Бош саҳифа / Жамият / Имтиёз фақат бир маротаба берилади

Имтиёз фақат бир маротаба берилади

Ўзингизга маълум, сўнгги йилларда мамлакатимизда жуда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг инсонпарвар сиёсати натижасида фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликлари қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланиши баробарида кўплаб имтиёзлар жорий этилмоқда. Тан олиб айтиш керак, яқин йилларгача бу сингари ислоҳотлар деярли ўтказилмаган эди. Ҳукуматимиз раҳбарияти фуқароларнинг эркинлиги борасида қанчалик саъй-ҳаракат қилмасин, афсуски, баъзи бир алоқадор ташкилот мутасаддилари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмаяпти.

Хабарингиз бор, 2018 йил 20 апрелда Президентимизнинг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинган эди. Ходимларимиз томонидан ушбу фармоннинг жойлардаги ижроси ўрганилди. Президентимизнинг мазкур фармонига асосан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Низом ишлаб чиқилган.

Фармон ижроси таҳлилига кўра, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси 2019 йилнинг 1 май кунига қадар ўтказилиши, акция муддати тугагач, ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар бузиб ташланиши белгилангани ҳамда акция тугашига қисқа муддат қолганига қарамасдан, ваколатли идоралар ва ҳудудий комиссиялар томонидан фармон ва низомда белгилаб берилган вазифалар лозим даражада бажарилмасдан, фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмасдан сансалорликка солинаётганлиги аниқланди.

Хусусан, жорий йилнинг 30 ноябрь ҳолатига кўра, вилоят бўйича акция доирасида келиб тушган 9324 та мурожаатнинг бор йўғи 2555 таси (27,4 фоизи) қабул қилинган, 926 таси қаноатлантирилиши бир марталик йиғим тўланмаганлиги сабабли тўхтатилган, 1034 таси рад этилган, ҳозирги кунда 5779 таси ёки 62 фоизи кўриб чиқилмоқда.

Ҳудудий комиссия аъзолари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда муддат бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастрида 3374 та, ер ресурслари ва давлат кадастрида 2311 та, қурилиш бўлимларида 1593 та, экологияда 2863 та, санитария муассасаларида 486 та, ички ишларда 806 та, солиқ идораларида 2350 та ва ёнғин хавфсизлиги бўлимлари томонидан 525 та ҳолатда ер ва уй-жойларни расмийлаштириш борасида муддатлар бузилган.

Шунингдек, 442 та мурожаат юзасидан комиссиянинг ижобий хулосаси бўлса-да, туман (шаҳар) ҳокимликларининг мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича қарорлари қабул қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 215-5 моддасида, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахслар ва хизматчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, Давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 66 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган. Бундан ташқари, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда вилоят идораларига 16 та тақдимнома киритилган, 28 нафар мансабдор шахс огоҳлантирилган.

Шунга қарамасдан, комиссия аъзолари ёки комиссия томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмаслиги ёки асоссиз равишда рад қилиниши, мурожаатлар бўйича ўз вақтида хулосалар берилмаслиги ҳолатларига йўл қўйилган.

Масалан, жорий йилнинг 30 ноябрь кунига қадар “Ермулккадастр” ДК туман (шаҳар) филиаллари ва ҳудудий комиссиялар томонидан жами 880 та мурожаатлар рад этилган.

Туман, шаҳар прокурорлари томонидан ўтказилган текширишларда қуйидаги қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Ангор туманида ўтказилган текширишда, низом талабларига зид равишда комиссия ишчи органи вилоят “Ермулккадастр” ДК туман филиали томонидан марказ орқали келиб тушган 272 та мурожаатни комиссия аъзоларига юборишда 3 иш кунлик муддатга риоя этилмаган. Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 187-моддасида, “Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади”, деб кўрсатилган бўлса-да, 1982 йилдан бери уй-жой қуриб яшаб келаётган фуқаро Ш. Пардаевга акция доирасидан ташқари ҳолатда ҳам мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида қарор қабул қилишга етарлича асослар борлигига қарамасдан, пайсалга солиниб, хатоликка йўл қўйилганлиги аниқланди.

Низомнинг 17-бандида, комиссиянинг ишчи органи 3 календарь куни мобайнида комиссия аъзоларининг хулосаларига асосан кўчмас мулк объектини ўрганиш бўйича далолатнома расмийлаштириш, унда комиссия аъзоларининг хулосасига кўра, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш талаблари белгилаб берилган.

Комиссия ижрочи органи томонидан 36 нафар фуқаронинг мурожаатларини кўриб чиқишда ҳам шу каби қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.

Қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан туман прокуратураси томонидан туман ҳокимига тақдимнома киритилиб, 3 нафар раҳбар ва масъул шахсларга нисбатан МЖтКнинг 215-5 моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Шунингдек, Денов туманида жами келиб тушган ва Давлат хизматлари маркази орқали юборилган 452 та аризанинг 339 таси бўйича туман ишчи комиссияси томонидан ўрганиш кунига қадар далолатномалар тузилмаган, 236 таси бўйича комиссия ишчи органига хулоса (маълумотлар) берилмаган ва бошқа қонун бузилишларга йўл қўйилган.

Шўрчи туманида 1084 та ҳолатда муддат бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Жумладан, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида 244 та, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясида 265 та, ДСИ да 76 та, қурилиш бўлимида 72 та, ИИБ да 26 та, ЁХБ да 18 та, ДСЭНМ да 22 та мурожаатлар юзасидан кўчмас мулк объекти бўйича хулосалар (маълумотномалар) кечиктириб берилган ёки умуман тақдим этилмаган. Қонун бузилишлари бўйича туман ҳокимига тақдимнома киритилди.

Узун туман комиссияси фаолиятида ҳам шу каби қонун бузилишларига йўл қўйилган. Қонун бузилиши сабаблари ва бунга шароит яратиб бераётган ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида туман ҳокимига тақдимнома киритилди.

Вилоят прокуратураси томонидан мазкур фармоннинг ижроси юзасидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра, 5 та тақдимнома киритилиб, қонунга зид ҳужжатларга нисбатан 2 та протест келтирилди. Прокурор қарорларига асосан 6 нафар шахс маъмурий, 1 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, 14 нафар шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди. 1689 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланиб, мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича қарорлар қабул қилиниши таъминланди.

Айни пайтда ушбу йўналишда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Хушмамат БЕКМУРАТОВ,

вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan