Бош саҳифа / Жамият / Иллат эмас, хислат қидирайлик!

Иллат эмас, хислат қидирайлик!

Бутун дунёда мисли кўрилмаган даражада ривожланиш ва ўзгаришлар бўлаётган бир пайтда минг афсуски, саводсизлик даражаси бартараф этилганича йўқ. Инсонлар ёзишни, ўқишни ўрганишни истайди.

Баъзи давлатларда савод чиқариш учун маълум маблағ сарфлашга тўғри келади. Бу имконият эса барчада ҳам мавжуд эмаслиги мана шундай муаммони юзага келтираётир.

Ўзбек ёшлари эса билим олиш билан бирга, бир неча дунё тилларини ўзлаштиришлари учун имкон топаётир. Санъатда ва спортда, фанда мисли кўрилмаган ютуқларга эришиб, халқаро миқёсда танилаётгани ҳар бир юрт- дошимиз қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдиради.

Бугунги кунда биз ёшлардан талаб қилинаётган бирдан бир вазифа бу ўқиш-ўрганиш. Хўш, юртимизда яратилаётган имкониятлардан қандай фойдаланаяпмиз?

Эркинликни турлича тушунаётган шундай ёшлар ҳам борки, ҳали мустақил ҳаётга тайёр бўлмай туриб, ўзларини катта бўлиб қолгандек тутади ва сигарет чекишни, спиртли ичимликлар ичишни одатга айлантиради. Саломатликка зарар етказаётган бу иллатлар уларни замонавий кўрсатадиган восита эмас, катта хавф эканини тушунишса эди. Тўқликка, тинчликка ва эркка қилинаётган бу шўхлик қачондир ўзининг салбий таъсирини кўрсатганда эса “аттанг” дейишдан фойда бўлмайди.

Бугун наркотик ва спирт ли ичимликлар истеъмол қилаётган ёшларнинг келажак тақдири қандай кечаркин? Улардан туғилажак фарзандлар-чи?

Айрим ёшларнинг кўча-кўйда алламаҳалгача санғиб, мақсадсиз тентираши, кимдир арзимаган пул эвазига ўз оқимларига оғдириб олиши ҳолатлари орамизда учраётгани ачинарли ҳолдир. Динни ниқоб қилиб олган тўдалар ёшлар онгига ёлғон ва пуч ғояларни сингдириб қўйиб, ота-онага, халқ ва Ватанга хиёнат қилишга ундаётгани аччиқ ҳақиқат.

Ҳозирда ёшларнинг мўмай даромад топиш мақсадида чет элга чиқиши оммалашиб улгурди. Машойихларимизнинг, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, нақли худди шу ерда ўз исботини топгандек назаримизда. Негаки, яқинларимиз ёнида, туғилиб ўсган масканимизда соғ-омон меҳнат қилганимизга ҳеч қандай бойлик тенг келмаслигини қачон бошимиз тошга тегишидан олдин тушуниб етишни ўрганар эканмиз!

Кўчамизда 3-4 синфларда ўқийдиган бир бола доим безорилиги билан барчанинг эътиборини тортади. Бир куни бехосдан туртиниб кетган қизчанинг узрини ҳам эшитмай туриб сочларига чанг солди. Оғзига келган сўзлар билан ҳақоратлаб, калтаклай кетди. Ўқитувчилар бориб ажратмагунча тинчимаган бу безори бола жазавага тушган, ўзини бошқара оладиган аҳволда эмас эди. Шундан сўнг, бу бола тарбиясида илдиз отиб бораётган иллатларга сабаб нима экани ҳақида қизиқиб, оиласи ҳақида суриштира бошладим.

Мана гап қаерда экан. Ҳар икки куннинг бирида ичиб келувчи “пияниста” отанинг фарзанд тарбияси учун вақт ажратиши амримаҳол. Оиладаги бундай муҳитда улғаяётган фарзанддан яна нимани ҳам кутиш мумкин?

Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр, деганларидек ҳар биримиз ҳар қандай воқеа, хислат ва иллатларга дуч келганимизда ўз вақтида фикр қилишдан, шукр қилишдан тўхтамайлик! Ҳар қандай ёмонлик ва яхшиликдан хислат қидирайлик! Ўшандагина ҳаётимиз нурафшон бўлади.

Озода ЧОРИЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan