Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Қишда помидор гуллади

Қишда помидор гуллади

Ангор туманидаги “Тўлқин” маҳалласида яшовчи хонадонларда бекорчи  кишининг ўзи йўқ. Ёшу қари бўш вақт топдими, томорқада меҳнат қилишади.

Оилалардаги олий маълумотли мутахассислар ҳам, корхона, ташкилотда ишловчи ишчи-хизматчилар ҳам дам олиш кунлари бўш ўтирмай томорқаларида турфа зироатлар парвариши билан банд бўлишади.

Маҳалладагилар “Рўзғоримда ундай муаммо бор, бу нарсага зориқаяпман”, деб ҳокимият қабулхонасига тўпланиб боришмайди, маҳалла оқсоқолларини безовта қилишмайди. Оёқлари остида турган бебаҳо хазина — заминда турфа зироатлар ўстириб, мўмай даромадли бўлишаётир. Қайси хонадонга кирманг, томорқада плёнка остида картошка, карам, хўраки лавлаги (қизилча), помидор ёки бодринг яшнаб турганинг шоҳиди бўласиз.

Шайдулла бобо Махамов хонадонида бўлдик. Томорқанинг 15 сотихида плёнка остида экилган “Бурбон”, “Фора”, “Грен фреш” навли карамлар ҳосил ўраш арафасида. 4 сотих жойда барпо этилган ихчам иссиқхонага кирсангиз 1200 туп “Бўрон” навли помидор аллақачон гуллаб, пешма-пеш ҳосил тугаяпти. Бу экинларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан ривожланмайди. Ерга қувват берувчи ўғит керак. Оила аъзолари томорқаларига кўпам маъданли ўғитларни солишмайди. Асосан гўнг ишлатишади. Хонадонда боқилаётган 6 бош қорамол, 10 бош майда молнинг даромади рўзғорга яраётган бўлса, жониворлар боқилаётган бостирмалардан кураб олинаётган маҳаллий ўғит томорқага дармон.

— Яна бир ойдан кейин келсангиз помидоримиз пишади, — дейди Шайдулла бобо. — Мен фақат кўрсатувчи, ишни эса ўғилларим Музаффар, Миржалол, келинлар Манзура Холмирзаева, Сожида Номозова бажаришади. Аёлим Амирхол эса овқат тайёрлаш, невараларни парваришлаш билан банд. Оила аъзоларимизнинг ҳамжиҳатлиги туфайли йилига томорқадан 20 миллион сўмдан зиёд даромад қилаяпмиз. Ўтган йилги то- морқа даромадидан 4 хонали уй қурдик. Бу йилги ҳосилларимиз фойдасидан эса невараларнинг суннат тўйини ўтказмоқчимиз…

Дарвоқе, ишлаган тишлайди, бировга муҳтож бўлмайди, ҳеч нарсага зориқмайди.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“To’palang”dan obi hayot keladi

Viloyatimizda aholini toza ichimlik suvi bilan ta’minlash eng muhim masalalardan. Zero, bugungi kunda viloyat aholisining …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan