Бош саҳифа / Таълим / Инклюзив таълим ва самара

Инклюзив таълим ва самара

Нодира Аллаярова имконияти чекланган болани жамоа асосида тарбиялаб жамиятга мослаштирса бўлади, деган қатъий фикрда. Якка тартибда ўқитилиши керак бўлган Севинч Пўлтовани 1-синфга келган ўқувчилар орасига қабул қилди.

Ота-она эса фарзандининг бошқа болаларга ўхшамаслиги, гапира олмаслиги ва эшитганда ҳам кўп нарсаларни ҳис қилмаслигини айтишди. Улар боланинг тенгдошлари билан мулоқот қилишини, билим олишини тасаввур ҳам қилишмаган эди. Ҳозирда эса Севинч Қизириқ тумани “Обод турмуш” маҳалласида жойлашган 51-мактабнинг 3-синфида таҳсил олмоқда.

— Вилоятимизда инклюзив таълим бериш Термиз шаҳридаги 3-мактабда йўлга қўйилган, — дейди Нодира Аллаярова. Ўзим мактабда психолог бўлиб ишлаётганим учун ҳам болалар руҳиятини яхши биламан. Мустақил равишда, масъулиятни бўйнимга олган ҳолда инклюзив таълимни Севинч Пўлатовага қўллаб кўрмоқчи бўлдим. Чунки мен ҳам онаман, ҳам устозман. Бир боланинг билим олмасдан, дунёни англамасдан одамлардан айро яшашига бефарқ қарай олмасдим. Бир қўшнимнинг ҳам ўғли худди шундай, имконияти чекланган. Уни ўқитувчи алоҳида ўқитди. Лекин яхши самара бермади. Ҳозир ҳам уни кўча-кўйда кўрсам юрагим эзилади. У на исмини ёза олади, на бирор нарсани тушунади. Севинчни ҳам ёлғиз ўқитсам, у бошқалар билан алоқага киришмасдан, шу ҳолида одамови бўлиб қолмасин, деган мақсадда ўқувчилар билан бирга бир синфда ўқита бошладим. Тўғри, бошида анча қийналдим. Баъзан у дарсга халал берар, гапимга умуман тушунмас, ҳеч нарса билан уни чалғитиб бўлмасди. Кейин тушуна бошладимки, унинг жаҳли чиққан пайтларда ўз эркига ташлаб қўйиш ва безовта қилмаслик керак экан. То ўзи тинчланиб олмагунча унга ҳеч нарсани уқтириб бўлмас эди. Менга бу ишда ўқувчиларим яқиндан ёрдам берди. Севинч доскага чиқса, дўстлари уни қўллаб туради. Агар хато ёзиб қўйса ҳам у тўғри ёзди, баҳоси беш, деб рағбатлантириб қўяман. Унга таълим-тарбия бериш жараёнида шу қадар боғланиб қолдимки, ўз фарзандларимга ҳам бунчалик кўп вақт ажрата олмаяпман. Севинчнинг ҳарфларни яхши таниши ва талаффузи ривожланиши учун атайлаб у учун гапирадиган алифбе сотиб олдим. Тугмачасини боссангиз ҳарфлар жаранглайди. Севинч эса уни қайтаради. Шу тарзда ҳам яхши натижага эришишга ҳаракат қилаяпман.

Пўлатова Севинч билан суҳбатлашганимизда шу насра аён бўлдики, Нодира опанинг ҳаракатлари зое кетмаган. Севинч шифокор бўлишни исташини қийналиброқ талаффуз қилаётган бўлсада, муҳими унда талаффуз шаклланган, фикрлай бошлаган. Унда мақсад, деган тушунча пайдо бўлган.

—     Нодира Аллаярованинг тоби бўлмай қолганда ўрнига дарсга кирсам, Севинч бошқа болаларга ўхшамаслигини, тасодифан ўрнидан туриб кетиб, баланд овозда бақир-чақир қилишини ва қўлига нима тушса отишини кўриб, ҳайратланган эдим, — дейди Санобар Қорабоева. — Нодира опага “бу қизни алоҳида ўқитиш керак эди. Сиз буни жамиятга мослаштиргунингизча сочингиз оқариб кетади. У жуда ҳам одамови экан дедим”. Шунда у киши менга “у ҳам бошқа болалар каби бахтли бўлишга, билим олишга ва дўстлар билан яқин бўлишга ҳақли, мен уни қўлимдан келганча саводли қилишга ҳаракат қиламан”, деди. Лекин орадан уч йил ўтиб, яна шу синфга дарсга кирсам, Пўлатова Севинч мутлақо бошқа инсонга айланган. Жим ўтирибди, савол берсангиз жавоб ҳам беради. Тўғриси, мен Севинчнинг ижтимоий ҳаётга мослаша олишига кўзим етмаган эди.

— У туғилган пайтда соғлом чақалоқ эди, — дейди Севинчнинг онаси Ражапоба Рўзихол. Қандайдир касалга чалиндию бирдан тенгдошларидан ривожланишда ортда қола бошлади. У гапира олмасди, ҳеч нарсани англамайгина турарди, кўпроқ тўполон қиларди. Баъзи устозлари қизимнинг хатти-ҳаракатларини тушунишга қийналиб, менга аччиқ гапларни ҳам айтган жойлари бўлган. Шукрки, Нодира устозининг сайъҳаракати яқиндан ёрдам бергани туфайли Севинч бошқалардек, ўқийдиган бўлди. Она сифатида бу мен учун катта бахт.

Севинчнинг ўзи ҳам бошқалардан фарқ қилишини, айрим камчиликлари борлигини сезади. Унда таъсирчанлик ва уялиш ҳисси кучли. Бу жуда яхши аломат. Демак, у фикрлаяптики, уялаяпти. Астойдил ота-онаси, устози ва жамоа уни қўллаб-қувватласа, албатта, у ҳам бошқалардек соғлом билимли ва бахтли бўлади. Ҳозирги кунда баъзи бир тўрт мучаси соғлом одамларда ҳам уялиш ҳисси камайиб кетаяпти.

Севинчнинг, жамоа билан муносабатга кириша олишида Нодира Аллаярованинг хизмати катта. Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Бозор Шаймарданов ҳам унинг ютуқларини эътироф этди.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ижодий ёндошаман

Мактаб улуғ даргоҳ. Ҳар бир ота-она фарзандларини мактабга топшириб, келажакда Ватаннинг муносиб ворислари бўлиб етишишини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan