Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Қишлоққа қачон газ келади?..

Қишлоққа қачон газ келади?..

Биз Қумқўрғон туманидаги “Жалойир” маҳалласида истиқомат қиламиз. Қишлоғимиз туман марказидан бироз чеккада жойлашганлигини ҳисобга олмаганда, барча шароит бор.

Аммо “Ҳар тўкисда бир айб бор”, деганларидек, баъзи бир маиший муаммолар аҳолини қийнаб келади. Ўзингизга маълум, бир неча йиллардан бери аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида, хонадонлар суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо сўнгги ойларда газ таъминотида юзага келаётган узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳам бор гап. Гапнинг индаллоси, қишлоғимизда сўнгги марта жорий йилнинг 23 июль куни газ баллонлари тўлдирилган эди.

Туман газ таъминоти корхонаси вакиллари ҳар ойда аҳоли газ баллонлари “заправка” қилинади, дейишганди. Бироқ бу қуруқ ваъдалигича қолиб кетди. Айни пайтда воҳамизда пахта терими мавсуми қизғин бир паллага кирганлигини инобатга оладиган бўлсак, бу аҳоли учун қўшимча ноқулайликлар туғдирмоқда. Негаки, бугунги кунда аксарият аҳоли далада пахта йиғим-теримида иштирок этмоқда. Даладан ҳориб қайтган пахтакорлар учун кечки пайтда ўчоқ ёқиш анча-мунча қийинчилик туғдириши тайин. Ажаб, бу ҳол қачонгача давом этаркан?

Наҳотки, Қумқўрғон туман газ таъминоти корхонасида аҳолига газ баллонлари етказиб бериш бўйича рўйхат шакллантирилмаган бўлса? Модомики, масъул идоранинг ўзида тартиб-интизом ўрнатилмас экан, аҳоли орасида эътирозлар кўпайгандан кўпаяверади.

Зиядулла МУСТАФАҚУЛОВ,
Қумқўрғон туман “Жалойир” маҳалласи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan