ҚИСҚА САТРЛАРДА

0
63

Устама ҳақ олиш учун синов

Давлат тест марказининг чет тилларини баҳолаш ва сертификатлаш бўлими мутахассислари вилоятимиздаги олий, ўрта-махсус, халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган 76 нафар хорижий тил ўқитувчиларини устама ҳақ олиши учун синовдан ўтказди.

Биринчи босқичда ўқитувчилар тинглаб тушуниш, ўқиш, лингвистика-грамматика йўналишлари бўйича 30 тадан тест саволларига жавоб беришди. 40 фоиздан кам бўлмаган балл тўплаган педагоглар иккинчи босқичда ёзма иш ёзиш орқали ўз билимларини синаб кўришди. Мазкур босқичда 50 фоиздан кам бўлмаган балл тўплаган педагоглар Термиз шаҳрида 15 фоиз, қолган чекка ҳудудлар ўқитувчилари эса 30 фоиз устама ҳақ олиши мумкин бўлади.

Ёқубжон КАРИМОВ

 

Яшил иқлим жамғармасини биласизми?

Термиз шаҳрида Бирлашган миллатлар ташкилоти тараққиёт Дастури, Гидрометереология хизмати маркази ва БМТ Атроф муҳит Дастурининг “Ўзбекистонни Яшил иқлим жамғармаси ресурсларидан фойдаланишга тайёрлаш дастури” қўшма лойиҳа доирасида миллий ташкилотлар ўртасида Яшил иқлим жамғармаси фаолияти тўғрисида хабардорликни оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Мазкур жамият бугунгача дунё бўйлаб 76 та лойиҳани молиялаштирган. Бу галги лойиҳа Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва жорий йилнинг ноябрь ойи га қадар амалга оширилади.

Айтиш керакки, ҳозирда Ўзбекистонда ҳам ваколатли орган ва ташкилотлар томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган 7 та лойиҳа таклиф этилган.

Баҳриддин ҲАЙДАРОВ

 

Матбуот анжумани – мулоқот майдони

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мажлислар залида вилоят ҳокимлиги, олийгоҳлар, вилоят таълим муассасалари, касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари томонидан “Таълимга эътибор – келажакка пойдевор” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вилоятимиз таълим тизимида ўзгаришлар юз бераётгани, ёшларга билим беришда инновацион лойиҳалар қўлланилаётганига қарамай тизимда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар ҳам талайгина эканлиги ОАВ ходимлари томонидан аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди. Ютуқ ва камчиликлар очиқ, ошкора муҳокама этилди. Шунингдек, келгусида ўзаро ҳамкорликда қилиниши керак бўлган ишлар ҳам белгилаб олинди.

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг