Бош саҳифа / Жамият / Ишончга муносиб

Ишончга муносиб

3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни

Икки қўшни аёлнинг суҳбати:

— Ҳой қўшни, тунов куни даҳлизни биринчи қаватдан то юқорисигача мен тозалаганман. Сизга навбат келса ҳам тозалаш хаёлингизга келмайди-а.

— Вой, бу нима деганингиз?! Ўтган ойда мен ҳам ювиб чиққандим. Мендан бошқа йўқми?

— Уялмайсизми, шу гапларни айтишга. Ҳар доим баҳоналарингиз тайёр…

Бу икки аёл ҳар ҳафта мана шундай даҳанаки жанжал учун ярим соат вақтини сарфлаб ҳузурланади. “Ҳой, барака топкур, ундан кўра шу вақтингни даҳлизни тозалашга сарфла”, дейдиган топилмайди. Тўрт мучаси соғ икки аёл ўзи истиқомат қилаётган хонадон даҳлизини саранжом қилишга оғринади. Аммо орамизда шундай инсонлар борки, имконияти чекланган бўлса-да, ҳеч бир соғлом инсондан қолишмай меҳнат қилади.

Оёқлари ўзига бўйсунмай, эмаклаб ҳаракатланаётган қирқ ёшлар атрофидаги аёл кўп қаватли уйлардан бирининг даҳлизини тозалаш билан овора. Қўлидаги мато билан юқорига ва пастга энгашиб зиналарни артаяпти. Аёл эътиборимни тортди ва у киши билан суҳбатлашишга аҳд қилдим.

Ўзини Каромат Раҳимова дея таништирган аёл Термиз шаҳридаги “Гулистон” маҳалласида кекса онаси ҳамда опаси билан яшайди.

— Қизим, ўн фарзанднинг кенжаси, — дейди К. Раҳимованинг онаси Майрам момо. — Фақат Кароматим мени кўпроқ қийнаган. Оёғида нуқсон билан туғилгани учун жуда кўп дўхтирга кўрсатдик. Тошкентга олиб бориб даволатдик. Йиллаб шифохонада ётишимизга тўғри келарди. Фарзандингда нуқсон бўлса, ундан ҳам кўпроқ азоб чекадиган она бўларкан. Кароматдаги қизиқишнинг кучлилиги, ҳаётга бўлган муҳаббати, балки менга куч бағишлагандир. Шифохонада аёллар ҳар хил кийим-кечаклар тўқирди. Қизим ҳам тезда ўрганиб, ўзи ҳам пайпоқчалар, нимча ва қалпоқлар тўқир, ўша ердаги кўнгли ярим бемор болаларга совға қилиб, дили яйраб ўтирарди.

Онаси “қиз чиқараман” деганларнинг кўрпаларини тикиб, мағизлар, қуроқ соларди. Каромат ҳам дастёр бўлиб, онасига қарашарди. Тикиш-бичишни ўрганиб, сўнг ўзи ҳам буюртма асосида кўрпа тикадиган бўлди. Ўшанда қизидаги тикувчиликка бўлган қизиқишга беэътибор бўлмаган Абдували бобо Кароматни шаҳардаги бичиш-тикишни ўргатадиган курсга олиб борган эди. Шундан бери Каромат Раҳимова ўзи ва яқинларига, “тикиб беринг” деган борки, барчага кўйлаклар тикиб беради. Чақалоқлар учун либослар, бешик учун керакли нимаики бўлса, барини онасининг эски тикув машинасида тикиб берарди. Шаҳар ҳокимлиги Каромат опага янги “Чайка” номли тикув машинаси совға қилганида қувончи оламга сиғмади.

— Ҳокимлик совға қилган тикув машинасига бир қувонган бўлсам, барча шароитлари муҳайё икки хонали квартирани имтиёзли кредит асосида беришгани минг карра хурсанд қилди. Кредит тўловини уйда этак тикиб, ишлаган меҳнат ҳақимиз билан тўлашимиз, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшаяпти. “Наврўз” маҳалласидаги 3 хонали уйимизда ҳеч қандай шароит йўқ эди. Қийналардик. Кимнингдир кўмагига муҳтож бўлишдан ёмони йўқ. Оҳларим Яратганга етдими, мана шинам уйга кўчдик. Онам ҳам, мен ҳам ҳеч бир қийинчиликсиз яшаяпмиз. Мана шундай шароитларни яратиб берган Президентимизга, вилоятимиз ҳокимига минг раҳмат дейман. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда опа ва шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Меҳри опадек меҳридарё аёлларни кўрмаганман. Уларнинг ғамхўрлиги, маслаҳатлари билан ҳаётга, яшашга меҳрим бўлакча. Уларга ҳар доим ташаккур айтиб, дуойи жонларини қилишдан чарчамайман.

Имконияти чекланган бўлса-да, барча ишни уддалашни ўзига ва бошқаларга ҳам исботлаб келаётган Каромат опанинг жасоратини бугун барчага намуна қилиб кўрсатсак арзийди.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE