Қирқ кунлик зарбдорчасига меҳнат

0
38

Ғўза парваришида долзарб кунлар бошланди. Чунки ўсимлик айни ҳосил тугиш фазасида ривожланмоқда.

Деҳқонларимизнинг баракали меҳнатлари туфайли 78,5 минг гектар майдонда ўстирилаётган ғўзаларнинг ҳолати ёмон эмас. Қарийб эллик фоиз пахтазорда ҳар туп ниҳолда 8-10 тадан тўқ кўсак санаш мумкин. Тажрибали деҳқонлар ҳосилни сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш учун бор маҳорат ва тажрибаларини ишга солишаяпти. Далаларда кафолатли ҳосил яратиш мақсадида ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик эълон қилинди. Демак, деҳқонларимиз ривождан бироз орқада қолган ўсимликларга ҳам қўшимча ишлов бериш, озиқлантиришга алоҳида аҳамият беришлари шарт. Далаларда айни пайтда 1733 та культивация юқори унум билан ишлатилмоқда. Қатор ораларида табиий намни сақлаш, ғўзани чанқатмай ҳосил нишоналарини тўкмаслик чоралари кўрилаётир. Барча чопиқ тракторларида ишчи органларни янгилаш, ҳосилни тўкмаслик учун ҳимоя воситаларини тақиш механизаторлар зиммасига юклатилган. Тракторлар рулига ўтириб, жазирама иссиқда ҳам мўл ҳосил яратиш ишқида тер тўкаётган механизаторларга барча шароитлар яратилмоқда. Уларга механизаторлар уйи ташкил этилган ва бу жойда кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун иссиқ овқат, чой ташкил қилиниб, дам олишларига ҳамма қулайлик муҳайё. Айниқса, механизаторларга ҳафталик иш ҳақи бериш жорий қилингани уларни фидойиларча ишлашга даъват этмоқда.

Мўл ҳосил етиштиришда сувчиларнинг хизмати беқиёс. Айниқса, бу йилгидек сув бироз тақчил пайтда тажрибали сувчиларнинг фидокорона меҳнати билангина экинлардан юқори ҳосил олиш мумкин. Сув танқислиги оқибатларини юмшатиш бўйича вилоятда ташкил этилган штаб мутахассисларининг маълумотига кўра, бугун воҳа сув ҳавзаларида 887 миллион куб метр сув захираси мавжуд. Бу ўтган йилдагидан 204,4 миллиард куб метр кўп демакдир. Экинларни тизимли суғориш ташкил этилаётгани, оби-ҳаётдан тежаб фойдаланилаётганлиги туфайли, айниқса, ғўзалар баравж ўсаётир. 15800 нафар сувчи кечаю кундуз пахтазорга сув тараш билан машғул. Улар далаларни кўллатмаслик, эгат ташлаб суғориш, ўқариқларни қисқа олиш каби усуллардан кенг фойдаланмоқда. Сув танқислигини юмшатиш мақсадида тузилган 305 та отряд раҳбарлари сувчиларга барча қулайликларни яратиб бериш билан бирга, фермерлар далаларни навбатлаб суғоришини доимий назорат қилаётганлиги туфайли экинлар қондириб суғорилмоқда.

Деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирган ҳосили айни пишиш пайтида ўргимчак кана, беда қандаласи, кўсак қурти пахтазорда ниҳоятда кўпайган. Деҳқонлар 384 та ОВХ аппаратлари ёрдамида беда қандаласи, ўргимчак канага қарши курашаётган бўлсалар, биомаҳсулотлар ёрдамида кўсак қуртига қирон келтиришаяпти. Деҳқонларимиз пахта теримигача яна пахтазорда камида 3 марта культивация ўтказиш, бир марта суғориш, бир марта озиқлантиришга аҳд қилган ҳолда ҳамжиҳатлик билан ишлашаяпти.

Ҳосил тўплашда муҳим агротехник тадбирлардан бири ҳисобланган чеканка барча майдонларда ёппасига тугалланди. Энди эса ён шохларни чилпиш чоралари кўрилаяпти. Қисқаси, пахтакорларимиз зарбдор 40 кунда ҳосилга ҳосил қўшиш учун астойдил меҳнат қилишаётир.

Усмонали НОРМАТОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг