Бош саҳифа / Жамият / Иқрор ва миннатдорчилик

Иқрор ва миннатдорчилик

Ассалому алайкум “Сурхон тонги” газетаси жамоаси ва муштарийлари! Газетанинг 2018 йил 24 ноябрь, шанба 90-91 (17491)-сонида чоп этилган “Муомала маданияти” сарлавҳали мақолани ўқиб, таъсирланиб кетдим. Унда ёзилишича, аёлини раҳбар қабулига бирор нарса сўраш учун киритиб юбориб, ўзи эса натижасини ташқарида кутиб турган йигитнинг “эркаклик ғурури” ҳақидаги жумла ва сўзларни ўқир эканман, виждоним қийналиб, уятдан вужудимга титроқ кирди. Шунда Мир Алишер Навоий бобомизнинг сўзлари эсимга тушди:

Одам борки, одамларнинг нақшидир,
Одам борки, ҳайвон ундан яхшидир.

Эй азиз эркаклар! Ўз зиммангизга олиб, оила қурдингизми, боқиш билан бирга, унинг таклиф ва истакларини бажо қилишингиз шарт ва зарурдир. Эр-хотин қўш ҳўкиз, дейдилар. Чунки сизнинг юрак ёғингиздан пайдо бўлган фарзандларингиз бор, сиз энди отасиз, оила бошлиғисиз. “Одам бўл отанг каби, лек номард бўлма”, деган гап ҳам бор. Ота ким, ота нима? Ота бу давлат, ота бу оташ, яқинлашсанг куйдиради, узоқлашсанг иситади. Ота бу кўмакдош, ота бу меҳр берувчи. Шундай экан, оилангизга меҳр беринг, меҳр билан яшанг. Яшашнинг ҳам ўз қонун қоидалари бор. Яшаш жуда яхши, яхши яшаш ундан ҳам яхши.

Азиз эркаклар, сизни кўрган кишининг кўзи тўяди. Тоғни талқон қиладиган ҳам сиз. Сабр билан меҳнат қилиш керак. “Сабрнинг таги сариқ олтин”, “Меҳнатнинг таги роҳат”, дейди доно халқимиз. Бугуннинг эртаси бор. Шунга кўра эркаклик ғурурига доғ туширмасдан асраб-авайлайлик.

Ҳурматли Сурхон воҳаси аҳли, журналистлар, миришкор деҳқонларимиз, ўқитувчи-мураббийлар, доктор ва ҳамширалар! Бир сўз билан айтганда, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгуси, сизу бизнинг фаровон умр кечиришимиз, юртимиздаги тинчлик туфайлидир. Айни пайтда ўз ороми, ҳузур-ҳаловати, керак бўлса, жонидан кечиб, Ватанимиз тинчлигини, осойишталигини ҳимоя қилаётган ҳарбийлар ва ички ишлар ходимларини, яқинлашиб келаётган Наврўз ва баҳор байрами билан муборакбод этаман.

Ҳозирги кунда муассасада жазо муддатимни ўтар эканман, дил сўзларим сўнггида қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳолда ҳукуматимиздан, бағрикенг ҳалқимиздан ва яқинларимдан кечирим сўрайман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанбаси профилактика куни сифатида белгиланиб, маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Муассаса ходимлари томонидан мунтазам олиб борилаётган бундай тадбирлардан жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар мамнун бўлиб, ўз миннатдорчиликларини билдиришмоқда.

ТАҲРИРИЯТДАН: Биз Ч. Ашуровнинг жазони ижро этиш колонияси бошлиғи рухсати билан юборилган мактубини жузъий таҳрир билан муштарийлар ҳукмига ҳавола қилмоқдамиз. Мактубга шартли равишда “Кечирим ва миннатдорчилик” деб сарлавҳа қўйдик. Маҳбусга 10 йил қамоқ жазоси тайинланган бўлса-да, у қонун ҳимоячиларининг бу ҳукмидан розилигини билдириб, қилмишидан қайта-қайта пушаймонлигини изҳор этади. Жазо колонияларида маҳбуслар миллий ва жаҳон адабиёти намуналарини, ўзлари қизиққан газеталарни ўқиётганлиги, маънавий-маърифий, ахлоқий ва тарбиявий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади. Хат мазмунидан кўриниб турибдики, инсон ҳар қандай шароитда яшамасин, ҳар бир ўқувчининг ўзига хос қизиқиши ва ўзини тўлқинлантирадиган мавзуси бўлади. Таҳририятимиз бундан кейин ҳам кишилик жамияти, ижтимоий ҳаёт, турмуш чорраҳалари ҳақида ранг-баранг таҳлилий материаллар бериб боришда давом этади. Азиз муштарийлар, шуни унутмангки, хат орқали бизга йўллаган орзу-истакларингиз, таклиф ва мурожаатларингиз ҳеч қачон эътиборсиз қолдирилмайди.

Чори АШУРОВ,
Қашқадарё вилоятидаги 2-сонли
жазони ижро этиш колонияси маҳбуси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE