Илмий-амалий анжуман

0
40

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиалида Президентимизнинг ёшларга қарата: “Дунёдаги энг катта бойлик ёшликда олган билим ва эгаллаган касбу ҳунардир!”, дея айтган сўзларини шиор қилиб олган ҳолда профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг “Педагогика фанининг қадимдан ривожланиб келаётган ютуқлари ва илғор хорижий тажрибалар: инновацион ва технологик ғоялар” мавзусига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган анжуманга филиал директори, педагогика фанлари номзоди Қаюм Баймиров раҳбарлик қилди. Анжуманнинг очилиш маросимида И. Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали директори вазифасини бажарувчи Ф. Носиров, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Н. Диёров ва Термиз шаҳар мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи А. Холтўраевалар сўзга чиқиб, ҳозирги замон таълими ва унинг муаммолари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Куннинг иккинчи ярмида 30 нафарга яқин фаол талаба-ёшларнинг маърузалари тингланган бўлса, анжуманнинг иккинчи кунида профессор-ўқитувчилар ва ёш олимлар маърузалар қилишди.

Анжуман якунида энг яхши маърузалар учун 1-2- ва 3-ўринлар аниқланиб, иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди. Шунинг билан биргаликда филиал директори Қ. Баймиров бу профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг ҳар йили ўтказилиб туриладиган анъанавий анжуманга айланиб қолишини таъкидлаб ўтди.

Ҳайдар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг