Бош саҳифа / Маданият / Илмли минг яшар

Илмли минг яшар

Профессор Убайдулла Уватов кўплаб тарихчи олимларнинг мураббийи, Ўзбекистон тарихида буюк аждодлармиз  меросини тиклаш йўлини бошлаб берган устоздир.

Асли Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани Чучук ота қишлоғида туғилган олим Тошкент давлат университетида шарқшунослик факультетида араб филологияси бўйича таҳсил олган.

Бироз муддат ўқитувчилик қилгач, бироз муддат Ироқ давлатида таржимон бўлиб ҳам ишлаган. Кейинчалик профессор илмга бағишлаган ўзини. 

Мустақиллик шарофати туфайли Убайдулла Уватов ўзини батамом юртимиз алломалари ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганишга бағишлади. Араб тилини мукаммал билиши, тарихий манбалар билан ишлаш кўникмасининг тўлиқ шакллангани туфайли ислом оламида жуда машҳур бўлган, аммо ўзбек китобхонига ҳатто исми ҳам нотаниш кўплаб алломаларимизнинг ҳаёт йўли, уларнинг илмий-маънавий мероси билан қимматли ёзма манбалар асосида халқимизни таништириш ишини бошлаб юборди. У.Уватов Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Ломиший ва юртимиздан етишиб чиққан кўплаб бошқа алломалар ҳақида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида илмий-маърифий рисолалар нашр этди.  У.Уватовнинг ушбу фаолиятини ҳозирги кунга қадар давом эттирилиб, унинг ижод маҳсули табаррук замининмиздан етишиб чиққан 70 та олимнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси ҳақидаги қимматли маълумотни жамлаган “Буюк юрт алломалари” китобига асос бўлиб хизмат қилди.

Илмий тадқиқот соҳасининг турли йўналишларида фаолият олиб борганига қарамай, У.Уватов ўзининг “шоҳ мавзуси” – аждодларимиз мероси мавзусига яна мурожаат қилиб, 2002 йил 16 июнь куни Тошкент ислом университетида “Мовароуннаҳр ва Хуросон олимларининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни (Бухорий, Муслим, Термизий)” мавзусида докторлик илмий ишини ҳимоя қилди.

Ўз илмий фаолияти давомида 300 дан ошиқ мақола, 50 га яқин китоб ва рисолалар тайёрлаган. Ушбу нашрларнинг аксарияти чуқур илмий асосланган тадқиқотлар бўлиб, публицистик мақолалар, ўқув-услубий материаллари ҳам шулар жумласидандир. Мазкур илмий ишлар орасида рус, араб, турк тилларида чоп этилган тадқиқотлар ҳам талайгина бўлиб, улар Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистонда нашр этилган. Шу билан бирга У.Уватов диний-маърифий йўналишда нашр этилган юзлаб китоб ва илмий рисолаларнинг масъул муҳаррири ва тақризчисидир.

Олиб борган қамровли илмий фаолияти учун 2008 йил Убайдулла Уватовга Олий аттестация комиссияси томонидан профессорлик илмий унвони берилган.

2014 йилдан Убайдулла Уватов ўз фаолиятининг янги қирраларини намоён қила бошлади. У “Ўзбекистон маърифатпарварлар жамияти”нинг раиси этиб тайинланди. Жамият ҳозирга қадар унинг раҳбарлиги остида республика миқёсида ўз фаолиятини юритишга интилиб, республикамизнинг зиёли қатламини ўз сафида бирлаштиришга, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришга муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Профессор 2008-2013 йилларда Имом Бухорий халқаро марказида, 2017 йилда эса Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимига тайинланиб, бироз муддат фаолият юритган. Олим ўзининг ҳалол меҳнати, самарали фаолияти, ёшлар тарбияси ишига қўшган беқиёс ҳиссаси туфайли давлатимизнинг “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланган.

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида “Убайдулла Уватов қаламига мансуб китоб ва рисолалар” тақдимоти бўлиб ўтди. Унда талаба-ёшлар, журналистлар ҳамда кўплаб мутасадди ташкилотларда фаолият юритаётган шогирдлари онлайн тарзда иштирок этишди. Улар олимнинг чоп эттирган китоблари билан бирга, унинг ибратли ҳаёт йўли, илмга чанқоқлиги ҳақида ҳам сўз юритдилар.

—  Қарийб 60 йил Ватанимизда яшаб ўтган буюк алломаларнинг илмий меросини халқимизга, хусусан, ёш авлод ўртасида тарғиб-ташвиқ қилишда фаол қатнашди, — дейди  Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, халқаро ҳадисшунослик фанлари доктори Шукрулло Умаров. — Муҳими, бугун бу заҳматкаш инсоннинг бошлаган эзгу ишини унинг шогирдлари давом эттиришмоқда. Марказимиз томонидан ҳам У.Уватовнинг сайланмаларини чоп этиш режалаштирилган. Бугунги анжуманда олимнинг шогирдлари инсоний фазилатлари хусусида сўз очишди. Зеро, инсон аввало, инсонийлиги, сўнг эса илми, қолдирган бой маъанавий мероси билангина умбрбод хотираларда ёд яшайди.

Ф.Умидуллаева

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan