Ироданинг юксак парвози

0
78

Мамлакатнинг чекка бир қишлоғида туғилиб ўсган оддий ўзбек қизалоғи Москвада мусиқа ва санъат бўйича дунё тан олган маданият арбоблари ва мутахассисларини лол қолдир-ди. Бу хушхабарга ойдинлик киритиш учун Ирода Пайғамованинг отаси билан суҳбатлашдик.

— Тан олиш керак, оила бошлиғи, ота сифатида бу мен учун иложсиз нарса эди. Онаси билан роса бош қотирдик, ечимини топа олмадик, — дейди Ҳусниддин Пайғамов. — Ахийри, бизнинг оилавий аҳволимизни озми-кўпми билган В. Успенский номидаги республика ихтисослашган мусиқа академик лицейи директори Д. Жамалова вилоятимиз ҳокими Э. Турдимовга шу йил 20-25 апрелда Москвада бўладиган халқаро танловда иштирок этиши режалаштирилган қизим Ирода Пайғамовага моддий кўмак беришни сўраб хат орқали мурожаат қилди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокимининг саъй-ҳаракати билан барча муаммолар ҳал этилди. Бу биз учун жуда катта қувонч ва байрам эди. Фарзандимизнинг устозлари севинганини айтмайсизми? Барча оила аъзоларимиз номидан ҳокимимизга миннатдорчилик билдириб, умрингиз узоқ, бахт-омадингиз бардавом бўлсин, эл юрт йўлидаги хизматингизга Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин, деймиз. Бу воқеани мен умрбод унутмайман.

Хўш, Ирода Пайғамова қандай қилиб, бира тўла шундай катта нуфуз ва эътирофни қўлга киритди? У 2000 йилда Термиз тумани, “Мангузар” маҳалласида туғилган. Отаси география фани ўқитувчиси, онаси уй бекаси. Ироданинг момоси Зарифа Шокирова эса тарих фани ўқитувчиси. Биз бежиз унинг момосини келтирмадик. Ирода доимо ана шу момосининг эътиборида, тарбиясида ва парваришида бўлди. Ўрта мактабда Ироданинг мусиқа ўқитувчиси Наргиза Мирзаева, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Акрам Пайғамовлар билан ҳамиша фикр алмашиб, ҳамкорлик қилиб турди. Кекса педагог Зарифа Шокирова фарзанди учун бўлмаса-да, набираси учун ўзида куч-қувват, имконият, вақт, ҳафсала топа олди.

— Учқизил қўрғонида бўлган бир тадбирда кўпчилик қатори Иродахонни ҳам олиб боргандик, — дейди “Мангузар” маҳалласи котибаси Саломат опа Юсупова. — У Муяссар Раззоқова ижросидаги “Ватан азиз” қўшиғини куйлаганда зал алоҳида қарши олганини сездим. Ва бу нозиккина ўқувчида сеҳр ли ва ноёб овоз ҳамда қобилият борлигини ҳис этдим.
Ирода Пайғамова Термиз туманидаги 11-мактабнинг 5-синфини якунлаганда, момоси севимли набирасини Тошкентдаги В. Успенский номидаги ихтисослашган мусиқа академик лицейига олиб борди.
— Набирамни синаб кўришгач, ниҳоят қабул қилишди, — дея ғурурланиб эслайди Ироданинг момоси. — Ётоқхоналари, ўқув ва машғулот заллари ниҳоятда менга ёқди. У ерда катта эътибор ва нуфузга эга бўлган Любовь Гаврилова деган профессор-ўқитувчи шогирдликка қабул қилди. Барибир мутахассис — мутахассис-да! Бир қарашда оддий кишилар англамаган нарсани анг- лайди, сезади. Икки йил ўтар-ўтмас набирам бир қатор танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга кирита бошлади.

Дарҳақиқат, В. Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи 2-босқич ўқувчиси Ирода Пайғамова ўзининг тиришқоқлиги ва Яратган ато этган истеъдоди билан ҳудудий танловда қатнашиб, Москвада ўтадиган халқаро танловда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу хушхабар албатта, лицейдаги, ўзи ўқиган қишлоқ мактабидаги устозлари ва оила аъзоларини қувонтирди. Лекин бундай нуфузли халқаро танловда иштирок этиш, бир ҳафтадан ортиқ Москвадек шаҳарда яшашнинг ўзи бўладими? Хуллас, энди ҳаммасидан хабардор бўлдингиз.

Академик вокал йўналиши бўйича таҳсил олаётган Ирода Пайғамова ижросида мумтоз опералар, ариялар, қадимий халқ қўшиқлари ўзгача жаранглашини устозлари яхши билишарди. Шу сабабли ҳам Москвада бўлиб ўтган XXII халқаро “Bella voce” талабалар вокал конкурсида Моцартнинг “Дон Жуан” операсидан “Церлина” ариясини, Булаховнинг “Прилесный глазки” романсини ижро этганда, томошабин ва мутахассислар ўз эътирофини яшира олишмади. Айниқса, Ирода ижросидаги рус халқ қўшиқлари барчанинг эътиборини тортди. У “Как на этой на долинки?” деб аталувчи қадим ва мумтоз рус қўшиғини ижро этганда, залдагилар жўр бўлиб кетишди. Нуфузли ҳайъат аъзолари халқ қўшиқларини маҳорат билан ижро этганлиги учун Иродани халқаро танловнинг махсус мукофотига лойиқ деб топишди.

Эндигина мусиқа академик лицейининг 2-босқичини тугатаётган ўқувчи учун бу жуда катта ишонч ва эътирофдир. Қолаверса, устозларининг тинимсиз ва самарали меҳнати, ўзининг қобилияти ва тиришқоқлиги ҳосиласидир. Биз хорижда халқаро нуфузли саҳналарда нафақат Сурхон воҳаси, балки мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган истеъдодли қизимизнинг келгусидаги ўқишига, санъат соҳасидаги интилишларига юксак парвозлар тилаб қоламиз.

Сафар ОМОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг