Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Иш излаганга имконият…

Иш излаганга имконият…

Меҳнат ярмаркаси. Яқин-яқингача бу атамани эшитишимиз биланоқ, энсамиз қотарди. Чунки уларнинг айримлари кўз бўямачилик учун ташкил этилишию, ишга кирганлар сонининг бўрттириб кўрсатилишидан анча безиб, ҳафсаламиз пир бўларди.

Бугун ҳам бундай ярмаркалар ўтказилмоқда. Аммо бугунгиси кечагиларидан фарқли. Сабаби, фуқаролар унда иштирок этиб, нафақат муқим иш жойига, балки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш, чет элда ишлаш имкониятини ҳам қўлга киритишмоқда.

Термиз шаҳрида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, бандлик бош бошқармаси ҳамда Ўзбекис- тон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган меҳнат ярмаркасида туманлардан ташриф буюрган 1056 нафар киши ишли бўлди. Уларнинг 594 нафари 30 ёшгача, 462 нафарини эса 30 ёшдан юқори бўлган фуқаролар ташкил этади.

— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июндаги “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ташкил этилган ушбу ярмаркада 1900 га яқин ташкилот, корхона ва муассасалар олти мингга яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди, — дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов. — Бу ерда турли йўналишда бўш иш ўринлари ёшларга таклиф қилиниб, керак бўлса, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганларга кредитлар ажратилиб, ўз иш фаолиятини бошлаб олишлари учун йўналиш, ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди. Бугун ишлайман, деганга имтиёз кўп. Биргина мисол, вилоят бандлик бош бош- қармаси жамоатчилик асосидаги иш учун 63 миллиард сўм ажратилган, шундан ўтган етти ой ичида бу маблағнинг 20 миллиардини ишлатдик, холос. Бундан кўринадики, маҳаллалардаги жамоат ишларида ишлаганларга иш ҳақи тўлашга имкониятимиз етарли. Шу боис, ушбу йўналишда ёшларимиз фаоллик кўрсатиб, ҳам жамиятга, ҳам оилавий бюджетига фойда келтириши мумкин. Бундан ташқари, ёш фермерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Фермерлари кенгаши томонидан 18 миллиард, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан эса вилоятимиз ёшлари учун 59 миллиард сўм пул ажратилган. Улар ёшларимизнинг тадбиркор, ишбилармон бўлишлари учун сарф қилинади. Демак, қулай имкониятдан фойдаланиш, ташаббус кўрсатиш керак, холос. Биз эса ёшларга зарур барча кўмакни беришга тайёрмиз.

Бугунги кунда нафақат касб-ҳунар коллежини тамомлаган, балки олий маълумотга эга кўплаб ёшларимиз иш излаб сарсон бўлишаётгани рост. Меҳнат ярмаркаси эса бундайларга яна бир қулай имконият яратди. Фақат ким бўлишидан қатъий назар ўз касбини пухта эгаллаган бўлса бас.

— Бу йил Термиз давлат университети физика-математика факультетининг амалий математика ва информатика йўналишини тамомладим, — дейди Термиз шаҳридаги “Шодлик” маҳалласида яшовчи Жасур Ғуломов. — Ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Бугун эса ушбу ярмарка баҳонасида 3-умумтаълим мактабига информатика ўқитувчиси бўлиб ишга кирдим. Албатта, мактаб маъмурияти мени суҳбатдан ўтказишди, билимимни синаб кўришди. Уларнинг барча саволларига жавоб бергач, ҳужжатларимни қабул қилишди. Бундан жуда хурсандман.

— 2016 йилда Шўрчи тиббиёт коллежини тамомлаганман, — дейди қумқўрғонлик Шоҳруҳ Наж- миддинов. — Бу ерга иш излаб келгандим, ниятимга етдим. Мени Қумқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси ички дорихона бўлимига фармацевт лавозимига ишга қабул қилишди. Шу ернинг ўзида ҳужжатларимни расмийлаштириш учун тақдим этдим.

Кўргазмада тиббиёт, халқ таълими, қурилиш, тадбиркорлик, тикувчилик каби турли йўналишларда бўш иш ўринлари тақдим этилди. Албатта, унда белгиланган синовлардан ўтиб, ишга кириш учун йўлланмага эга бўлганларнинг “ҳақиқат йўқ, фақат таниш-билишлари борларнигина ишга олишаркан” деган қарашлари ўзгарди. Муҳими, энди одамларда меҳнат ярмаркаси ўз номига муносиб равишда ташкил этилаётганлигига ишонч пайдо бўла бошлади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Божхонадан ўтиш янада қулай!

Қўшни давлатлар билан алоқаларимиз янада кенгайиб, чегарадан ўтиш тартиби анчайин осонлашгандан сўнг, кўпчиликда ташқи ҳудуддан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan