Бош саҳифа / Жамият / Ишонтириш санъати

Ишонтириш санъати

Ҳар бир ота-она фарзандини бахтли, саодатли бўлишини чин дилдан истайди. Албатта, инсонда яхши амал ва мартаба, обрў бўлса-ю лекин тинч ва фаровон оила бўлмас экан, бундай бахт унга татимайди.  Аслида фарзандининг бахтли бўлишини чин дилдан истайдиган ота-оналар, аввало, ўзлари ибрат мактаби бўлишлари лозим. Ана шундай намунали оилавий муҳит фарзанднинг оилага қарашлари ва муносабатини шакллантира боради. Яна исбот талаб қилмайдиган бир гап, фарзанд чин маънода диний ва дунёвий билимлари етарли ота-она қўлида тарбия топса, у албатта, оилани муқаддас билади.

Бугунги ибора билан айтганда, оила қуриш учун севиб қолишнинг ўзи кифоя қилади, томонлар келишуви билан ажойиб тўй ҳам бўлади. Айнан тўйдан кейин, ҳаётнинг ширин, аччиқ, машаққатга тўла даврлари бошланади.   Машҳур инсонлардан тортиб, оддийгина одамларнинг фикрларига назар солсак, бахт тушунчасини улар айнан оила аталмиш қадрият билан ифодалайди. Хўш, оиланинг бахтли бўлиши учун ким кўпроқ масъул, жавобгар?  Бу савол билан кўп маротаба  яқинларимга,  ёши улуғ инсонларга мурожаат қилганман. Айниқса, момомнинг оилангни муқаддас бил, келажакда оилангнинг фаровон, тинч-тотув бўлиши сенга боғлиқ, аёл киши сабр-бардошли, кўникувчан бўлиши керак, деган сўзлари қизалоқлигимданоқ  қулоқларимга сингиб кетган. Атрофга назар солиб, оилавий бахтнинг мустаҳкамлигида аёл ҳам, эркак ҳам бирдек маъсул, деган фикрга келганман.

Никоҳ — бирлашув,  талоқ — бегоналашув. Оила бузилишини ифодаловчи бу мудҳиш сўз хусусида ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ҳалол ва рухсат этилган нарсалар ичида Аллоҳ таолога хуш келмайдигани талоқдир.”( имом Бухорий). Минг афсуски, баъзи ёшлар бу сўзнинг залворини, оқибати ва маъсулиятини ҳис қилмай, ҳуда-беҳудага айтаверади.

Мен бир оилани билардим, бир куни эр-хотин ўртасида арзимаган сабаб билан  жанжал чиққанида жаҳл устида хотинига “талоқ” деб юборган, шу воқеадан бир йил ўтиб, уларнинг иккинчи фарзанди дунёга келганди…  Аслида бу сўз айтилганда, еру осмон ларзага келишини, надоматлар бўлсинким, янги ҳаёт қураётган ёшлар теран ҳис қила билмайдилар.

Тўйдан бир ой олдин, чиройли рақсга тушиш машқини ўрганадиган ёшлар  ҳеч бўлмаса оила ҳақидаги диний ва дунёвий илмларини оширсалар, бундай ҳунук ҳолатлар камроқ кузатилар эди. Шу ўринда яна бир мулоҳаза, нафақат ота-оналар, балки қонуний никоҳни қайд этувчи идораларда оила ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан бирга, эндигина янги ҳаёт остонасида турган ёшлар билан диний суҳбатлар олиб борилса,  улар никоҳни, албатта, муқаддас деб қарайдилар. ФҲДЁ идорасида фақат никоҳ тузилганлик ҳақида гувоҳнома ёзиш эмас, балки, руҳшунослар оила психологияси ҳақида тушунча берсалар, дин пешвоси ҳам уларга хотирадан ўчмайдиган ва қалбга муҳрланадиган сўзлар билан никоҳнинг муқаддаслигини тушунтира олсалар, мустаҳкам оилаларимиз кўпаяверади. Бунинг учун масъул мутасаддилар ишонтириш санъати ҳадисини олган бўлишлари керак.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА,
ЎзМУ журналистика факультети талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan