Бош саҳифа / Жамият / Илк тамал тоши – ёшлар тарбияси

Илк тамал тоши – ёшлар тарбияси

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак”, деган даъватлар ўрин олган. Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашида ҳудудий кенгашларнинг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари иштирокида 2019 йилда амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга бағишланган йиғилишда айнан шу масалага эътибор қаратилди. Унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Р. Авазов иштирок этиб, кенгаш аъзоларининг ўрни маҳалларда бўлиши,

МФЙ раисларига яқиндан ёрдам бериши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Қонунчилик, ҳуқуқ тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш доимий комиссияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Орзуқул Соатов ҳамда туман Кенгашларидаги кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари ўтган йилда эришилган ютуқ ва камчиликлар, янги йилда зиммадаги вазифаларга тўхталди.

Йиғилиш сўнгида эса маҳалларда маънавий муҳитни соғломлаштириш ва режада белгиланган долзарб масалалар юзасида нуронийларимизни суҳбатга тортдик.

Орзуқул Соатов — халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, вилоят кенгашининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича бўлим бошлиғи.

— Келажак авлодни била туриб салоҳиятсиз, ақл-заковатсиз қилиб қўйиш, қадриятларимиздан бебаҳра қолдириш юртга хиёнат бўлса, иккинчидан бу миллат учун жуда катта фожеа. Бугунги йиғилишимизда Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, ҳамда ўтган йилдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури”дан келиб чиқиб, фаолиятимизда йўл қўйилган камчиликлар ҳамда келгусидаги режалар хусусида келишиб олдик. Сабаби, мамлакатниниг нурли келажаги учун қайғуриш барчамизга муқаддас бурч. Биз нуронийларнинг зиммасида эса янада муҳим масала турибди, яъни аҳолининг, айниқса ёшларнинг миллий қадриятларимизга бўлган муҳаббатини ошириш. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам “Биз бугун кўп миллатли халқимизга, барчамизнинг умидимиз ва суянчимиз бўлган ёшларимизга ишониб, маррани катта олмоқдамиз”, дея бекорга баралла таъкидламадилар. Фикри теран, қалби уйғоқ, қаноатли ва садоқатли халқнинг турмуши фаровон, фарзандлари меҳрибон ва қатъиятли бўлади.

Ўтган йил давомида вилоят миқёсида “Маҳаллада ўз ўрнимиз бор”, “Маҳалламизда жиноят содир бўлмаслиги керак” каби мавзуларда онахону отахонлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. Маҳаллаларда ёшлар тарбияси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка сабаб бўлаётган ҳолатларнинг салбий оқибатлари олдини олишда ижтимоий фаол — кекса авлод вакилларини кенг жалб этиш, аҳоли онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги зарур”, деган фитратни шакллантириш бўйича 2300 дан ортиқ тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Қолаверса, кексаларнинг дам олиши ва жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун тадбиркорлар томонидан Термиз шаҳридаги “Аму-соҳили”, Термиз туманидаги “Саловат”, “Термиз”, Сариосиё туманидаги “Гавҳарбулоқ” МФЙларида замонавий, барча шарт-шароитга эга бўлган спорт комплекслари қуриб фойдаланишга топширилди ва ҳозирги кунда ушбу спорт комплексларида 60 ёшдан юқори бўлган 200 дан ортиқ фахрийлар шуғулланиб келмоқда.

Бу саъйи-ҳаракатларимиз замирида минг йиллар давомида барҳаёт анъаналаримизга содиқ қолиш, ҳар бир оилаларда оқибатни юксалтириш, ёшларимиз шуурида ўзига хос маънавият мактаби яратишдек масъулиятли вазифа ётади.

Муҳаббат Бозорова — вилоят кенгашининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича бўлими бош мутахассиси.

— Албатта, ёшлар таълим тарбияси жуда нозик, аммо шарафли вазифани ўзида зоҳир этади. Шу сабабдан кенгашимизда ўтган йилда баркамол авлодни тарбиялашда катта авлод вакиллари билимлари ва тажрибасидан самарали фойдаланиш, ёшлар ўртасида миллий маънавий қадриятлар ва анъаналарни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиб, маҳаллаларда “Нуронийлар — ҳаёт йўлларида таянчимиз ва суянчимиз”, “Уч авлод учрашуви” каби мавзуларда 350 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. Унда 26400 нафар аҳоли иштирок этган бўлса, шундан 16500 га яқинини ёшлар ташкил этгани айни муддаодир.

Айниқса, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари, якка ёлғиз кексалар ҳамда ёши 100 ва ундан ошган табаррук инсонларнинг хонадонларига ёшлар билан ташриф буюриш анъанамизга айланган. Ўтган йилда шаҳар ва туман кенгашлари томонидан 75 нафар уруш ва меҳнат фронти қатнашчиси, 18 нафар 100 ёшдан ошган табаррук инсонлар иштирокида “Ҳамиша эътиборимиз ва эъзозимиздасиз” тадбири доирасида уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Очилди Хидиров —Сенатор, Сариосиё туман “Маҳалла” жамоат фонди раиси.

Бугунги кунда ҳар бир фаол, ёши улуғ нуронийлар ёшларимиз орасида жиноят содир этишга мойил, профилактик ҳисобда турган, тарбияси оғир вояга етмаганлар, нотинч оила фарзандлари ва уларнинг ота-оналари билан олиб бориладиган тарбиявий ишларига бириктирилган. Бунинг натижасида туманда жиноят содир этишга мойил бўлган ҳамда дарсга қатнашмаётган оилалар фарзандлари тарбияси яхшиланишига эришилди.

Аммо Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этганларидек, “2018 йилда 3 минг 205 та маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмагани ҳам шу ишларимиз натижаси, десак, тўғри бўлади. Лекин хотиржамликка берилишга ҳали эрта. Одамлар тинч яшаши учун бутун мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратишимиз шарт”.

Шу мақсадда туман хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар идоралари, “Маҳалла”, “Оила” маркази, маънавият маркази, “Нуроний” жамоат фонди ва ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида янги иш ўринларини яратиш, ёшларга имтиёзли кредитлар олишда ёрдамлашиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ташкил этиб келмоқдамиз.

Албатта, оиланг осойишта, маҳалланг обод, нуронийлар бош-қош бўлса, мамлакатимизда барча соҳаларда ривожланиш бардавом бўлади.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan