Бош саҳифа / Спорт / Имкониятлар етарли, натижачи?

Имкониятлар етарли, натижачи?

Бугунги кунда мамлакатимизда  спортга бўлган эътибор давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ёш авлодни спортга жалб этиш, айниқса, хотин-қизлар спортини ривожлантиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Шу мақсадда нафақат республикамизда, балки вилоятимизда ҳам хотин-қизлар спортига бўлган эътибор кучайиб, ҳатто чекка-чекка ҳудудларда ҳам спортнинг барча турлари билан шуғулланиш учун етарли шароитлар яратилмоқда. Вилоятда жами 4 344 та спорт иншооти хизмат кўрсатиб келмоқда. Уларнинг 50 фоизидан ошиғи қишлоқ жойларда жойлашган. Мавжуд спорт майдонларининг  бир кунлик сиғимлик қуввати 146 минг 375 нафар кишини ташкил этади.

 

Ёш авлоднинг ўсиб-улғайиши йўлида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари олис қишлоқларда ҳам ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Чекка ҳудудлардаги қизлар ҳам спортга кенг жалб этилаётир. Айни пайтда вилоятда 180 минг нафар 5-15 ёшгача бўлган қиз спорт билан мунтазам шуғулланаётгани сўнгги 10 йил ичидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.

— Спортнинг оммавийлигини таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудларида ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда спорт мусобақалари ўтказиб келаяпмиз, — дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ходими Бахтиёр Мерганов. — Учрашувларга чемпион қизлар ва спорт усталарини таклиф қилаётганимиз ёшларни бефарқ қолдирмаяпти. Вилоятда жами шуғулланувчилар сони 40 та спорт тури бўйича 304 минг 552 нафарни (шундан 130 минг 382 нафари аёллар) ташкил этади.  Жумладан, мусобақа ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилмоқда.

Жорий йилда спорт турлари бўйича 31 дан зиёд республика, Осиё ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда вилоятимиз спортчилари иштирок этиб, 72 та олтин,  49 та кумуш, 55 та бронза,  жами  176  та медални қўлга киритди. Совриндорларнинг  25 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, каратэнинг комбат айкидо тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ангорлик Покиза Жовлиева олтин медални қўлга киритди. Спортнинг муайтай тури бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида термизлик Мадинабону Қодирова бронза медалга сазовор бўлди. Қолаверса, Бонура Самадова, Дилфуза Муртазоева, Маржона Алимова, Муниса Аҳматжонова, Камола Азимова, Мавжуда Тоштемирова, Дилдора Нурманова каби спортчи қизларимиз ўзлари танлаган спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлгани қалбимизга ғурур ва ифтихор туйғусини бахш этади.

Яқинда Кореянинг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида узунлик Гулжаной Наимова юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Таэквандонинг WTF йўналишида кумуш медал соҳибасига айланди.

— Гулжаной спорт машғулотларига қатнай бошлаганида 10 ёшда эди, — дейди мураббий  Аҳмад Мейлиқулов. —  Ёш бўлишига қарамай тинимсиз меҳнат қилди. Машғулотларга катта қизиқиш билан қатнашиб, таэквандо сирларини пухта ўзлаштирди. Икки карра Ўзбекистон чемпиони. Жорий йилнинг октябрь ойида Норвегияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиб, яхши натижаларга эришишига ишонамиз. Ҳозирда мусобақага қизғин тайёргарлик кўраяпмиз.

 Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энг яхши спортчи оила

Болаларни спортга ошно қилиш учун энг яхши восита бу ота-она намунасидир. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan