Бош саҳифа / Жамият / Иллат удумга айланмасин

Иллат удумга айланмасин

Бани башар фарзанди борки, узоқ умр кўриб, соғлом яшашни орзу қилади. Қизириқ туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхонасига касб фаолиятим зарурияти билан келиб, ногаҳон чақалоқни карнай-сурнай наволари остида олиб чиқишаётганига гувоҳ бўлдим.

Томошабин ҳам ҳийлагина. Бу одат бошқа жойларда ҳам онда-сонда бўлса-да, кузатилаётгани сир эмас.

Матбуотда тўйларнинг дабдабали ўтиши, ундаги исрофгарчилик оқибати, машиналарнинг йўл ҳаракатига путур етказилаётгани ҳақида огоҳлантириб келинмоқда.

Касбдошларим фаолиятига соя солувчи бу иллат куртак очиб кўпаймаслиги учун туманимиздаги баъзи гапга етарлар билан фикрлашдим.

Туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси Хосият Тиловмуродова: — Бизда ҳам бошланибдими? Элимиз урфи-таомилига зид одатларга йўл қўймаслигимиз керак, қолаверса ҳукуматнинг кўрсатма ва қарорлари бор.

Туман бош имом хатиби Абдухалил Абдуназаров: — Динимизда чақалоқнинг 40 кун “чилла” даври бўлиб, инс-жинс ва кўз тегишларидан асраш лозим. Чилла даври ўтгач “ақиқа” тўйлар қилиб хурсандчилик, эҳсонлар қилиш мумкин.

Туман Кенгаши депутати, мактаб директори Хосият Бобоқулова: — Бу одатга қаршиман. Бутун жамоатчилик курашиши лозим, токи эл орасида удум бўлиб қолмасин. Чақалоғини уйига олиб бориб, яқинларини чорлаб “бешик” тўйи қилсин.

Бу каби фикрларни кўп эшитдим. Аксарият ҳолларда саволимга савол билан “Қизириқда ҳам бошланибдими?” деган жавоб олдим. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг “Ярамас одатни қўл билан қайтаринг, қўл билан қайтаролмасангиз тил билан қайтаринг”, — деган марҳаматлари ҳам бор.

Афсуски, ҳаёт байрам ва шоду хуррамликлардан иборат эмас, туғруқхонадан қуруқ қўл билан ёки фарзандининг жасади билан чиқаётганларнинг (чақалоғни музика остида олиб чиқиш жараёнига дуч келиб қолса-чи?) ҳолини тасаввур қилинг. Бу аччиқ ҳақиқат, илоҳим ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Қадимда чилла даврида она ва бола хонаси эшигига қалампир, исириқ осиб қўйилиши бегоналар киришини тақиқловчи белги бўлган. Бу каби тартиб қоидага қатъий риоя қилинган. Замонавий тиббиёт “чилла” даврини она учун тикланиш (бачадон қисқариб, ўз ҳолига қайтиши) бола учун янги оламга мослашиш жараёни, деб қараб чақалоқни бегона кўзлардан сақлашни тавсия этади.

Бугун сиҳатхона ва туғруқхона атрофида қадриятларимизга зид, урф-одатларни олиб киришга кимнинг ҳаққи бор? Ёмон иллатларни одатга айлантираётганимиз нимаси?!

Юртбошимизнинг кекса авлодни ибрат вакиллари, деб аташи бизлар учун катта масъуллик ва ишончдир. Демак, аввало, биз кексалар динимиз ва қадриятларимизга ёт бундай одатлардан қочиб, ёшларни ҳам шунга даъват этишимиз лозим.

Жуманазар МАДИЕВ,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Қизириқ туман таянч маскани раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE