Бош саҳифа / Сиёсат / Имтиёз ва имконият

Имтиёз ва имконият

Сўнгги йилларда чегарадош давлатлар билан қўшничилик муносабатларини яхшилаш мақсадида, мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, экспорт салоҳиятини такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, айни ҳолатда фитосанитария , санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат ва сертификатлаш органлари фаолиятини ўрганиш натижалари, уларнинг республикамизнинг давлат чегараси орқали ўтувчи товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан назорат функцияларини амалга ошириш, самарадорлик ва тезкорликни таъминлаш, бундан ташқари, идоралараро электрон ҳамкорликни жадал жорий қилиш орқали такомиллаштириш зарурати мавжудлиги аён бўлади.

2019 йил 23 мартда Президентимизнинг “Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорда бир қатор енгилликлар назарда тутилган. Жумладан, божхона тизимида ҳаддан зиёд маъмурий тўсиқлар ва давлат органларининг бир-бирини такрорловчи функциялари бекор қилинади. Божхона кўригида товарлар қадоқларини бузиб очиш каби ҳолатлар қисқартирилди.

Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларидан:

рухсат этувчи характерга эга ҳужжатларни беришда ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда — карантин остидаги маҳсулотларни экспорт ва импорт қилишда зарарсизлантириш (фумигация) далолатномасини;

экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда – ўров варағини;

импорт қилинаётган товарларга ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи ҳужжатлар ва мувофиқлик сертификатларини беришда — Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига келганлик тўғрисида белги қўйилган товарларнинг кузатув ҳужжатларини (товар-транспорт юк хати, инвойс, ҳисоб-фактура ва бошқалар);

ваколатли органлар томонидан бериладиган ҳужжатларни олишда — ишончномаларни;

импорт товарларига мувофиқлик сертификатини беришда — норматив ҳужжат нусхаси, санитар-эпидемиологик хулоса нусхасини;

ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни беришда — ишлаб чиқарувчи мамлакат тўғрисидаги сертификатни;

2020 йил 1 январдан бошлаб товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида, шунингдек, импорт қилинадиган товарларга мувофиқлик сертификатини беришда — халқаро шартномаларда махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштиришни талаб қиладиган ҳужжатлардан ташқари, ваколатли органлар томонидан қоғоз шаклида бериладиган рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларнинг асли ва нусхаларини талаб қилиб олиш тақиқланди.

Бундан ташқари, ветеринария рухсатномаларини, фитосанитария ва ветеринария сертификатларини расмийлаштириш учун экспорт қилишдан 30 кун олдин ариза билан мурожаат қилиш зарурати тўғрисидаги талаб бекор қилинади. Карантин рухсати ва экологик сертификатни бериш муддати уларни олиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза берилган кундан бошлаб 5 иш кунидан ошмаслиги керак.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, божхона постида оғир вазнли ва йирик габаритли автомобиллар ҳамда юк ташувчи транспорт воситаларининг вазнини ўлчовчи, Россия давлатида ишлаб чиқарилган сўнгги русумдаги янги тарози синов тариқасида ўрнатилди. Шунингдек, экспортга расмийлаштирилган транспорт воситаларини, асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини божхона чегара ҳудудидан олиб ўтишда тирбандликнинг олдини олиш мақсадида алоҳида яшил йўлак ажратилди. Шуниси аниқки, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган бу сингари ислоҳотлар келгусида юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда ўзининг ижобий самарасини беради.

Ф. ТУРДИҚУЛОВ,
“Айритом” чегара божхона пости катта
инспектори, божхона хизмати капитани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энг инсонпарвар жамият

Мустақил Ўзбекистон Республикаси 1992 йил март ойида БМТ аъзолигига қабул қилингач, шу кундан бошлаб халқаро …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE