Бош саҳифа / Жамият / “Ирга кўрди маросими” ҳақида биласизми?

“Ирга кўрди маросими” ҳақида биласизми?

Бугун келин томон куёв хонадонига ташриф буюрадиган кун. Ҳамма ишда бўлгани учун Фотима момо меҳмонларни кутиб оладиган бўлди. Ниҳоят келиннинг амма-холаларидан иборат меҳмонлар эшикни тақиллатди. Момо уларни қарши оларкан, набираси Алишерга ажратилган икки хона томон бошлади.

Аёллар момо билан мулойимлик билан гаплашар, аммо юзида қандайдир сохталик сезилиб турарди. Бу ҳам етмагандек, улардан бирининг “уй кўрдига келдик, момоси”, деган гапи ҳам қандайдир эриш туюлди. Аёллар хонани обдон кўздан кечиришди. Эшик-деразалар, девордаги гулқоғоз ҳам, гиламлару қолган кичик деталлар ҳам эътибордан четда қолмади. Энг яхши мебелга буюртма беришганию, энг зўр элита пардалари билан жиянининг шу хонадонга келишини айтаётган амма-холалар шу тобда Фотима момога ролини қойиллатиб ўйнаётган артистларга ўхшаб кетарди. Меҳмонлар бир неча соатдан кейин хайр-хўшлашиб, кетгандан сўнг, ҳовли ва хоналар бирданига ҳувиллаб, тинчиб қолди. Шунда бироз тин олган момо ўзига ўзи гап қотди:

— Тавба, уй кўрдига келдикмиш. Авваллари қиз хонадонига бориларди. Қизли уй рўзғори қандай тутилаётгани билдириб-билдирмай кўздан кечириларди. Ҳозир эса акси. Куёв уйи кўздан кечирилаяпти. Ёшлигимизда зўр одатлар бўларди. Момом раҳматли “Ирга кўрди маросими” ҳақида кўп гапириб берардилар. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу маросим барчамизни сергаклантирган ўшанда.

Қизи бор хонадон доим диққат марказида бўларди. Қизларнинг бўйи етмасданоқ отинойилар ўша қизлар қандай тарбия топаяпти, одоб-ахлоқи, ўзини тутишини кузатиб юришарди. Хонадонларини саранжом-саришта тутаяптими, оқила қиз воя- га етаяптимикан, деган мақсадда қизи бор хонадонларга тез-тез бориб туришган. Ҳовли ва хоналарга суҳбат асносида кўз қирини ташлаб кузатишган. Гиламлар остида чанг, ғубор бор-йўқлигини, болиш ва кўрпачалар тозалигини, қандай тутилганини кўриб, қиз қидирган томонга яхши келин борлиги ҳақида тавсия ва маслаҳат солишган.

Эҳ, ўша замонда қизлар ҳам жуда бошқача эди-да. Оналаримиз уй-рўзғор тутишни, камгап, камсуқумликни, кўзга тик боқмасликни ўргатардилар. Бўш вақтларимизда қўшни қизлар билан кашта солардик. Ўшанда айтишувлар айтардик, лапарлар куйлардик. Бир ажойиб эди…

“Ирга кўрди маросими” ёш қизларга ҳам, уларнинг ота-оналарига ҳам қандайдир масъулият юкларди. Қиз улғайтириб, изза бўлмасликлари учун меҳнатга, ҳунарга ўргатишарди. Айниқса, момомнинг насиҳатлари, ҳар бир айтган сўзлари, оила муқаддаслиги, фарзандларнинг нечоғлик қадрли эканию, катталарга ҳурматда бўлишлик, турмуш ўртоғи ва унинг оиласига қандай муносабатда бўлишни шундай тушунтириб қулоғимизга қўярдики, худди эртак эшитгандек бўлардик.

Яқиндагина Алишеримга совчи бўлиб борганимизда мезбон чиққан пайт секин гиламни кўтариб кўрсам, келиним Ҳусниянинг фиғони фалакка кўтарилишига салгина қолди-я. “Шарманда қилманг, ойижон, нималар қилаяпсиз”, дейди. Сиз ёшлар нимани ҳам тушунардингиз. Кўзингизга кўринган ҳамма ялтираган нарса ҳам олтин эмас, ахир. Ўшанда келинга ирга кўрди ҳақида бир куни айтиб беришни дилимга тугиб қўйдим. Буни билиш зарар қилмайди.

Ҳозир кимдан сўрамайин, “ирга кўрди маросими” ҳақида сўрасангиз, ҳаттоки билишмайди ҳам. “Ирга кўрди”нинг унутилиши, кўп томонлама ёмон ўзгаришларга олиб келди. Ана қўшнининг қизлари Маша билан Гуля. Ҳатто, ҳақиқий исмларини ҳам билмайман. Ўзбек қизлари бўла туриб ўзларига қўйган исмини қаранг. Хуллас, бу қизлар алламбалоларни кийиб олиб, қиқир-қиқир қилганча кунни кеч қилиб, уйга қайтишади. Уйларида эса ҳай, дейдиган хўжа йўқ. Уларнинг ўрнига бояқиш она Малоҳатнинг қўли касов, сочи супурги. Элликдан ошса ҳамки, уйнинг дастёри ўзи. Бир тарафдан қараганда шундай бўлишига ўзи айбдор, қизларига тарбия беришда, қаттиққўллик қилишда бўшлик қилган.

Чап томонимиздаги қўшнимиз Арофатнинг қизи-чи, саёқ юраверди, юраверди, охири нима бўлди. Севдим, ўлдим, деб бир йигитга турмушга чиқиб, мана энди бир бола билан ота уйида. Вақтида кўча санғимай уй юмушларини ўргансин эди. Озгина тил ўлгурни эговлаганида қайнонасининг ўнг қўли бўларди. Шунинг учун набираларимга доимо “ирга кўрди”да гап кўп дейман-да. Кўча тарбиялаган қизлар бугунги кунда жуда кўп. Шуларни ўйласам, баъзида қўрқиб кетаман. Ишқилиб охири бахайр бўлсин-да. Оиладек қўрғонни мустаҳкам қилиш, уни асрашни ўрганиш ёшликдан бошланиши керак. Ота-оналар озгина сергакроқ бўлса, урф-одатларимиз, анъана ва маросимларимизни ўрнига қўйишса, фарзандларимиз оқила, ҳар томонлама узоқни ўйлаб иш кўрадиган бўлишади. Шундагина ўзбек йигит-қизларига ҳар қандай замонавий телефонлар ҳам, интернет деган бало ҳам таъсир ўтказа олмайди. “Ирга кўрди”дек маросимларимиз эса жуда кўп…

Шу пайт эшик қўнғироғи Фотима момо хаёлларини ёввойи каптардек учириб юборди.

— Эшик тақиллаяптими? Набирагинам Муслима бўлса керак. Ҳозир қизим, эшикни очаман. Момонгнинг олдингидек ёшлик даври эмас-да, қизим, ҳозир. Чойингни ичгунингча яна бир маросим ҳақида сенга айтиб бераман…

Сайёра АЛЛАЕВА,

ёзиб олди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

АФСОНАЛАР ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНМОҚДА

Ёшлар кунида  Ангор туман давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan