Бош саҳифа / Жамият / Инсонийлик мулки

Инсонийлик мулки

Инсон ҳаёти давомида ўзидан яхши ном қолдириши унинг қилган эзгу ишлари орқали намоён бўлади. Ахир кексаларимиз бежизга «Яхшидан боғ, ёмондан эса доғ қолади» дейишмаган.

Яқин инсонларимизга ва атрофдагиларга меҳр кўрсатиш, уларнинг кўнглига қараш — инсонга меҳр, инсонга эътибор, инсон кўнглини эъзозлаш демакдир!

Инсонпарварлик кимгадир кўз-кўз қилинадиган, унинг ортида эса қандайдир таъма, манфаат ётадиган нарса эмас. Зинапоядан чиқишга қийналаётган кекса одамнинг қўлтиғига кириш ҳам, оғир юк кўтариб кетаётган онахонга кўмаклашиш ҳам, чорраҳадан ўтишга қийналаётган кичкинтойни йўлдан ўтказиб қўйиш ҳам, безори болалар хафа қилиб йиғлатаётган болакайни ҳимоя қилиш ҳам, отаси ёки онасидан ажраб қолган ўқувчимизнинг кўнглини кўтариб, унинг қайғусини енгиллатишга ҳаракат қилишимиз ҳам аслида инсонпарварлик деганидир.

Ислом динида кишиларни инсонпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор берилади. Жумладан, ҳадисларнинг бирида “Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз чинакам мўмин бўла олмайсиз” дейилган. Демак, ўзимиз яхши кўрган нарсани яқинларимиз ва ҳаттоки, бегоналар ҳам сўраганда беришгина эмас, балки ҳеч ким сўрамаса ҳам чин кўнгилдан уни бошқалар билан баҳам кўришимиз лозим. Биз инсонлар эса жуда кўп нарсани яхши кўрамиз. Улар орасида тинчлик ва омонликда яшаш, оила аъзоларимиз, самимий дўстларимиз қуршовида бўлиш, бахтли умр кечириш сингари истаклар ҳам бор. Бундай истаклар барчамизга бирдек ёқар экан, бошқаларга ҳам уларни раво кўришимиз — чинакам фазилат ҳисобланади.

Адолат — одиллик туйғусисиз ҳеч қачон инсонпарварликка, эзгуликка эришиб бўлмайди. Ҳар қандай эзгу ишларда адолатли бўлиш кишининг баркамоллигини кўрсатувчи муҳим белги ҳисобланишини буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг “Куч — адолатдадир” деган ҳикмати исботлаб турибди. Тарихдан бизга яхши маълумки, Амир Темурнинг буюк Темурийлар давлатини барпо этганлиги ва бу салтанатнинг узоқ йиллар давомида гуллаб-яшнашига ҳам айнан унинг давлатни бошқаришда олиб борган адолатли ҳукмронлиги сабабдир.

Зеро, адолатли муҳит бирор жамиятда ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Бунинг учун ўша жамият аъзолари ҳар бир ишга холис баҳо бера олиши ва шу орқали хоҳ оилавий муносабатларда, хоҳ тарбияда, хоҳ жамиятдаги воқеликларда бўлсин адолатли бўлишга интилмоғи лозим. Биз яшайдиган жамиятда қандай муҳит ҳукмрон бўлиши ҳар биримизга бирдек тегишли масаладир. Ўзимиз яшайдиган жамиятни мунтазам соғломлаштиришга онгли ҳаракат қилишимиз зарур. Чунки жамият ҳаётининг соғломлиги унда яшайдиган ҳар бир инсоннинг маънавий-руҳий соғ- ломлигига чамбарчас боғлиқдир. Соғлом фикрлайдиган инсон эса атрофидаги воқеаларга “менга нима” деган муносабатда бўлолмайди. Бундай муносабатда бўлиш аслида, “мен ҳеч ким эмасман, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди” дейиш билан баробардир. Чинакам инсонлар учун эса бундай ҳаётнинг қизиғи ҳам, маъноси ҳам бўлмайди. Шундай экан, дилбузарликдан, лоқайдликдан не наф? Келинг, бир-биримизнинг қалбимизга йўл топиб, умримизни яхшиликлар билан безайлик.

Дилноза ПАРДАЕВА,
Денов туманидаги 31-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan