Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Инновацион пиллахоналарда

Инновацион пиллахоналарда

ипак қурти плёнка остида парваришланади

Баҳор келиши билан барча дов-дарахтлар, айниқса, тут дарахтлари барвақт куртак ёза бошлади.  Яна бир ҳафта-ўн кундан кейин барглар бемалол ипак қуртига едирадиган даражада етилади. Бу мавсум Термиз тумани пиллакорлари 107 тонна сифатли “кумуш тола” етиштиришга аҳд қилган ҳолда меҳнат қилишаётир.

Одамлар картошкани плёнка остида ўстираётганининг гувоҳи бўляпмиз. Помидор, булғор қалампири плёнка остида ҳосил тугмоқда. Чигитни плёнка остида экишганини кўп бор кузатдик. Энди ипак қуртини ҳам плёнка остида парваришлашаяпти. Туман пиллакорлари ўтган йили бу тажрибани синовдан ўтказишди ва одатдаги усулга нисбатан афзаллигини амалда исботладилар. Айни пайтда туманнинг “Янгиариқ” СИУ ва унинг “Оқтепа” массивида иккита, “Намуна” СИУ ҳудудида иккита Хитой технологияси асосида бунёд қилинган пиллахона мавсумга шай.

Бундан ташқари, Ангор пахта тозалаш заводига қарашли “Янгиариқ” пахта қабул қилиш маскани қошида аввалроқ қурилган бинони ҳам инновацион пиллахонага мослаштириш чоралари кўрилаяпти.

Инновацион пиллахона билан танишар эканмиз, мутахассисларнинг фикрича, юқори самарали бундай иморатни қуриш  катта харажат талаб қилмайди. Узунлиги 50 метр, эни 12 метр, жами 600 квадрат метрдан иборат бинонинг деворлари хом ғишт дан тикланиб, лойсувоқ қилинган. Том қисми шифер ёки тўл билан ёпилади, шифтига бўз тортилади. Қимматбаҳо деразалар шарт эмас, оддий ёғочдан ясалган ромлар ўрнатилган. Вилоятимизнинг иссиқ иқлим шароити ҳисобга олиниб, бунёд қилинган бу иморатлар баҳорда иссиқ, ёзда салқин. Иситиш ёки энергия манбаларидан фойдаланиш шарт ҳам эмас.

Инновацион пиллахонанинг ҳар бирида 250 қути ипак қурти ёғочдан икки қават қилиб ясалган сўкчакларда бир ёшдан уч ёшгача парваришланади. Сўнгра жониворларни сийраклаштириш учун 30 қутиси қолдирилади ва қолган 220  қути ипак қурти оилавий звеноларнинг қуртхонасига кўчирилади. Оилавий звеноларда ҳам иш анча енгиллашади. Улар ўн-ўн икки кун жониворларнинг парвариши билан машғул бўлади. Битта пиллахонада доимий 10 нафар, мавсумий 80 нафаргача киши меҳнат қилади.

Пиллахонада ипак қурти плёнка остида боқилади. Барг ипак қурти устига новдаси билан ташланмайди, аксинча, юлма ҳолда берилади. Бунинг ҳисобига барг сарфи анча камаяди, унинг қуриб қолиб, беҳуда йўқотилишининг олди олинади.

Инновацион пиллахоналарнинг яна бир афзал жиҳати шуки, ипак қурти пилла ўраш жараёнида сунъий дасталар ишлатилади. Авваллари пиллакорлар жониворлар пилла ўраш даврида мингбош, парлоқ, ёввойи супурги ва бош- қа ўсимликлар, шунингдек, хас-хашак, шох-шаббалардан даста сифатида фойдаланишар ва пилланинг сифати паст бўларди. Шунинг ҳисобига ҳосилнинг бир қисми қорапўчоқ сифатида қабул қилинарди. Сунъий дасталар пиллакорларга ҳам қулай, ҳам беташвиш, ҳам халқаро стандартларга мос “кумуш тола” етиштиришга хизмат қилаяпти. Энг муҳими, иш унумдорлиги ошади, пилла ҳосилини териш икки-уч кунлаб чўзилмайди, ўқувчи, ҳашарчи жалб қилинмайди.

Термиз туман “Агро пилла” МЧЖ жамоаси инновацион пиллахоналар қуриш билан бирга ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда. Тумандаги мавжуд тутзорлар масъулияти чекланган жамият тасарруфига ўтказилган. Барг етишмовчилиги муаммоларини бартараф этиш ва тутзорлар ҳосилдорлигини ошириш ниятида охирги икки йил орасида хориждан келтирилган ўрма тут навлари ҳисобига “Янгиариқ”, “Намуна” СИУлар ва “Оқтепа” массивида 100 гектардан кўпроқ майдонга тут плантацияси барпо қилинди, шунингдек, 60 гектар майдондаги эски тутзор парваришида ҳам инновацион усул қўлланилаётир. Плантацияларда тут ниҳоллари 90х20 схема бўйича ҳар гектар ерга 55 минг тупдан ўтқазилган. “Агро пилла” МЧЖ бош ҳосилоти Шамсиддин Очиловнинг таъкидлашича, хориждан келтирилиб ўтқазилган бу тут ниҳоллари иссиқ ва совуқ ҳароратга чидамли бўлиш баробарида баргини йилига уч мартага ўриб, ипак қуртига едириш мумкин. Шунинг ҳисобига ўтган мавсум воҳамизда илк бор ипак қурти иккинчи марта парваришланди. Ушбу тажрибани бу мавсумда кенг қўллаш режалаштирилмоқда.

— Хориж технологияси асосида парваришлаш жараёнида бир қути ипак қурти мавсум давомида 800 килограммгача барг истеъмол қилади, — дейди туман “Агро пилла” МЧЖ раҳбари Маматали Қиличев. — Жониворлар плёнка остида боқилгани учун чиқиндисини йиғиб олиш ҳам осон. Бир қути ипак қуртидан 70 килограммгача ўғит чиқади ва уни экинзорларга фосфор, азот ўрнида ишлатиш, фармацевтика саноатида кенг фойдаланиш мумкин.

Мавсумда ипак қурти озуқаси масаласида тақчиллик юзага келмаслиги учун тутлар барги махсус аппаратда юлма ҳолда қуртхоналарга тар қатилади. Тутлар маҳсулдорлигини ошириш мақсадида плантацияларда ниҳоллар парваришига алоҳида эътибор берилмоқда. Музаффар Дўсалов, Шерзод Яхшиев, Илҳом Мирзақулов, Абдулла Султонов каби участка ҳосилотлари назорати остида ишчилар анчадан бери тут дарахтларини озиқлантириш, суғориш ва қўриқлашни намунали ташкил этишаётир.

Барпо қилинган инновацион пиллахоналарда иш кластер усулида ташкил этилиб, пиллачилик мажмуалари қошида бошқа тармоқлар ҳам  ривожлантирилаяпти. Масалан, “Янгиариқ” СИУ ҳудудидаги пиллахонанинг мавжуд тутзорлари оралиғидаги заминдан самарали фойдаланиш чораси изланаяпти. 30 сотих ерда пиёз, шунча майдонда саримсоқ пиёз, 40 сотих жойда картошка парваришланаяпти. Шунингдек, 4 бош қорамол, 10 бош қўй, 30 та қуён, 100 та товуқ, 20 оила асалари боқилаяпти. Умуман, “Агро пилла” МЧЖ тасарруфидаги тутзорларнинг оралиғидаги бўш жойларнинг 10 гектарида   арпа ўстирилмоқда. Бундан ташқари, ипак қурти боқувчиларга тутлар орасидаги заминда хоҳлаган экинни ўстириб, даромад қилишга ижозат берилган. Бу эса келгусида пиллахоналарда ишловчиларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш ва навбатчиликдаги ишчиларга иссиқ овқат тайёрлаш имконини яратади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, бу мавсум туман пиллакорлари 1966 қути ипак қурти парваришлайдилар. Шу мақсадда ҳар қути ипак қуртидан 55 килограмм- дан сифатли хомашё етиштириш юзасидан 311 та фермер хўжалиги ҳамда оилавий пиллакорлар билан шартнома тузиб чиқилди. Ҳа демай, ипак қурти боқишга киришилади. Айни пайтда тажрибали мутахассис Очил Мирзақулов бошлиқ инкубация цехи ишчи-хизматчилари ипак қурти уруғини жонлантиришмоқда. “Агро пилла” МЧЖ томонидан мавсумда пиллакорларга термометр, қоғоз, оҳак, сунъий дасталар ажратилади. Шунингдек, пиллакорларнинг ишга бўлган қизиқишини ошириш ниятида етиштириладиган ҳосилнинг 30 фоиз пули олдиндан тўланади.

У. НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE