Бош саҳифа / Маданият / Инсон қалбини чертувчи мақом

Инсон қалбини чертувчи мақом

Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, республика миқёсида бўлаётган  “Ниҳол”,  “Ёш ижрочи”, “Наврўз садолари”, “Она юрт оҳанглари” каби танловлар, Ўзбекистон давлат консерваториясида ҳар тўрт йилда уюштирилаётган Юнус Ражабий хотирасига бағишланган, шунингдек, лицей ва коллежлар жамоалари орасида  ҳар икки йилда ўтказилаётган мақомчилар кўрик-танлови каби тадбирлар ёшларимизнинг миллий санъатимизнинг мумтоз куй ва қўшиқларини қизиқиб ўрганишларига катта туртки бўлмоқда.

Мақом қадимдан ўзбек халқининг созанда ва хонандалари томонидан яратилиб, сайқалланиб келаётган мусиқа жанридир. Ўзбек халқи мумтоз мусиқасининг нодир хазинаси бўлган “Шашмақом” 2003 йили ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси дурдонаси” деб тан олинди. Бу эътироф миллий меросимиз қадрини оширди ва бебаҳо хазинага бўлган эътиборни янада кучайтирмоқда.

Миллий мусиқанинг мустаҳкам пойдевори бўлмиш мақом халқимиз ҳаётининг акс-садоси бўлиб, қадим замонлардан буён кўпнинг дилига ҳамоҳанг ҳолда, ҳатто ер юзидаги барча инсонлар қалбини тебрата олган, мураккаб руҳий кечинмалар, теран фалсафий фикрлар билан жилоланган  мўъжиза бўлиб, бизнинг даврга келиб элнинг дарду ҳасрати, жасорати, бахти, шодиёнаси, севги-муҳаббатини тараннум этиб, энг мукаммал шаклу шамойилда намоён бўлаётир.

Мақом қаердан келиб чиққан ва бу сўзнинг маъноси нимани англатади? Мақом ибораси арабча бўлиб, истиқомат ўрни, турар-жой, дам олиш манзили маъноларига тўғри келади. Мусиқа атамасида мақом маълум мусиқа товушларининг ўрнашган жойи, мусиқа чолғуларидаги пардаларни билдиради. Мақом асарлари халқ мусиқа ёзувларининг бошқа жанрларидан ўзининг куй ривожланиши, давомийлиги, мураккаблиги, диапазон жиҳатдан жуда кенглиги, кўп қисм ва туркумлилиги билан ажралиб туради. Қадимда мақомлар турли шаклларда, масалан 96, 48, 24,12, 6 туркумли бўлган, яъни таснифлаштирилган.

Бухорода “ўн икки мақом” тахминан XVIII аср бошида юзага келган. XIV-XV асрлар Марказий Осиё халқлари санъатининг равнақ топган даври бўлган. Ўша пайтда мусиқа амалиётида бастакорлик санъати ғоят ривожланган, мақом куй ва ашула йўлларини яратишда маълум қоидалар, янгича услублар юзага келган.

Мусиқий рисолаларда бастакорлик санъати, бастакор ва уларнинг ижоди, куй яратишда ишлатилган амал, савт, нақш, кор, пешрав, зарбайн, рихта каби услублар ҳамда куй қисмини англатувчи хона, бозгўй, сархона, меъёрхона каби мақом йўлларида мавжуд бўлган иборалар бастакорлик санъатини ёритишда муҳим аҳамиятга эга бўлиш баробарида мақомот тартибини, жумладан, шашмақом ички қонуниятини тушунишда катта ёрдам беради.

Марказий Осиё, Хуросон, Озарбайжон халқлари  мусиқасида ўн икки мақомнинг энг тараққий этган даври тахминан XIII-XVII асрларга тўғри келади. Мусиқий рисолаларда мақом “парда” ибораси билан ҳам аталадики, бу тушунча ҳозирги замон мусиқа назариясида ладни билдиради. Демак, ўн икки мақом ёки парда, ўн икки турли лад ва уларга мос келувчи мусиқа асарлари мажмуасидир. Муаллифлар ушшоқ,  наво, буслик, рост, ҳусайний, хижоз, раҳовий, зангула, ироқ, исфаҳон, зирафканд, бузрук каби ўн икки мақом номини санаб кўрсатганлар. Ўзбек халқи мумтоз мусиқаси намунаси бўлган Бухоро мақомлари тахминан XVIII асрнинг биринчи ярмида мустақил мусиқа жанри сифатида юзага келган. Бухоро мақомлари олти турли ладларга мослаб олинган ва уларга асосланган куй ва ашулалар йиғиндисидан иборат. Бузрук, рост, наво, дугоҳ, сегоҳ ва ироқ каби Бухоро мақомларининг ҳар бири жуда катта ҳажмдаги туркум асар бўлиб, ҳар бири таркибида тахминан 20 тадан 44 тагача катта ва кичик мақом йўли бор.

Мақом маълум ладга мос келадиган куй ва ашулалар йиғиндиси, деган маънони англатибгина қолмай, пардаларни ҳам ифодалайди. Мутахассислар мақомларни икки бўлимга ажратишган. Чолғу бўлими — мушкилот, ашула бўлими — наср номи билан аталади. Бизгача етиб келган Хоразм мақомларида Бухоро мақомларига нисбатан баъзи фарқлар мавжуд. Рост, наво, сегоҳ, дугоҳ, бузрук, ироқ ва панжгоҳ каби Хоразм мақомлари ҳам Бухоро мақомларидек икки бўлимдан иборат. Чолғу йўллари — мансур, ашула йўллари — манзум деб аталади. XIХ асрнинг ўрталарида Комил Хоразмий Хоразм танбур чизиғини ихтиро этиб, мақомларни нотага олган.

Тошкент — Фарғона мақом йўллари — баёт, дугоҳ, ҳусайний, чоргоҳ, шаҳнози, гулёр каби туркумдан иборат. Улар Бухоро мақомлари ашула бўлимининг биринчи ва иккинчи қисмига кирган шўъбалар — сарахбор, наср, савт, мўғулча каби мақом шўъбалари тузилиш тартибида ишланган. Мақом ижрочилигида бир ҳофизнинг айтиш услуби иккинчисиникига ўхшамайди.

Мусиқа инсон қалбини нурли чўққиларга қадар юксалтиради. Мақомлар том маънода хал қимиз ҳаётининг мусиқадаги тасвиридир. Мамлакат Президентининг 2017 йилги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мақом санъатини ривожлантириш йўлида катта қадамдир. Қарордан сўнг мамлакатимиз ва чет элларда мақом санъатини кенг тарғиб этиш, соҳа мутахассислари ва ёш ижрочиларни қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайди. Эндиликда мақом санъати ижро мактаблари ва анъаналари янги бос- қичда равнақ топтирилади, унинг “олтин фонди” яратилади. Халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилаётир. Бу йилдан эътиборан Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. Мақомчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида турли номинациялар бўйича мукофотлар таъсис этилмоқда.  Қисқаси, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мақом ансамбллари ташкил этилади.

Нормурод БАКАРОВ,
Ориф ҲАКИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan