Бош саҳифа / Сиёсат / Илм-фан ишланмалари амалиётга!

Илм-фан ишланмалари амалиётга!

Юртбошимиз ташаббуси билан 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида вилоятимизда йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Жаҳонда иқтисодий, инқироз давом этмоқда. Инқирознинг бизга бўлган таъсирини камайтиришнинг бирдан бир йўли мамлакатдаги барча мавжуд имкониятларни ишга солиб, биринчи навбатда, иқтисодий юксалиш чораларини кўришдир. Бу йўналишда, аввало, саноатнинг ривожланиши муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги етакчи тармоқларидан саналган боғдорчилик, сабзавот-полизчилик бўйича кўп йиллик бой тажриба ва юксак илмий салоҳиятга эга мамлакатдир. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳар йили 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, узум, полиз ва картошка маҳсулотлари етиштирилаётгани экспорт салоҳиятини оширишга ҳам қўл келмоқда. Натижада юртимиз жуда қисқа давр ичида ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ,  майиз, карам ва бошқа кўплаб мева ҳамда сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда етакчи  давлатлар сафидан мустаҳкам жой эгаллашида Сурхондарё вилоятининг ҳам муносиб улуши бор.

Бу кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга оширишда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг “Четдан келиб, ҳеч ким бизнинг  муаммоларимизни ечиб бермайди. Ўз ақлу заковатимиз, меҳнатимиз туфайли ҳаётимиз яхшиланиб боради”, деган даъватларида бутун халқни ҳаракатга келтирувчи куч бор.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари 2016 йил 30 декабрда мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намоёндалари билан ўтказган учрашувида республикамиз олимлари олдига илм-фан соҳасини барқарор ривожлантириш, илмий ишланмаларни яратиш ва иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш учун нафақат академик, балки олий ўқув юртларидаги илм-фанни ҳам янада ривожлантириш вазифаларини юклаган эди.

Бу борада вилоятимиз ҳокимлиги томонидан ҳам воҳа олимларини фан, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Бунга жавобан, ТерДУ олимлари илм-фан натижаларини бевосита ишлаб чиқаришга татбиқ этиш борасида тегишли илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. 2005 йил 4 майда Вазирлар Маҳкамасининг 339-сонли қарорига кўра, ТерДУ ва Ўзбекистон Миллий университети олимлари ҳамкорликда “Хонжиза полиметалл кони рудалари таркибидаги мис ва кумуш металларини концентрлаш ва ажратиб олиш технологиясини яратиш” устида илмий-тадқиқот ишлари олиб бордилар. Бу лойиҳа учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси 2007-2008 йилларда бажарилган инновация ишлари дастурида ҳар йили учун 30 миллион сўм ажратилган ҳолда танлов эълон қилиди. Танловда ТерДУ кимёгар-олимлари ғолибликни қўлга киритиб, лойиҳа устида илмий-тадқиқот ишлари олиб бордилар. Натижада, технологик ишланма яратилиб, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатининг Хонжиза кон бойитиш бошқармасида ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда.

Маълумки, Хонжиза полиметалл кони қирқ квадрат километр майдонни эгаллаган бўлиб, мазкур конда 4,3 миллион тонна рух, 1182 минг тонна қўрғошин, 540 минг тонна мис ҳамда 2,3 минг тонна кумуш захиралари мавжуд бўлиб, ҳар йили 650 минг тонна руда қайта ишланмоқда. Бу эса дастлабки 30 йилда 19,5 миллион тоннани ташкил қилади. Бу заҳиралар эвазига Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати йилига 15 минг тонна рафинацияланган қўрғошин 120 минг тонна бўлган рух ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, университетимиз кимёгар-олимлари 2007-2008 йилларда бажарилган давлат инновацион тадқиқот дастурлари доирасида “Портландцемент саноати учун Бешбулоқ оҳактошлари ва Хўжаикон гипс заҳиралари асосида кимёвий хом-ашёлар тайёрлаш  технологиясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги инновацион лойиҳани ҳам муваффақиятли бажардилар. Натижада, портландцемент ишлаб чиқариш тежамкор технологияси яратилди ва уни амалиётга жорий этиш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу ишланма  Шеробод туманида қурилаётган ва йилига 1,5 миллион портландцемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводга жорий этиш учун барча меъёрий ҳужжатлар билан тақдим қилинган.

Айни пайтда, ТерДУ кимёгар-олимлари вилоят ҳокимлиги томонидан тавсия этилган ва фан ва технологиялар агентлиги танлови бўйича 2018-2020 йилларга мўлжалланган давлат мақсадли амалий тадқиқотлар дастурлари доирасидаги “Сурхондарё вилоятида ерости шўр сувлари таркибидаги йод ва унинг бирикмаларини ажратиб олиш” мавзусидаги лойиҳани бажариш устида иш олиб бормоқдалар.

Бу тадқиқот натижасида вилоятимиздаги қаттиқ, водород сульфидли, таркибида йод бўлган Ҳовдак, Какайди ва Лалмикор ҳудудларидаги ер ости шўр сувлари таркибидаги йод ва унинг бирикмаларининг миқдори аниқланади ва ажратиб олинади. Бу эса республикамиз халқ хўжалигининг йод ва унинг бирикмаларига бўлган эҳтиёжини қисман қондириш имкониятини яратади.

Юртимизда барча ислоҳотлар янгича ёндошув асосида изчил давом эттирилмоқда. Тараққиётнинг ушбу босқичида, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан яшашга эришиш устувор мақсад қилиб белгиланган. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш бизга ярашмайди”. Бу эса  барчамиз учун дастуруламалдир.

Ҳайит ТЎРАЕВ,
Термиз давлат университети профессори, кимё фанлари доктори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатосини тан олди

Дин инсонни гуноҳдан, ёмон ишлардан сақловчи, виждон поклигини таъминловчи кучдир. Диний билимларни яхши ўзлаштирган инсон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan