Ҳикматлар ижобати

0
65

Тоҳир Маликнинг “Ҳусни хулқ” номли ҳикматлар китобини ўқиганимда, иккита ҳикмат хотирамда ўрнашиб қолди. Улар “Дунё иши-меҳнат уйидир” ва “Дунё саодати яхши, хайрли инсонлар билан қоимдир”.

Бу ҳикматларга асосланиб яшаётган одамлар, бу дунё саодатини яратаётган инсонлардир. Улар биз ёшларнинг ғамхўри, таянчи ва суянчи эканликларини англадим.

Уч йилдан буён олийгоҳда сабоқ оламан. Қилинаётган ишлар, янгиликлар, ўзгаришлардан энг муҳими, талабаларга яратилаётган шароит, таълим сифатини яхшилашга эътибордир. Ўқув йили бошида 1-2-талабалар ётоқхонаси тўлиқ таъмирланди. Ошхоналарга янги газ плиталар, маънавият хоналарига янги телевизорлар ўрнатилди. Ахборот ресурс маркази эрталабдан кечгача ишлайди. Иккита китоб, озиқ-овқат дўкони, дам олиш кунисиз ишлайдиган компьютер хизмати хонаси очилди. Физика-математика факультетининг йиғилишлар ўтказиладиган зали таъмирдан чиқарилди.

Ёшлар билим доирасини кенгайтириш мақсадида олийгоҳда талабалар конференцияси ташкил қилинди. Конференцияда 1-ўринни олганлар қадимий Самарқанд шаҳрини зиёрат қилиш имконига эга. 2-3-ўрин эгалари вилоятимиздаги қадамжоларга боришлари мумкин. Шундай хайрли ишлар билан биргаликда университетда ўқиётган чин етим талабаларга ёрдам фонди ҳисобидан маблағ ажратилиб берилаяпти.

Педагогика факультети талабалари билан ректор учрашуви ўтказилди. Учрашувда яширин овоз билан “Энг яхши ўқитувчи”, “Энг қониқарсиз дарс соҳиби” аниқланди. Энг яхши устозларга маъмурият томонидан раҳматнома айтилди. Бу ҳам таълим сифат ва самарадорлигини оширишнинг янгича усули.

Шу йил май ойида ўтказилган республика фан олимпиадасида ТерДУ талабаларидан 13 киши ғолиб бўлди. Олимпиадада қатнашган 70 нафардан ортиқ талабанинг йўл ва озиқ-овқат харажатлари олийгоҳ томонидан тўланди. Ғолиблар сафида эканимдан ғурурланаман. ТерДУ талабаси дея исми шарифим эълон қилинганда жуда ҳаяжонландим, 3-даражали дипломни олиб, ҳайъат аъзоларига “Нилуфаргули” номли шеърий китобимни тақдим этдим. Бу ютуғимда устозларим педагогика ва психология кафедраси мудираси Муслима Бозорова ва педагогика фанлари номзоди Аҳмед Раҳматуллаевнинг муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлашни истардим.

Бугунги ижтимоий ҳаётимизда, ҳар бир ёш фаолиятида юқоридаги ҳикматлар ижобатини кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз.

Нилуфар ОМОНОВА,
ТерДУ 3-босқич
талабаси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг