Бош саҳифа / Жамият / Икки йиллик муаммо

Икки йиллик муаммо

ёки Узунда қурилган янги бозорга қачон йўл очилади?

2018 йил Узун тумани марказида жойлашган бозор бузилгач, 80 дан ортиқ тадбиркорлар жойсиз сарсон-саргардонликда қолишган эди. Чунки эски бозор Обизаранг дарёсининг муҳофаза зонасида жойлашганди.

Шундан сўнг, бозор ўрнининг катта қисми бошқа бир тадбиркорга берилиб, у ерда ресторан ва ёзги павильон қад ростлади. Тадбиркор Алижон Аминовнинг айтишича, қад кўтарилаётган ресторан Обизаранг дарёсининг муҳофаза зонаси ҳудуди учун жой қолдирилиб, кейин қурилаяпти.

Жойсиз, дўконсиз қолган тадбиркорлар учун эса туманнинг бошқа бир ҳудудида замонавий деҳқон ҳамда буюм бозорлари қуриб битказилган. Энг қизиғи, янги дўконларни қуришда тадбиркорлар ўз ҳисобидан маблағ сарфлашган бўлса-да, тадбиркорларнинг аксарият қисми у ерга боришмаган. Ҳалигача янги бозордаги 170 та дўконнинг эшиги қулфланган ҳолатда турибди. Чунки у ерга аҳоли бормагани сабабли тадбиркорларнинг ҳам савдо-сотиғи ўлган. Унда муаммо нимада?

Маълумки, Узун тумани марказидан темир йўл ўтган. Эски бозор Термиз–Душанбе темир йўлининг ёқасида, ўнғай жойда жойлашган эди. Янги бозор эса темир йўлнинг нариги бетида. У ерга одамлар темир йўл устидан ўтган кўприк орқали 800 метр пиёда йўл юриб боришлари, автомобиллар эса темир йўлни айланиб, 5 километр босиб ўтиб боришлари мумкин. Йўлнинг ўнғайсизлиги сабабли туман аҳолисининг асосий қисми янги бозорга бормайди. Натижада, савдо-сотиқ ҳам бўлмайди. Тадбиркорлар эски бозорнинг бузилган қисмида ёйма ҳолда, айримлари эски бозор атрофидаги дўконларни ижарага олиб, амаллаб кун кўришяпти.

Муаммога барҳам бериш учун эса кунига икки марта поезд ўтадиган темир йўл перезди очилиши ва у ерда шлагбаумлар ўрнатилиши лозим. Ва шу орқали янги бозорга аҳоли учун қулай янги йўл очилиши керак. Бу ҳолат бўйича оммавий ахборот воситаларида ҳам чиқишлар қилинди, бундан туман ҳамда вилоят мутасаддилари ҳам хабардор бўлишса-да афсуски, ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Бугун кўпчилик ёшларимиз, оила бошлиғи саналмиш эркакларимизнинг чет элга ишлаш учун кетаётгани ҳақида ачиниб, куюниб гапирамиз. Аммо мана шу каби жиддий муаммолар яна неча-неча фарзандларимизнинг, қолаверса, тадбиркорларимизнинг ишсиз қолишига сабаб бўлаяпти. Энди айтингчи, савдо-сотиғи ўлган тадбиркор одамларни ишли қилиш тугул рўзғорини ҳам бутлай олмаяпти.

 Ахир қачонгача шу тарзда беэътибор яшаймиз? Агар муаммо ижобий ечим топса, минга яқин иш ўрни очилади. Бу шунча кишининг “қора қозони қайнайди”, дегани.

Ушбу масала бўйича ҳудудимизга ташриф буюрган Бош вазир А.Ариповга тўғридан-тўғри оғзаки мурожаат қилган эдим. Бош вазир шу жойнинг ўзида мутасадди ташкилот раҳбарларига муаммони бартараф этиш борасида топшириқ берди. Шундан сўнг мутахассислар келиб, муаммони ўрганиб кетишди. Мана бир ойдан ошди ҳамки, на хат-хабар бор, на бир жавоб. Ёки танаси бошқа дард билмас деганлари шумикан?

Қурбон ШУКУРОВ,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan