ҚИСҚА САТРЛАРДА

0
66

Эъзоздан кўнгиллар шод

Термиз шаҳридаги 50 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказилди.

“Grand Almaz” шодиёналар мажмуасида ўтказилган тантанада тўй болаларга шаҳар ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари, ўқув қуроллари ҳамда халқ банки шаҳар бўлимида болажонлар номига очилган махсус ҳисоб рақамига пул маблағлари ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди.

Сарвар ТЎРАЕВ

Интилганга толе ёр

Сариосиё туманида Ўктам Маҳмудов раҳбарлик қилаётган “Ўзагролидер” МЧЖ ишчилари ўтган йил 12 гектар экин майдонда иссиқхона ташкил этиб, жорий йилнинг февраль ойида 11 минг туп лимон кўчатини экишганди.

Лимон қатор ораларидан унумли фойдаланиш мақсадида эса очиқ экин майдони билан қўшиб ҳисоблаганда жами 19 гектарга Туркия, Япония давлатларида экиладиган карам кўчатининг харидоргир “Броккли” навини экишди.

— Айни кунгача карамдан 220 тонна ҳосил олдик, 60 тоннасини Россия давлатига экспорт қилган бўлсак, қолган қисмини музлатгичда сақлаймиз, — дейди МЧЖ ҳосилоти Аброр Қаландаров. — Ҳали ҳосилнинг чўғи баланд, жами 280-300 тонна карам йиғиб олиш ниятимиз бор. 50 нафар доимий ва 250 нафар мавсумий ишчини иш билан таъминлаганмиз. Лимон кўчатларимиз 2020 йилда ҳосилга киради.

Алиёр РАЖАБОВ

Мурувват

Вилоят маъмурий суди ходимлари Термиз шаҳридаги “Шодлик” ва “Байналминал” маҳалласида истиқомат қилаётган 10 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила хонадонида бўлишди. Турли совғалардан, эътибордан мамнун бўлган хонадон соҳиблари ҳамиша инсон қадр-қиммати улуғланган осойишта юртимизга равнақ ва халқимизга сиҳат-саломатлик тилашди.

— Мамлакатимизда ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд оилалар ҳеч қачон эътибордан четда қолмаган. Айнан давлатимизнинг қудрати ва халқимизнинг бағрикенглиги сабаби ҳам шунда. Жамоамиз ҳар бир тадбирда атрофдагилар ёрдамига, бир оғиз ширин сўзига умидвор инсонларни назардан қолдирмайди,— дейди вилоят маъмурий суди раиси Зафар Аллабаев.

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг