Бош саҳифа / Жамият / Интернет куну тун кузатувда

Интернет куну тун кузатувда

Интернет олами шунчалик чексизки, ундаги маълумотлар денгизида шўнғий туриб, қай бири ишончли, қай бири ишончсиз эканини ўйлаб қоласан, киши. Яна шундай норасмий  ва ижтимоий сайтлар ҳам борки, улардан ҳар бир киши ўз эҳтиёжига қараб фойдаланиши мумкин. Айниқса, интернетдан нотўғри фойдаланиш оқибатида турли ўйинларга муккасидан кетганлар ҳам, ижтимоий сайтлар орқали оиласи ва ҳаётини издан чиқариб юбораётганлар, зинога, фаҳшга ботаётганлар ҳам, қолаверса, турли гуруҳ ва тўдалар билан “ош-қатиқ” бўлиб, жиҳод йўлини тутганлар ҳам минг афсуски, учраётгани сир эмас.

Виртуал оламни реал ҳаёт билан алмаштириб юбориш, кўникма ва диний билимларнинг етарли эмаслиги оқибатида панд еб қолиш ҳолатларига дуч келиб қолганда интернет тармоғидан воз кечиш ё фойдаланишга тайёр бўлиш муаммоси ўртага ташланади. Ана шундай пайтда жуда кўп мунозаралар бўлиши табиий. Аммо истаймизми — йўқми, бу тармоқдан воз кечгандан кўра ундан фойдаланиш маданиятини шакллантириш масаласи устунлик қилади.

Ўргимчак тўридек ҳар томондан онгимизни эгаллаб олаётган интернет ҳаётимизга, ёшлар онгига дахл қилмаслиги учун нима қилиш керак? Айни шундай муаммолар гирдоби яқинлашган бир пайтда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорда келтирилганидек, энди Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати ОАВ ва бутунжаҳон интернет ахборот тармоғи материалларини туну-кун мониторинг ва таҳлил қилишни таъминлайди. Нотўғри хабар ёки ички ишлар органлари обрўсига путур етказувчи материалларга зудлик билан муносабат билдиради. Мазкур қонун ҳужжати жорий йилнинг 1 ноябридан кучга кириши юртимизда интернет тармоғи орқали бўладиган ортиқча кўнгилсизликларнинг олдини олади. Ахборот хавфсизлиги таъминланиб, виртуал оламнинг ишончлилик қийматини бирмунча оширса, ажаб эмас.

Бундан ташқари, 1 декабргача бўлган муддатда – жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган жиноят ва воқеаларни ўз вақтида ҳамда ишончли ёритиш тартибини тасдиқлайди. Шу  жумладан, ички ишлар органлари мазкур масалалар бўйича ваколатли масъул ходимларининг эфирга чиқишларини ташкил этади.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan