Бош саҳифа / Жамият / Интернет ўйинлари – тубанликка даъват

Интернет ўйинлари – тубанликка даъват

Маълумотларга қараганда, Жаҳон тиббиёт уюшмалари видео ўйинларга берилиб кетишни ҳам расман ақлий заифлик касалликлари қаторига киритиш арафасида.

Шифокорларнинг фикрича, бу касаллик кунига икки соатдан ортиқ ўйин ўйнайдиган ҳар қандай киши саломатлигига хавф солади. У интернетдан кўнгилхушлик излайдиганларга ҳам тегишли, албатта. Ҳозир дунёдаги жуда кўп минтақалар, жумладан, Европа мамлакатларида интернетга тобелик хасталигини даволайдиган махсус шифохоналар кўпаймоқда. Компьютерда соатлаб, кунлаб ўтириб, турли “мукофотчалар”, ютуқларни “қўлга киритган” киши учун улар чинакамига қимматли маъно касб эта бошлайди. Мана шундай балл ва ютуқлар “содиқ” ўйинчилар орасида сотилади, харид қилинади. Бундай ишга эса аямай пул сарфланади.

Масалан, “Project Entropia” ўйинига муккасидан кетган австралиялик Дэвид Стор исмли талаба 35 минг АҚШ доллари эвазига виртуал орол сотиб олади. Бу оролда эски қалъа, бир қанча чўмилиш ва турли маҳлуқларни овлаш учун махсус жойлар мавжуд. Лекин булар фақат тасаввурда, компьютер экранида, холос. Жуда кўп ўйинлар одамларни, ҳайвонларни шафқатсизларча ўлдириш, қон тўкиш саҳналари асосига қурилган. Бундай аянчли лавҳалар нафақат ёшлар, ҳатто ёши катталарнинг онгига ҳам жуда кучли салбий таъсир кўрсатмоқда.

“ОТА”, “Снайпер”, “Қотил” ва бошқа шу каби ўйинга берилганлар орасидан кейинчалик ҳақиқий қотиллар чиққани фикримизга далилдир. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари орқали тез-тез эшитиб қоламиз: Ғарб мамлакатларида мактаб ўқувчилари, ўсмир йигит-қизлар ўз ота-оналари, ўқитувчилари, тенгдошлари ўлимига сабаб бўлишмоқда. Бундай даҳшатли воқеалар ғарб болаларига виртуал олам бераётган “тарбия”нинг заҳарли меваси экани аччиқ ҳақиқатдир.

 Ислом дини зарарли компьютер ўйинлари каби беҳуда ва талофатли ишларга шўнғишни қоралайди. Чунки бунинг натижасида боланинг иймон-эътиқоди заифлашиб, шайтоннинг қулига айланади ва унинг найранглари бўйича иш қилади. Оқибатда, ўзи ҳам ҳалок бўлади. Шунинг учун ёшларнинг иймон-эътиқоди, иродаси мустаҳкам бўлса, турли бемаъни ишларга чалғимайди. Аммо компьютер ва интернет тутқунига айланган инсон бутун умрини тубанликка сарфлайди. Гўёки яратилишдан мақсад йўқдек. Ахир, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг: “Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизми?!” (“Мўъминун” сураси, 115-оят), деган ояти шунчаки дунёга келтирилмаганимизни айтиб турибди. Шундай экан, бу ҳақда тафаккур қилиб, ақл юритишимиз лозим.

А.ОЛИМОВ,

Узун туман “Баҳоуддин Нақшбандий”

жомеъ масжиди имом-хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE