек бўлди. У ҳали кичкина, бунинг устига жисмоний имконияти чекланганига  қарамай ҳаётда ўз олдига мақсад қўйган. Муҳими, қизчанинг ўзига хос қизиқишлари бор.

Халқимизда шундай гап бор: “Инсоннинг қўллари мўжиза яратишга қодир”, лекин Мафтуна Эшбоеванинг оёқ ёрдамида ҳам баъзи бир соғлом инсонлар бажара олмаётган юмушларни бажара олаётгани, ҳаттоки, танловларда ҳам қатнашиб ғолиб бўлаётгани таҳсинга лойиқ. Хусусан, у “Мафтункор бўёқлар” расм- лар танловининг туман босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллаган. Мафтунанинг иродаси, интилувчанлиги ва қизиқиши, келажакка бўлган ишончига қойил қолмаслик мумкин эмас.

Адолат МЎМИНОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг