Бош саҳифа / Жамият / Ҳикмат айтар гиёҳлар

Ҳикмат айтар гиёҳлар

Бу заминнинг ҳар гиёҳи шеър — ҳикмат айтади, дейишса, буни муболағага йўйгувчилар кўп. Ерда, оёқларимиз остида эзилиб турган бу гиёҳлардан не мужда, не нажот, деймиз. Тағин унинг донишмандона сўзлар айтмоғига-ку асло ишонгимиз йўқ. Сиртдан қилган хулосамиз, фикримиз, демакки муносабатимиз ҳам шу!

Хўб айтилган халқ мақолимиз бор: “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”. Шу мақолни тилга келтиришим билан бир воқеа ёдимга тушади. Яқин дўстим шамоллашдан узоқ вақт хасталаниб ётди, кўп дори-дармон, муолажа қилди. Аммо касаллик маълум муддатдан сўнг яна қайталанаверди. Шунда ибн Синонинг табобатга оид китоби яқин кўмакка келди. Бемор уни умид билан варақлар экан, нафас йўлларининг шамоллашида айнан ширинмия дамламаси яхши даво бўлишини тушунди. Ичилган бу хуштаъм дамлама шамоллашдан тинкаси қуриган танага қувват бағишлаб, бемор тез кунларда тузалиш йўлига ўтди ва қаддини ростлади. Шунда билдики, донишманд халқимиз бежиз бир сўз демас, айтмас экан.

Бугун маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган аксарият шифобахш дамламалардан беморларимиз врач тавсиясига кўра саломатликни тиклаш ва унинг профилактикасида фойдаланиб келишмоқда. Соҳага доир қабул қилинаётган қарорларда ҳам дори воситаларини маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқларини кенг жалб қилиш, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш каби масалалар устувор аҳамият касб этмоқда. Негаки, юртимизда дори воситаларининг асосий хомашёси ҳисобланган шифобахш ўсимликларнинг кўплаб турлари учрайди. Уларни ишлаб чиқарувчиларнинг буюрт маси асосида етиштириш имкониятлари ҳам юқори. Эндиги вазифа, бу соҳада жаҳон тажрибасини ўрганиш ва уни амалиётга самарали татбиқ этишдан иборатдир. Жорий йилнинг 12 – 21 октябрь кунлари олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хамда соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар вакилларидан иборат делегация айни мақсадда Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтди. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси таклифи доирасида уюштирилган ушбу сафарда делегация аъзолари замонавий тиббиёт, хусусан, фармацевтиканинг фан ва технологиялар соҳасидаги ютуқлари, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини жорий этиш механизмлари билан танишдилар. Сафар доирасида хориж тажрибасини ўрганиб, конференцияда делегациямиз номидан маъруза қилган Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали ўқитувчиси Сайёра Бойназарова билан қилган суҳбатимиз ҳам шу ҳақда бўлди.

— Хитойга уюштирилган сафаримизнинг биринчи кунида ҳамкасбим Рустам Муродов ва делегациямиз аъзолари билан Урумчи шаҳридаги Хитой фанлар академиясининг Шинжань физик-кимёвий техника институти ва унинг технопаркида бўлдик. Айтиш жоизки, мазкур инс- титут мамлакатдаги етакчи илмий муассаса ҳисобланади. Бу ерда ўсимликлардан 50 турдаги дори ва препаратлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Институт технопаркида олимлар ғўза гули, шувоқ, мойчечак ўсимликлари, седана уруғи ва нўхат мевасидан турли дармондорилар ва оқсиллар ажратиб олишмоқда. Анор меваси ва пўстлоғидан эса диарея, қандли диабетни даволашда ишлатиладиган дори воситалари ишлаб чиқарилаяпти. Ҳатто мойчечак ўсимлигидан кўрпа-тўшак тайёрланиб, хорижга экспорт қилинмоқда. Шунингдек, ширинмия ўсимлиги қисман биологик фаол қўшимчалар билан бойитилиб, тумов ва грипни даволашда ҳамда иммунитетни оширишда қўлланиладиган дорилар тайёрланмоқда. Атиргулдан парфюмерияда, чой ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилаяпти. Ошқовоқ уруғидан тери касалликларида, ундан олинган махсус мойлардан эса ошқозон ичак касалликларини даволашда ишлатилмоқда. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилишида институт директор ўринбосари, профессор Ҳожиакбар Айсанинг алоҳида хизматлари бор. Уйғур миллатига мансуб олима билан суҳбатимиз қизиқарли кечди. Негаки, тилларимиз, қолаверса, мақсад ва муддаоларимиз ҳам бир-бирига яқин.

Мазкур институтда ўтказилган конференцияда “Ферула (сассиқ коврак) ўсимлигининг шифобахшлик хусусиятлари” номли маърузам иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Шу боис, келгусида ферула ўсимлиги бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишга ҳам келишиб олдик. Ташрифнинг кейинги кунларида Нанкин шаҳрида ўтказилган “Озуқа ва доривор ўсимликларнинг манбалари ҳамда биофаол ингредиентлар” мавзусидаги халқаро илмий симпозиумда иштирок этдик. Дунёнинг турли давлатларидан келган олимлар ўз маърузаларида соҳада жорий этилаётган янгиликлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида қимматли маълумотлар беришди. Ушбу шаҳардаги доривор ўсимликлар етиштириладиган ботаника боғи, фармацевтика компанияси ва Нанкин анъанавий Хитой тиббиёти клиник касалхонасига қилинган танишувларимиз ҳам фойдали бўлди. Шанхай шаҳридаги мулоқотимизда эса Хитой Фанлар академиясининг медицина материаллари институти ҳамда “Яшил водий” фармацевтик компанияси, Шугао госпитали ва биологик фаол моддаларни сақловчи миллий банк фаолияти мисолида ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари, улар учун зарур бўлган дори воситаларининг сифатли етказиб берилишини бевосита кузатдик. Сафарнинг сўнгги кунида Урумчи шаҳридаги Шинжань ўсимликлар гербарийлари базасида сақланаётган ўсимликлар ва улардан фойдаланиш истиқболлари билан яқиндан танишдик.

—   Сафар якунлари билан янги ғоя ва таклифлар ҳам пайдо бўлгандир?

— Албатта, ушбу сафаримиз делегациямизнинг барча аъзолари қатори менда ҳам юртимизнинг бой ўсимликлар дунёси, ундан оқилона фойдаланишимиз зарур, деган хулосаларни пайдо қилди. Тўғрисини айт ганда, бизда ўсадиган ўсимлик ва ноз-неъматлар дунёнинг ҳеч бир гўшасида йўқ. Биз баъзан исроф этаётган неъматларимиздан хорижда аломат ишлаб чиқаришлар йўлга қўйилганини кўриб фақат ҳайратландик. Шуларни анг лаганимиз ҳолда, биз табиатшунослар олдида ҳали қилишимиз зарур бўлган ишларимиз кўп. Университетимизнинг “Ўрмончилик, доривор ўсимликлар етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш” кафедраси олимлари томонидан вилоятимиздаги Бойсун, Кўҳитанг, Боботоғ ўрмон хўжаликларида шартнома асосида доривор ўсимликлар плантациялари яратилмоқда. Хусусан, ферула, заъфарон, зайтун ўсимликлари, олма, анжир, тут каби дарахтлар экилиб, улардан фармацевтика саноатида фойдаланиш учун илк қадамлар ташланди. Истиқболда жасмин, қорағат ва наъматак ўсимликлари плантацияларини бунёд этиш режаларимиз бор. Хориждан қайтганимиздан сўнг, вилоятимизнинг саҳро ўрмонларида солодка ва эфедра ўсимликлари плантацияларини ҳам ташкил этиш, улардан фармацевтика саноатида кенг фойдаланиш таклифларини бердик. Табиат инъомларидан оқилона фойданалиш эса юртимиз иқтисодиётига ҳам улкан самара беради.

Дарҳақиқат, суҳбатдошимиз таъкидлаганидек, она табиатнинг халқимизга берган неъматлари бисёр. Унга муносабатда, албатта, юқоридаги мулоҳазаларни ёдда тутмоқлик зарур. Олдимиздан оқаётган сувни оқиб ўтганидан сўнг эмас, балки ўз вақтида қадрлайлик ва ибрат кўрсатайлик.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan