Қимматга тушган ҳазил

0
21

Баъзида айтилган бир оғиз сўз инсон ҳаётини тубдан ўзгартира олади. Ҳаётда юз берган фожиаларнинг кўпчилиги ўйламай айтилган сўз оқибатида содир бўлади.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани, “Хонобод” маҳалласида уч нафар боланинг умрига зомин бўлган Зоҳид Отабоев ўз жиноятларини қўшниларидан ўч олгани билан изоҳлади. Чунки бу жиноят ўйламай қилинган ҳазил туфайли аламзадаликни келтириб, қасос олиш мақсади билан бошланган эди. Бу мудҳиш жиноят 4 август куни “Ўзбекистон 24” телеканалида ҳам намойиш этилди.

2010 йили 23 ёшда бўлган Зоҳид Отабоев ҳамқишлоқлари билан маҳаллий тўқимачилик фабрикасида ишлаётганда қўшнилари Аббос Отамирзаев, Шодиёр Алибоев ва Зуфар Азимбоевнинг у қачон уйланиши ҳақидаги ҳазил аралаш саволларини эркаклик ғурурининг топталиши сифатида қабул қилади ҳамда улардан ўч олиш учун қасос режасини тузиб, “ҳазилкаш”ларнинг фарзандларини ўлдиришга қарор қилади.

Унинг биринчи қурбони Аббос Отамирзаевнинг 7 ёшли ўғли бўлди. 2010 йилнинг 12 июнида Зоҳид кўчада ўйнаб юрган Шаҳбозни алдаб, уйига олиб киради ва мушти билан бошига бир неча бор қаттиқ зарба бериб йиқитади. Сўнг, болани бўғиб, ҳожатхонага ташлаб юборади ва устидан тупроқ билан кўмиб ташлайди.

2014 йил августида эса Шодиёр Алибоевнинг 9 ёшли соқов ўғли Ёрқинбекни велосипедда кўчасидан ўтаётганида, алдов йўли билан уйига олиб киради. У бу болани ҳам уриб ўлдириб, янги ўрага кўмиб ташлайди, велосипедни эса дарёга ташлаб юборади.

Орадан 3 йил ўтиб, 2017 йилда Зоҳид Отабоев уйланади, бироқ у “қасд олиш”да давом этади. Ўша йили ноябрь ойида унинг томорқасига тасодифан Зуфар Алимбоевнинг 3 яшар ўғли Ойбек кириб қолади. Отабоев болани кетмон билан уриб жароҳатлайди ва омборга олиб ўтиб, бўғиб ўлдиради. Болани излаб келган Ойбекнинг онасига ҳеч кимни кўрмаганини айтади ва уни қайтариб юборгач, жасадни чуқурга ташлайди.

Орадан 3 кун ўтиб жиноятчи Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади ва умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилади.

Инсон қалби шунчалар мураккабки, у ҳали ҳамон сирли ва ўрганилмаган қирраларга эга. Бегуноҳ болаларнинг умрига зомин бўлиш ўта мудҳиш қабиҳликдир. Бироқ, балки бу норасидаларнинг оталари Зоҳид Отабоевга ўйламай қалтис ҳазил қилишмаганида, ҳозир улар орамизда бўлармиди…

Биз бу сўзлар билан жиноятчининг қилмишини оқлашдан йироқмиз, лекин инсон қалбини ўйин қилишдек савдога бефарқ қарамаслигингизни истар эдик…

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг