Бош саҳифа / Жамият / Инсон манфаатлари – бош вазифамиз

Инсон манфаатлари – бош вазифамиз

Корхона, ташкилот, қурилиш ва таълим муассасаларида ишлаётган шахслар меҳнат муносабатлари жараёнида турли муаммолар ҳамда ноҳақликларга дуч келсалар, аввало, касаба уюшмаларига мурожаат қилишади. Шундай қилинганда, қонуний йўл тутган бўладилар.

Чунки касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфатларини ҳимоя қилувчи, ишчи-хизматчиларнинг таянчи ҳисобланади.

Аёнки, таълим ва маданият соҳасида аҳолининг 30 фоиздан кўпроғи меҳнат қилиб келаяпти. Ташкилотимизга деярли ҳар куни ходимлар томонидан ҳар хил мурожаатлар бўлади. Уларни имкон қадар ҳал қилиш чораларини кўраяпмиз. Масалан, 16-умумтаълим мактабида лаборант вазифасида ишлаб турган Гулзора Чориева иш берувчи, яъни мактаб директори Эркин Усанов “ишдан бўшайсан, аризангни ёз, сен ўрта маълумотлисан”, деб мажбурлаётгани хусусида ташкилотимизга мурожаат қилганди. Жабрланувчининг ёзишича, туманда 60 та мактаб бўлиб, уларда лаборант штатида ишлаётганларнинг 98 фоизи ўрта махсус маълумотли. Аммо бошқалар ишлаяпти.

Туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси кенгаши Г.Чориеванинг аризасини қонуний ўрганиб чиқиш учун мутахассисларни жалб этди ва мактаб директори Меҳнат кодексининг 99-моддасини қўпол равишда бузганлиги аниқланди. Г.Чориева Меҳнат кодексининг 111-моддасига асосан ишига қайта тикланди.

Айтиш керакки, касаба уюшмаси фаоллари ташкилот ва муассасаларда иш берувчи ва ишчи ходимлар ўртасида жамоа шартномаси талабларига қай даражада амал қилинаётганини доимий назорат қилиб келаяпти. Афсуски, ҳамма ташкилотларда ҳам Жамоа шартномаси бандлари тўлиқ бажарилмаяпти ёки амал қилинмаяпти. Оқибатда турли даражадаги норозиликлар пайдо бўлиб, касаба уюшмалари Кенгашига жўнатилаётган ариза ва шикоятлар сони ўсиб бораяпти.

Туман халқ таълим бўлими буйруғига асосан 2018 йил 16 нафар ишчи ходим Тошкентга малака оширишга бориб келиш учун хизмат сафарига жўнатилган. Бироқ улар малака оширишдан қайтгач, жами 8197042 сўм йўл ҳақи ва бошқа харажатлари туман халқ таълими бўлими марказлашган ҳисобхонаси ва ғазнасидан тўлаб берилмаган. Бошқача айтганда, Жамоа шартномасининг V-банди қўпол равишда бузилган. Даъвогарлар аризаси туман адлия бўлими ҳамда туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшма кенгаши томонидан ўрганилиб, фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилинди. Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди қарорига кўра, 16 нафар ходимнинг жами 8197042 сўм хизмат сафари харажатлари ундириб берилди.

Бугунги кунда вилоятимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Жарқўрғон туманида ҳам янги-янги мактабгача таълим муассасалари қурилаяпти.Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида барпо этилган 35-сонли “Гулдаста” боғчаси биноси инвестиция дастурига асосан бузилиб, ўрнида замонавий боғча қурилмоқда. Шу муносабат билан мактабгача таълим муассасасида ишлаб турган 19 нафар ходим мажбурий ишсиз қолишгани ва то янги боғча ишга тушгунига қадар ўртача иш ҳақини ундириб беришга амалий ёрдам сўраб, касаба уюшмаларига мурожаат қилишганди. Уларнинг ҳақли талаби рўёбга чиқди. Касаба уюшмалари аралашуви билан МТМнинг барча ходимларига Меҳнат кодексининг 159-моддасига асосан, жорий йилнинг март ойидан ўртача иш ҳақи тўлаб борилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир байрам ва тантанали кунларда меҳнат фахрийлари, соҳанинг тажрибали ва меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатган ишчи-хизматчиларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қуватлашга алоҳида аҳамият бераяпмиз. Хусусан, 9 май — Хотира ва қадр лаш куни муносабати билан барча мактаб ва боғчаларда фахрийлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда, дастурхон ёзилиб, меҳнаткашлар муносиб рағбатлантирилаяпти.

Юсуп ШОИМОВ,
Жарқўрғон туман таълим, фан ва маданият
ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE