Бош саҳифа / Таълим / Инглиз тилини ўрганамиз

Инглиз тилини ўрганамиз

Дунё аҳлининг иккинчи мулоқот тилига айланган инглиз тилини ўрганишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Аммо шунга қарамай, бир неча йил аввал ўқув муассасаларида чет тилларини ўзлаштиришда фақат матн таржимаси билан кифояланар, диктант ёздириш орқали ўқувчи саводи текшириларди.

Бу метод анчайин эскирган бўлиб, ўзини оқламаётгани ўз исботини топди. Ва инглиз тили дарси аввалгидек бешинчи синфдан эмас, ўқувчи биринчи синфга қадам қўйган куниданоқ ўтиладиган бўлди. Инглиз тилини ўқитиш тизими ҳам тубдан ўзгарди.

Ҳали ўқиш ва ёзишни билмайдиган, ҳарф танимайдиган болага чет тилини ўргатиш мураккаб жараён. Ўқитувчи эса ўша мураккаб жараёндан чиқишни билиши лозим. Ўз она тили билан биргаликда ўзга тилни ҳам ўзлаштираётган ўқувчини, аввало, шу тилга қизиқтира олиш лозим. Бунинг учун дарс жараёнида кўргазмали қуроллардан, видео ва аудио материаллардан фойдаланган ҳолда мавзуни тушунтириш кўпроқ қўл келаётир. Ўқувчиларнинг сўз бойлигини ошириш учун сўзларнинг маъносини англатувчи расмларни кўрсатамиз, мавзуга доир шеърлар ёдлатамиз. Айниқса, инглиз тилидаги мультфильмлар болаларда катта қизиқиш уйғотиб, мазмунини жуда тез англаб олишаётгани биз педагогларни қувонтиради.

Ўз навбатида, етти ёшли болалар бироз ўйинқароқ бўлади. Ҳали тартиб-интизом қоидаларига унчалик кўникмаганликлари сабабли ҳар бир дарсга ўқитувчи алоҳида тайёргарлик кўриши лозим. Бир хиллик ўқувчини зериктиради, натижада эътибор сусаяди. Шу жиҳатдан ўқитувчи ўз касби ва ишига сидқидилдан ёндашиб, керак пайтда мавзуни рақс ҳаракатлари билан тушунтириши лозим. Ана шундагина педагогик маҳорат ўз натижасини беради.

Мавзуларни ўтишда, ўтилганларни такрорлашда бир қанча методларни қўллаб келмоқдамиз. “Ўйлаб олиш” методида бир ўқувчи хаёлига келтирган нарса ё ҳайвонлар номини бошқалари топиши керак бўлади. “Сакраб ўтиш” методида эса беш қатор қилиб қўйилган қоғоз карточкалар бошида, яъни “старт” ёзуви устида гуруҳлардан танланган 5 нафар ўқувчи келиб туради. Ўқитувчи айтган сўзларнинг таржимасини топган бир поғона олдинга сакрайди. Ким биринчи “финиш”га етиб борса, ўша гуруҳ ғолиб деб топилади. Ютқизган ва саволларга жавоб бера олмаганлардан балл олиб ташланади. Бундай усуллар ўқувчиларни кўпроқ билишга, сўз ёдлашга ундайди. Ғолибларни ширинликлар билан, офарин карточкалари, турли медалчалар билан рағбатлантирамиз. Рағбат олмаган кейинги сафар янада яхшироқ тайёрланиб, дарсларга фаол қатнашишга ҳаракат қилади.

Ўз педагогик тажрибам шуни кўрсатадики, ўтган йилги биринчи синф ўқувчиларим йил давомида 200 дан ортиқ инглиз тилидаги сўзларни ёдлашди. Аслида эса режа бўйича биринчи синф ўқувчиларининг 150 тача сўзларни ёд билиши меъёр саналади.

Дарс жараёнининг қизиқарли ўтиши, ўқувчиларнинг нечоғлик ўзлаштириши синфда яратилган муҳитга ҳам бевосита боғлиқ. Мактабимизда 4-5 та хона инглиз тили дарси ўтилиши учун махсус жиҳозланган бўлиб, барча шарт-шароит яратилган. Ҳар бир хонада ноутбук, электрон дарсликлар, проектор ускуналари мавжуд бўлиб, бу дарс сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.

Гулноз ҚУЛБОЕВА,
Термиз тумани
1-умумтаълим
мактаби инглиз
тили ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ижодий ёндошаман

Мактаб улуғ даргоҳ. Ҳар бир ота-она фарзандларини мактабга топшириб, келажакда Ватаннинг муносиб ворислари бўлиб етишишини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan