Ишонч ва эътибор

0
125

Маълумки, Президентимиз жорий йилнинг 27 июнида “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури тўғрисидаги фармонга имзо чекканди.

Мазкур фармонга мувофиқ, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламдаги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Хусусан, “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ташкил этилиб, унинг кўмагида ёшлар ташаббуслари ва ғояларини амалга ошириш, мавжуд муаммоларини мунтазам ўрганиш ва таҳлил этиб бориш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да мазкур давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини вилоятда режали ва тизимли тартибда ташкил этишга бағишланган ўқув-семинар ўтказилди. Мазкур дастур ижросини таъминлаш бўйича вилоятимизга бириктирилган республика ҳамда мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда тузилган вилоят ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Семинарда  давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича  вилоятимизга бириктирилган республика Ишчи гуруҳи раҳбари, Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари Ш.Отабоев, ишчи гуруҳ раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Қурбонов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Чориев  дастурнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор йўналишлар ва улар ижросини вилоятда тизимли тартибда ташкил этиш ҳақида батафсил сўз юритишди.

Айтиш жоизки, ишчи гуруҳлари томонидан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган туман (шаҳар) паспортлари ишлаб чиқилади. Маҳаллаларда “Ёшлар меҳнат гузарлари” ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор тадбиркорлар жалб қилинади. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги йигит-қизлар зарур маблағ ва ресурслар билан таъминланади. Ёшларни қийнаб келаётган муаммолар аниқланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилади.

Йиғилишда ишчи гуруҳ штаби фаолияти, аъзоларнинг масъулияти, ажратилаётган маблағлардан ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

ЎЗ МУХБИРИМИЗ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг