Бош саҳифа / Жамият / Интенсив боғ барпо этилмоқда

Интенсив боғ барпо этилмоқда

Термиз туманининг Мангузар массивидан то “Солиобод” маҳалласигача элтувчи катта йўлнинг кунчиқар томонидаги аҳоли кўчирилгач, бу жойда анчадан бери қудратли техникалар ҳамда оғир юк ташувчи автомашиналар тинимсиз ишлатилаяпти. Бу техникалар ёрдамида бузилган уйлардан қолган уюм-уюм бетон бўлаклари ҳамда ғишт синиқлари ташиб кетилмоқда ва майдон текисланаяпти. Тадбиркор Ҳайитали Алламуродов бошлиқ “Термиз Фаридун” МЧЖ жамоаси бу ерда 30 гектардан иборат интенсив мевали боғ барпо этишга киришишган. Бугунгача водий вилоятларидан ўрикнинг “Бибико”, “Тритаун”, олхўрининг “Стерлин”, шафтолининг “Фантазия”, “Майкрест” навларидан бир неча минг туп кўчати келтирилиб, экиб чиқилди. Шартномага кўра водийлик тадбиркорлар ўзларининг тажрибали боғбонларини боғ барпо этишга жалб этдилар. Бу ишларнинг барчаси ТИФ Миллий банк вилоят филиали томонидан ажратилган 2 миллиард сўм маблағ ҳисобига амалга оширилаяпти.

Молиявий муассаса томонидан ажратилган маблағнинг бир қисмига МЧЖ жамоаси ёш ниҳоллар орасига ишлов берадиган ва боғ зараркунандаларига қарши курашишда фойдаланадиган техникалар ҳам сотиб олди. Айни пайтда ёш ниҳоллар экилган майдон атрофини тартибга келтириш, иҳоталаш ва суғориш тизимини барпо этиш ишлари қизғин.

Айтиш керакки, бўлажак мевали боғда қишлоқ хўжалигига кўмаклашувчи халқаро ташкилот “АИК” лойиҳаси бўйича томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади. Ҳозирда ушбу лойиҳага асосан тажрибали украиналик муҳандис Виктор Камиш бошчилигида бир гуруҳ мутахассислар томчилатиб суғориш тизимини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишларни бажаришаяпти.
— Томчилатиб суғориш тизимини биз бундан аввал Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги боғларда ўрнатиб, синовдан ўтказганмиз,—дейди Виктор Камиш. —Технология асосан Исроилдан олиб келинди ва Ўзбекистон корхоналарида ишлаб чиқарилган пластмасса қувурларидан ҳам фойдаланамиз. Томчилатиб суғориш биринчи навбатда сувни иқтисод қилади, сув мевали дарахтлар остига чуқур сингади. Бир жойдан туриб кнопкага асосланган компьютер орқали бошқариладиган суғориш тизимида ишчи кучи кўп талаб қилинмайди, икки-уч нафар мутахассис ўттиз гектарлик далага тизимли сув боришини назорат қилиши мумкин.

Самижон ЖИАНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Матбуот конференцияси

Шуни мамнуният билан айтиш керакки, мамлакатимизда сайлов жараёнлари кундан-кун авж олиб бормоқда. Бу йил республикамизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE